Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистон“Меҳрибонлик уйи” битирувчиларига бир сўз билан таърифлаб...

“Меҳрибонлик уйи” битирувчиларига бир сўз билан таърифлаб бўлмас бахт насиб этди

Ўзбек  азалдан саховатпеша, сахийқалб халқдир. Тарихий манбаларга ҳам эътибор қаратсак, ўзбек деган сўзнинг ўзига бек, дилтортар, одамохун, суюкли, сахий деган маъноларни  англатишига гувоҳ бўламиз. Бу ном бизга бежиз инъом этилмаган. Бу миллат аҳли номига ҳам, жисму-жонига ҳам саховатпешалик жо бўлган.

Динимиз тарихига ҳам назар ташлайдиган бўлсак, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Мен билан жаннатда ёнма-ён”, деганларида, саҳобалари: “Кимлар сиз билан ёнма-ён” — деб сўрадилар. Шунда ул зот: “Етимнинг бошини силаган инсон”, — деб жавоб бердилар. Ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам халқимиз етимларнинг бошини силаб, уларга меҳр-мурувват кўрсатишни, қўлидан келганча ёрдам беришни инсонийлик бурчи деб билади.

Юртимизда ҳеч бир ҳимояга муҳтож бола эътиборсиз қолмайди. Давлатимиз ғамхўр, Юртбошимиз раҳнамо. «Меҳрибонлик уйи»га қабул қилинган болаларнинг кўзида илк кунларда  эртанги кунга умидсизликни, чексиз армонларни  кузатамиз. Уларнинг қалбида меҳрсизлик, руҳиятида  тушкинлик,   худбинлик, нафрат каби туйғулар мавжуд бўлиши табиий.  Муассасада уларнинг ҳаётга,  шароитга мослашиши, жамиятда ўз ўрнини топиши учун олдимиздаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда тарбиявий машғулотлар, турли соҳа вакиллари билан давра суҳбатлари, ўзининг қизиқишларини инобатга олган ҳолда қўшимча дарс машғулотлари, шу билан бирга касбга йўналтириш мақсадида қилинадиган ишлар натижасида болажонлар қалбида умидсизлик ўрнига эртанги кунга ишонч, инсонларга меҳр, Ватанга садоқат ва шукроналик  пайдо бўлади.

Айниқса,  Президентимизнинг   ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган болалар учун кўрсатаётган ғамхўрлиги ва эътибори юртимиз эртаси бўлган ёшларни Ватанга муносиб фарзанд бўлиш масъулиятини қалбига жойлайди. Биз ўйлаймизки, бундай эътибор ва эъзозда ўсган ёшлар юртимизга муносиб фарзандлар бўлиши шубҳасиздир.

Давлатимиз  раҳбари ҳар йили Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида меҳрибонлик уйлари, етим ва ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор таклифларни билдирди. Жумладан,  Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги  Мурожаатномасида ҳам 2021 йилда биринчи марта бюджетдан 900 нафар чин етим ёшларни уй-жой билан таъминлашга 50 миллиард сўм ажратилади, деган таклифлари бу юртда инсон тақдири, муҳтожларнинг кўнгли ҳар нарсадан улуғ эканлигини яна бир бор исботлади.

Ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни иш ва уй-жой билан таъминлаш ҳар доим давлат ва жамиятнинг асосий масалаларидан бири бўлган. Тасаввур қилинг, эндигина оила қуриб, рўзғорнинг камини тўлдиришга қўли калталик қилаётган бу ёшлар фарзанд кўришади. Бир отанинг маоши она, бола, оила харажатларига етмай қолади. Моддий қийинчиликларни рўкач қилиб, оила ажрим ёқасига боради. Куни кеча ҳавас деб орзу қилиниб, туғилган бола бугун “ортиқча” деб, “Меҳрибонлик уйи”га топширилади. Ўзлари эса ҳаётнинг енгил завқларига мағлуб бўлиб, яшашга одатланишади. Бундай  нохуш ҳолатларнинг  такрорланмасилиги учун  ёш оилаларга ёрдам кўрсатиш айни муддаодир. Шундагина улар ўз ҳаётида содир бўлган хатолар ва руҳий тушкунликларни фарзандлари ҳаётида қайта такрорламайди.

Юртбошимиз ўз Мурожаатномасида белгилаб берган устувор вазифалар   гарчи узоқни кўзлаган, бир йиллик режалардан иборат бўлса-да, уларнинг  бунчалик тез ҳаётга татбиқ этилишини тасаввур ҳам қилмагандик.  Куни кеча Навоий  вилоят ҳокимлиги томонидан қўнғироқ қилишди ва  менга вилоят ҳокимлиги биносига тезда етиб келишим тайинланди. Сабабини сўрашга  ҳам улгуролмай  қолдим.  Хавотирда  ҳаяжон билан ҳокимият биносига кириб бордим. Мени тезда вилоят ҳокими ҳузурига олиб киришди.   Вилоят ҳокими бугунги кунда чин етимларга ҳаётда ўз ўрнини топишда ёрдам бериш, уй-жой билан таъминлаш нафақат вазифамиз, аввало, инсоний бурчимиз эканини таъкидлади. Шу бурчни чин дилдан бажарган ҳолда “Меҳрибонлик уйи”ни битирган ёшлардан  Муборак ва Максим Гришмановский,  Ситора ва Руслан Сорокинлар оиласига, Шаҳло ва Латофат Раҳмонова ҳамда Тошпўлот Раҳмоновларга   шаҳримиздаги кўп қаватли уйлардан икки хоналик хонадон ҳадя этилади деганларида,  тилим сўзга айланмай қолди, кўзларимга ёш  келди. Она сифатида фарзандларимни ўз уй-жойларига эга бўлишларини, улар ҳам ҳеч кимдан кам бўлмай яшашларини ҳис қилиб дилдан қувондим ва шундай меҳрибон Юртбошимиз, саховатпеша инсонларимиз борлиги учун Оллоҳга шукрона айтдим.

2021 йилнинг 9 январь куни Ёшлар марказида ўтказилган тадбирда   болажонларимиз билан иштирок этдик. Тадбирда вилоят ҳокими, сенатор Қ.Турсунов  вилоятимизда ҳар соҳада ўрнак бўлган  илм-фан, спорт соҳасида ютуқларга эришган ёшларимизга вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон ёшлар ишлари Агентлиги ташаккурномаси ва эсдалик совғаларини топширди. Тадбирнинг энг   ҳаяжонли дақиқаларида “Меҳрибонлик уйи”ни битирган 3 нафар ёш оилага  янги хонадон калитлари топширилди. Бу лаҳзаларни сўз билан ифодалаш қийин, албатта. Меҳрга зор ёшларга кўрсатилган бундай мурувват ва саховатдан уларнинг бошлари кўкка етди. Уларнинг кўзларидаги қувонч ёшларини кўрган ҳар қандай кишининг юрагини сўз билан таърифлаб бўлмас улуғ туйғу эгаллаб олиши шубҳасиз.

Дилбар ОРЗИЕВА,
Навоий шаҳридаги   “Меҳрибонлик уйи”
директори, сенатор

 

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз