Бу ҳаётда нотўғри ташланган ҳар бир қадам, умрнинг ҳар бир лаҳзасига масъулиятсизлик билан қараш ҳеч қачон жавобсиз қолмаган. Очиқ суд мажлисида 35 ёшида 5 маротаба судланаётган Ботир Хуррамов (исм-шарифлар ўзгартирилди) билан боғлиқ жиноят иши мазмунан кўриб чиқилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Судланувчи Ботир Хуррамов 2021 йил 26 март куни “Халқлар дўстлиги” МФЙ, Ғалаба кўчасида ўзига тегишли кўчма дўконда тамаки маҳсулотлари сотиб турган вақтида ушбу ҳудудда жамоат тартибини сақлаш учун бириктирилиб, ўз хизмат вазифаларини олиб бораётган Миллий гвардия Наманган вилоят бошқармаси ходимлари жабрланувчилар В.Каримов ва Б.Абдурахимов унинг олдига келиб, ундан яқин ўртада матбуот дўкони борлиги ҳақида сўраганида Б.Хуррамов спиртли ичимликдан маст ҳолда бўлгани боис ҳеч бир сабабсиз уларни уятли сўзлар билан хақоратлаб, шаънини қасддан таҳқирлаган.
Шундан сўнг Б.Хуррамовга хизмат вазифасини бажараётганликларини тушунтириб, жамоат жойида ҳақорат қилмаслигини, спиртли ичимликдан маст ҳолда бўлгани учун уйига кириб кетишини талаб қилинганида Б.Хуррамов уларни ҳақорат қилишда давом этиб, бақир-чақир қилаверганидан сўнг унга қонуний чора кўриш учун ИИБ биносига олиб боришмоқчи бўлишганида уларга фаол қаршилик кўрсатиб, машинага чиқишдан бош тортиб, Б.Абдурахмоновнинг юз қисмига қўли билан қасддан уриб, унга соғлигини бузилишига сабабчи бўлмаган енгил жароҳати етказган.
Суд давлат айбловчисининг хулосасини, ҳимоячи фикрини, судланувчи Ботир Хуррамовни, гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ва судга тақдим этилган далилларни атрофлича ўрганиб чиқиб, Б.Хуррамовни Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми “а” банди ва 219-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Нодиржон Раимқулов,
жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди судьяси