Яшин АҲМАДОВ,
Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали директори:
Қишнинг совуқ кунларида бир қатор мавсумий касалликлар авж олади. Шулардан бири — ревматизм. Унга кўпроқ 7-15 ёшли болалар чалинади ва хасталик ўғил-қизларда катталарга нисбатан оғирроқ кечади.
Ревматизмни келтириб чиқарувчи энг асосий омил — оёқда ўтказилган сурункали тонзиллит. Яъни тез-тез томоғи оғриб турадиган болалар ангинаси ўз вақтида даволанмаса, 10-14 кун ўтгач, беморда ревматизм ривожланиши мумкин.
Унинг ўткир шаклида ангинадан тузалган беморни маълум муддат ўтиб, яна юқори ҳарорат безовта қилади. Тирсак, билак-кафт усти, тизза, болдир-оёқ панжаси бўғимлари ва танасининг бошқа қисмлари қизариб, шишади.
10-12 кун ўтгач, полиартритга хос барча аломатлар йўқолади. Аммо мазкур ҳолат вақтинчалик бўлиб, хасталик чоғида юракнинг мушак қавати, клапанлари, ташқи пардаси зарарланади. Хусусан, бу ҳолат юрак нуқсони шаклланишига олиб келади.
Ревматизм бошқа аъзо ва тўқималар, чунончи, нерв тизимида ҳам жиддий асоратларни келтириб чиқариши мумкин. Бунда боланинг оёқ-қўллари беихтиёр учиб туради, ўта қўзғалувчанлик, тез толиқиш кузатилади.
Хасталикнинг ўткир босқичида бемор, одатда, шифохонада муолажа олади. Касалхонадан чиққач ҳам узоқ вақт шифокори кузатувида бўлади.
Ҳолсизланиш, тез чарчаш, рангпарлик, иштаҳа пасайиши, кечқурун тана ҳарорати кўтарилиши, баъзан бош оғриғи, юрак ўйнаши, ҳансираш, бўғимлар соҳасидаги тери остида майда, қаттиқ ва оғриқсиз “ревматик тугунчалар” ҳамда пушти, ҳалқасимон тошмалар ревматизмга хос аломатлардир.
Бу касалликдан асаб тизими шикастланганда, боланинг кайфияти ва хулқ-атвори ўзгариб, беҳаловат, эътиборсиз ва сержаҳл бўлиб қолади. Унинг хотираси пасаяди.
Бемор беихтиёр тартибсиз, беўхшов ва кераксиз ҳаракатлар қилади. Унинг кўзлари пириллайди, юз мушаклари тортилади. Натижада бола ўзи мустақил кийиниб-ечина ва овқатлана олмайди. Шунингдек, туртиниб-суртиниб юра бошлайди.
Қайталама ревматизм даврида организмда иммунологик ва биокимёвий бузилишлар содир бўлиб, юракда яллиғланиш жараёни кучаяди.
‼️Ревматизмга фақат мутахассис томонидан тегишли текширувлардан сўнг аниқ ташхис қўйилиши мумкин. Агар ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинса, беморни муваффақиятли даволаса бўлади.