Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариТелемухбир фирибгарлик туфайли қамалди

Телемухбир фирибгарлик туфайли қамалди

Учкўприк туманида яшаган, журналистлик фаолиятини Фарғона вилоятидаги нодавлат телеканалларнинг бирида олиб борган Дилафрўз Раимова (исм-шарифлари ўзгартирилган) сўнгги 14 йил мобайнида фирибгарга айланди-қолди. Аксинча, у айнан фирибгарлиги учун 9 маротаба судланмаган бўларди. Ёки биринчи маротаба – 2009 йилда судланиб, 3 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этилганда қилмишидан ўзига тўғри хулоса чиқариб, аҳлоқан тузалар эди. Ундан кейин ҳам Д.Раимовага 7 маротаба озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган енгил жазолар тайинланган. Бироқ у жиноий фаолиятини яна давом эттиради. Энг ажабланарлиси, 7,8 ва 9 маротаба судланишида муайян муддатга телевидение соҳасида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса-да, собиқ телемухбир ўнинчи фирибгарлигини ҳам айнан телевидение билан боғлиқ ҳолда содир этади.
Гап шундаки, Дилафрўз опа дастлаб фуқаро Юлдузхон Маматқуловани чув туширади. Яъни унга 2022 йил 18 март куни бўлиб ўтадиган “Дийдор-ширин” кўрсатувида иштирок этса, “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинацияси бўйича ғолибликни ва мукофот тариқасида “Нексия-3” автомашинасини олиб беришга ишонтиради. Қўқон шаҳар 1-сонли оилавий поликлиника бош шифокори Зиёдахон Ҳасанжоновани эса “Йилнинг энг яхши шифокори” номинацияси бўйича ғолибликни олиб бераман,-оғиз кўпиртириб ваъда беради фирибгар. – Ғолибга “Нексия-3” автомашинаси совға тариқасида топширилади. Аммо бир шарти бор. У шундай деб З.Ҳасановага “Нексия-3” учун 40 фоиз миқдорида олдиндан тўловни амалга ошириши лозимлиги, ҳомийлар эса қолган 60 фоизини қоплаб беришини айтади. Ҳатто гаплари ишонарли бўлиши учун Зиёда опадан ҳайдовчилик гувоҳномаси бор-йўқлигини ҳам сўрайди. Агар машина ҳайдашни билмаса, ўзи билан бирга кўрсатувга таниш ҳайдовчисини олиб бориши мумкинлигини эслатиб ўтади. Энди ўзингиз ўйланг, бунақанги “қуюқ” ваъдага ким ҳам ишонмайди дейсиз?
Бинобарин, поликлиника бош шифокори 39.025.000 сўм пулни “қаҳрамон”имизнинг қўлига тутқазади.
Бундан ташқари, у яна бир кишини “Йилнинг энг ёш тадбиркори” деб эълон қилишини, ғолибига “Tracker” автомашинаси туҳфа этилишини ва яна 3 нафар фуқарога турли номинациялар бўйича ғолибликни ваъда қилиб, уларнинг 171 миллион сўм пулини қўлга киритади. Лекин 2022 йил 18 март кунги тасвирга олиш жараёнида номлари тилга олинган ҳамюртларимизга номинациялар ғолиблиги берилади-ю, ваъда қилинган автомашиналар насиб этмайди.
Шундан кейин Дилафрўз Раимова “Дийдор ширин” кўрсатувининг 2022 йил июнь ойида намойиш этиладиган сонига “иштирокчи”ларни “саралаш”ни бошлайди. Жумладан, 2022 йил 19 май куни Учкўприк туманида яшовчи Нафисахон Парпиева билан учрашиб, “Дийдор-ширин” кўрсатувида иштирок этса, “Йилнинг энг яхши намунали оиласи ” деб эълон қилинишига ишонтиради. Хуллас, журналист хоним ана шундай усулда яна 3 нафар фуқаронинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб, 242 миллион пулни қўлга киритади. Аммо бу маблағлар ҳам аввалгилари сингари унинг шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфланади.
Устамонликни қарангки, Дилафрўз опа пул берган фуқароларни ишонтириш мақсадида кўрсатувни ғолибларга сертификат топшириш тантанаси тарзида ташкил этади. Сертификатларни топшириш учун эса “Дийдор ширин”га Фарғона вилоят ҳокимлиги мансабдорларидан бирини таклиф қилади. Бироқ вақт ўтиши билан жабрланувчилар тақдирлаш маросими ҳам Д.Раимованинг навбатдаги “сценарийси” эканлигини англаб етишади. Яъни ваъда қилинган машиналарни гўёки тушларида кўргандек алданиб қолаверадилар. Охир-оқибат улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этишади.
Шундан сўнг Дилафрўз Раимовага нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Тергов жараёнида эса яна бир ажабланарли ҳолат юз беради. Гап шундаки, мазкур ишни олиб бораётган терговчи жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш учун унга 10 кун муҳлат беради. Лекин айбланувчи ана шу муҳлат мобайнида моддий зарарларни қоплаш ўрнига фуқаро Шаҳноза Юсуповага нисбатан ҳам фирибгарлик қилади. Яъни “Дийдор ширин” кўрсатувининг 2022 йил 9 август куни намойиш этиладиган сонида “Йилнинг энг ёш тадбиркори” номинацияси бўйича ғолибликни ва “Tracker” автомашинасини олиб беришини айтиб лақиллатади. Машина баҳосининг 40 фоизи эвазига Шаҳнозадан 3000 АҚШ доллари ҳамда 55 миллион сўм нақд пул олади. Аммо 9 август куни кўрсатувда иштирок этиш учун телевидениега борган Ш.Юсупова чув тушганини англаб етади. Д.Раимовага эса бир кун олдин – 2022 йил 8 август куни аввалги фирибгарликлари учун қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганидан хабар топади.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди мазкур ишни кўриб чиқди. Натижада Дилафрўз Раимова Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш ҳам белгиланади.

Нодиржон КИМСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Қўқон
шаҳар судининг судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз