Президентнинг “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш учун республика ҳудудидан транспорт орқали чет элга жўнаб кетиш вақтида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан:
- Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг электрон маълумотлар базасида рўйхатдан ўтган, вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқаролар учун плацкарт ва умумий вагонларга бўлган темир йўл билетларининг нархларига 20 фоиз миқдорда чегирмалар берилиши йўлга қўйилган.
- Вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш учун республика ҳудудидан ташқарига жўнаб кетаётган фуқароларга халқаро тўлов тизимлари (Western Union, Contact ва бошқалар) орқали транспорт ва бошқа харажатларни тўлаш, уларнинг йўл юриши даврида, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш ва хорижда ишга жойлашиши учун эквиваленти 1000 АҚШ доллари миқдорида кредитлар бериш жорий жорий этилган.
Президентнинг “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги Фармонига асосан:
- Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан меҳнат мигрантларига — тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда микроқарзлар берилади. Кредит учун банк томонидан белгиланган шаклдаги ариза, қарз олувчи ва қўшимча тўловчининг паспорти ва меҳнат органининг илтимосномаси каби ҳужжатлар талаб этилади.
- Ушбу Фармон асосида суғурта компанияларига — йилига бир маротаба хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини ҳамда бошқа таваккалчиликларни суғурталаш бўйича суғурта мукофоти суммасини қоплаш учун суғурталанган ҳар бир меҳнат мигранти учун 50 минг сўм миқдорида бир марталик субсидиялар тақдим этилади.
Президентнинг “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан:
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оила аъзоси сифатида эътироф этилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган шахсларга микроқарзлар берилади.
Микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш (шу жумладан, йўл ҳақини тўлаш ва меҳнат фаолиятига рухсат олиш) билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда бир йил муддатга берилади.
Микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми компенсация қилинади.
2021 йил 1 январдан бошлаб меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилади. Уларга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади.
Ўзини ўзи банд қилган шахслар ўзига пенсия ҳисобланиши ва иш стажига эга бўлиши учун БҲМнинг 50 фоизидан кам бўлмаган миқдорда (бугунги кунда 150 минг сўм) ижтимоий солиқ тўлайди.
Солиқ кодексининг 369-моддасига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилади.
Президентнинг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан:
- ҳар йили ҳоким ёрдамчилари ёзма тавсияномасига асосан:
- боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга БҲМнинг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
- меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади;
- меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистонда улар билан бирга яшовчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма берилади.
- Бундан ташқари, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “дафтарлар”дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар берилади.
Мақсуд МУСТАФОЕВ,
“Адолат” миллий ҳуқуқий
ахборот маркази масъул ходими