Фуқаролик ҳуқуқий муносабат иштирокчилари ўртасида вужудга келаётган низоларини суд тартибида ҳал қилиш кўп ҳолатларда тарафлар учун зиддиятни бартараф этишнинг энг маъқул воситаси ҳисобланмайди ҳамда кўпинча сезиларли суд харажатларини, шахсий ва иш муносабатларига қайта тикланмас зарар етказади, шунингдек, низоли ҳолатларнинг исталмаган ҳолда ошкор бўлишига олиб келади. Айнан шу сабабларга кўра умумий юрисдикция судларига келиб тушадиган низолар сонини камайтириш мақсадида ишларни ярашиш тартибида ҳал қилиш масаласи долзарб мавзу ҳисобланади.
Кўп асрлар давомида медиация давлатлараро алоқаларда, оилалар, қўшнилар, сиёсий партиялар, профессионал, диний ва бошқа жамоатчилик гуруҳлари ўртасида ва парламентда юзага келадиган низоларни баратараф этишда муваффақиятли қўлланилди. Айни вақтда медиация ва унинг таркибига кирадиган усулларнинг аҳамияти беқиёс бўлиб, у нафақат оила
ва меҳнат низоларида, балки, ҳар қандай даражадаги мулкий муносабатларда, жумладан, компаниялар, корпорация менежменти ва унинг акциядорлари ўртасидаги, шунингдек, халқаро ҳуқуқ субъектлари орасидаги
қарама-қаршиликларни бартараф этишда қўлланилмоқда.
Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича медиация фуқаролик-ҳуқуқий низоларни ҳал этишда жуда самарали ҳисобланади.
Жорий йилнинг 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган “Медиация назария-амалиёт ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбати ҳам айнан мазкур масалага бағишланди.
Ҳозирги кунда Адлия вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари томонидан 400 га яқин медиаторлар тайёрланиб сертификатлар берилган.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази, Тошкент медиация маркази, Ўзбекистон Республикаси нотариал палатасининг вакиллари, нотариуслар ва медиаторлар иштирок этиб, соҳадаги амалга оширилаётган ишлар ҳамда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича фикр алмашишди.
Хусусан, медиаторлар тайёрлашнинг замонавий усуллари, медиация институтини ривожлантиришнинг ташкилий-хуқуқий масалалари, профессионал медиаторларни тайёрлаш буйича хорижий тажриба, низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларини қўллаш, медиация соҳасида қонунчиликни ривожлантириш истиқболлари масалаларида фикр-мулоҳазалар ҳамда соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилган таклифлар билдирилди.
Шу билан бирга, тадбирда иштирок этган мутахассислар ва медиаторлар томонидан мазкур соҳани кенгайтириш, ижтимоий муносабатларнинг маълум бир соҳаларига ихтисослашган медиаторларни тайёрланиши янада ўз самарасини бериши қайд этилди.
Тадбир якунида соҳа фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди