Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлардаги “Масжиддаги ўғрилик” ҳақидаги хабарлардан кимдир ҳайратланса, яна кимнингдир эса асло ишонгиси келмайди. Галдаги ўғрилик ҳам масжидда содир этилган ва у кузатув камераси ёрдамида фош этилган.
Эндигина 23 ёшни қаршилаган Аъзам Шайдоев (исм-шарифлар шартли) “хавфли рецидивист” мақомини олишга улгурганлар сирасидан.
У ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, 5 февраль куни тахминан соат 16:00 да, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Қорасу-6 мавзесида жойлашган Олтинтепа масжидининг таҳорат қилиш хонасида қолдирилган Аброр Акбаровнинг костюмининг чўнтагида бўлган 400.000 сўм пул ва нархи 1.300.000 сўм бўлган “Magiccar” русумли автомашина қўриқлаш пультини яширин равишда ўғрилаб, воқеа жойидан яширинган.
А.Шайдоев ўзининг жиноий ҳаракатлари билан жабрланувчи А.Акбаровга жами 1.700.000 сўм миқдорида моддий зарар етказган.
Суд мажлиси давомида Аъзам Шайдоев содир этган жиноятига иқрор ва пушаймонлигини билдирди.
Судда сўралган жабрланувчи А.Акбаров суд мажлисида, 5 февраль куни соат 16:00 да намоз ўқиш мақсадида Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Олтинтепа масжидига кирганлигини, таҳорат қилиш мақсадида кийим алмаштириш хонасида ўзининг қора рангли костюмини ечиб илиб қўйганлигини, таҳорат қилиб бўлганидан сўнг, костюмини қайта кийиб, ибодат қилиш учун кириб кетганлигини, намоз ўқиб бўлганидан сўнг, автотураргоҳда қолдирган “Spark” русумли автомашинасининг олдига борганида костюмининг чўнтагида бўлган автомашина пульти ва 400.000 сўм пул йўқлигини билганлигини, масжидга ўрнатилган видеокузатув камералари орқали А.Акбаров унинг костюмида бўлган пульт ва пулни олганлигини билганлигини, шу сабабли Мирзо Улуғбек тумани 1-сонли ИИБга ариза билан мурожаат қилганлигини, ҳозирда судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини айтиб, судланувчига нисбатан жазо тайинлашни судга ҳавола қилишини билдириб, кўрсатув берди.
Суд томонидан судланувчи Аъзам Шайдоевни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, муқаддам судлангани ва ишдаги далилларга таяниб қонунда кўрсатилган озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинланди.
Санжар Абдуганиев,
жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси