МЕҲР СОТИЛМАЙДИ… НОНКЎРЛИКНИНГ УВОЛИ ЁМОН!
Қирғинбарот уруш йилларида одамлар очликдан, муҳтожликдан эзилиб, ҳамма нарсасини сотиб, очликдан силласи қуриган болаларига бир бурда нон олиб берганлигини кўп эшитганмиз. Ўшандай оғир йилларда ҳам одамлар ҳамма нарсасини, бор- будини сотса ҳам, ҳеч ким боласининг бешигини сотмаганлигини ҳар гал эслаганда, юракни шарҳсиз туйғулар эгаллаб олади. Жонсиз ёғоч буюмга шу қадар эҳтиромда ўзига хос меҳр борлиги бизнинг ўзбекона ўлмас қадриятимизга айланганлиги кўнгилга ғурур бағишлайди.
Бугун-чи, бугун? Бешик эмас, ўз боласини сотаётганларни кўриб ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу борадаги жиноятлар сони ортганлигини шарҳлаётган масъул раҳбарлар эса юксак минбарларда туриб, бу ҳолатни изоҳлашга келганда: “Балки шунга мажбур бўлгандир…” деган ҳақсиз иқрорлар, ўтмас баҳоналар билан қаршингизга чиққанига ҳайрон қоласиз. Ажабо, онани ўз дилбандини сотишга нима мажбур қилиши мумкин? Эътибор қилганмисиз, ҳатто ақл-идроки йўқ энг йиртқич жонзотлар ҳам боласига яқинлашмоқчи бўлганларни тилка-пора қилиб ташлашга тайёр туради.
Шундай дориломон замонда тез-тез учраётган бундай энг бахтсиз ҳодиса, бундай кўргулик машъум урушнинг қора кунлари хотираларини ҳам ёдга солиб туради. Ахир ҳатто уруш йилларида турмуш ўртоғидан қора хат келганида 21 ёшда бўлган қишлоғимизнинг бахтсиз аёли- Нозик аяси ҳам 3 та норасида бола билан ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз қолганида болаларини сотиш эмас, ҳатто уларни мактаб-интернатга топширишни хаёлига келтирмади, кўзи қиймади-ку. Ночорликни, жудоликни енгиш учун туну кун далада ишлади, ариқ қазиди, пахта далаларида сувчилик қилди, томорқадан ризқу насибасини териб олди, эркакларга ҳам оғирлик қиладиган юмушларни бажаришдан бош тортмади. Онанинг меҳри болаларга қанот бўлди. Ота меҳридан айрилган ўғил-қизларини ўкситмади. Урушнинг доғини кўрган болалар яхши инсон бўлиб вояга етди, онаизорнинг суянчиғи бўлди. Элнинг, юртнинг корига ярайдиган ажойиб фарзандларни тарбиялаб элга қўшишди. Бугун бу оиланинг давомчилари ҳар бир жабҳада ўз ўрнини топган яхши мутахассислар сифатида элга хизмат қилаяпти. Бу каби мисолларни эса бир эмас, минглаб келтириш мумкин.
Она учун фарзандини зебу зарга, молу дунёга алмаштирадиган бирорта асос, бирорта сабаб, бирорта баҳона йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас! Оналар жар ёқасида ҳам, ўлим тўшагида ҳам сўнгги нафасигача болам деб яшайдиган зот эмасми?
Онани йўқчилик эмас, тўқчилик, бағритошлик, шафқатсизлик, ўз тинчини ўйлаш, “енгил” ҳаёт, ношукурлик, нонкўрлик, энг ачинарлиси, Ватанга хиёнат Оллоҳ берган улуғ неъматни сотишга мажбур қилиши мумкин.
Бугун ана шу меҳрсизик ва оқибатсизлик, ана шу хиёнат туфайли “Меҳрибонлик уй”ларида тарбияланаётган ўғил-қизларнинг аксарияти отаси ёки онаси борлар эканлигида яққол кўринаяпти. Меҳр-оқибатнинг таназзулини “Меҳрибонлик уйи”да боласини қолдириб, ундан бир бора хабар олмаётган ота-оналар, алал-оқибатда оналик ва оталик ҳуқуқидан маҳрум қилинган кимсалар ҳам ўзбеклигига ишонгингиз келмайди. Аммо бу аччиқ ҳақиқатлардан кўз юмиш қийин. Нонкўрликнинг эса уволи ёмон.
МЕҲРНИ МИНГ ДОЛЛАРГА СОТГАН ОНА
Меҳринисо Халилова асли қишлоқда туғилиб ўсган. Дарвоқе айтиб қўяйлик, исми-шарифлар ўзгартирилган, аслида бундайларнинг номини очиқ-ойдин ёзиш керак эди-ю, афсуски, ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ва касб этикаси бунга йўл қўймайди. Маълумоти ўрта. Икки марта оила қуриб, икки марта ҳам унга бахт кулиб боқмаган, ажралган. Биринчи турмуш ўртоғи Зафар Шодиев билан ўрталаридаги уч ёшли ўғли Азизжонни сотиб, бой бўлмоқчи бўлган бу замондошимиз она деган номга номуносиб аёл.
Ўзбошимчалик қилиб, ота-она розилигини олмасдан қурилган оиласи барбод бўлгач, қўлида ёш боласи билан она уйига қайтган қиз бир муддат ота -онаси билан яшайди. Тақдир синовлари, ҳаёт ташвишларини ақл билан енгиш, ечиш ўрнига боласини олиб, Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетишга қарор қилади. Бир муддат Қуйлиқ массивидаги фирмалардан бирида ошпаз бўлиб ишлайди. Кунларнинг бирида у ота-онасини кўришга қишлоғига қайтиб, орадан ҳеч вақт ўтмай яна Тошкентга кетиш тараддудини кўрди. Туман марказига келиб, такси гаплашаётганда, эски таниши Моҳирани учратиб қолди. Моҳира она-болаларни яқин атрофдаги ўз уйига таклиф қилди ва уйга келгач, ўз режаларини, кутилмаган таклифларини айта бошлади. У Меҳринисога боласини фарзанди йўқ танишларидан бирига фарзанд кўргунча вақтинча бериб туриш таклифини билдирди. Меҳринисо рози бўлмаганига қарамасдан таниши билан уни учраштиришга ҳаракат қилди. Ҳоли-жонига қўймагач, улар Навоий шаҳрига йўл олишди. Кармана туманида эр-хотин Содиқовлар уларни кафеда кутиб олди. Нонуштадан сўнг улар мақсадга кўчди. Ўз уйини, шароитларини кўрсатишга Меҳринисони кўндиришди. Хонадонга боргач, уларнинг шароитлари яхшилигини кўргач, боласини уларга беришга рози бўлганлиги туш эмас, айни ҳақиқат. “Савдо” шу қадар тез битдики, болага “харидор”лар фарзандфуруш онага келишилган 100 АҚШ доллари ва 8 миллион сўмни бергандан сўнг уларга боладан воз кечганлиги тўғрисида тилхат ёзиб берганлиги билан одам савдоси драмасининг бу машъум пардаси ёпилди. Аммо парда ортида турган ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари боласини сотиб даромад кўрмоқчи бўлган аёлнинг келгусида чет элларга бориб ишлашдек баландпарвоз орзу-умидларига бир пасда чек қўйди. Қишнинг қаҳрли кунларида М. Халилова темир панжара ортига, нималар бўлаётганлигини билмай тўрт томонга жовдираётган болакай эса Кармана туман тиббиёт бирлашмаси болалар бўлимига олиб кетилди.
БУ ФОЖИАНИНГ САБАБЛАРИ ВА ОҚИБАТЛАРИ…
Оила — бахт қасри. У бузилса вайронага айланади. Меҳринисо Халилова ва Зафар Шодиевларнинг “севги-муҳаббатга асосланган” оиласи нега тезда барбод бўлди, деган савол туғилиши табиий. Асл сабаб- оиласи бор эркакка шаръий никоҳ билан турмушга чиқиш оқибати бўлса, ўз оиласи, болалари бўла туриб, “янги ҳаёт” бошлаган масъулиятсиз эркакнинг найранги.
Шу ўринда тренинг чоғида суҳбатида бўлганимиз ЮНЕСКО эксперти, тарих фанлари доктори, Америкадаги Хофстр университети профессори Элёр Каримовнинг фикрларида жон борлиги ёдга тушди. “Ўзбекистонда қизларнинг коллеж ва лицейларни битирибоқ турмушга чиқиб кетиши, олий маълумотга эга бўла олмаётганлиги ҳолатлари уларнинг жамиятда ўз ўрнини топа олмаётганлигига сабаб бўлмоқда”. Профессор ҳақ. Савияси, билими паст аёл ҳаётда, жамиятда ўз муносиб ўрнини топиши , эзгу ишларга қодир бўлиши қийин.
Меҳринисони суднинг қора курсисига етаклаган сабабларга яна бир бор эътибор берайлик. Унинг биринчи хатоси ота-онасининг юзига оёқ қўйиб, оиласи бор кишига иккинчи хотин бўлиши, тўйдан олдин ҳомиладор бўлиб, ота-онасига иснод келтирганида. Оилани ўйинчоқ деб ҳаётга енгил қарагани, фарзандининг келажагини барбод қилгани, ҳали уч ёшга тўлмаган болани етаклаб сарсонликнинг кўчасига киргани, булар ҳам камлик қилганидек, бир бор оғзи куйган бўлса ҳам, иккинчи бор ҳам қонуний эмас, яна шаръий никоҳ билан турмушга чиқиб, бу турмуш ҳам узоққа бормай, уч ойда бузилгани. Атрофдагилар, яқинларининг уни ўз ҳолига ташлаб қўйганлигию, нотўғри йўллардан уни қайтармаганлигида ҳам гап кўп.
ИНСОНПАРВАРЛИККА АРЗИРМИКИН?..
Пул эвазига ўз боласидан воз кечиш тўғрисида ўз қўли билан тилхат ёзган онани ҳеч қачон, ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Наҳотки қўлларини сизга чўзиб турган, сизсиз йўлини йўқотиб қўядиган, кўзига қарасангиз олам ёришиб кетадиган, меҳрининг тафти юрагингизни иситиб турадиган жондан азиз миттигина инсондан воз кечиш тўғрисида тилхат ёзиш шунчалар осон бўлса?! Фарзандфурушлиги учун суднинг қора курсисига ўтирган ўттиз ёшли аёл қандай жазога лойиқ дейсизми? Кўпчиликнинг жавоби битта — олий жазога! Аммо қонунларимиз шунчалар инсонпарварки… М.Халиловани туман хотин-қизлар қўмитаси раиси томонидан берилган кафолат хати темир панжара ортидан қутқариб қолди. У СУД ЗАЛИДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ. Унга тўрт йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди. Пул эвазига сотиб юборган боласи ҳам қайтариб берилди. У бундай инсонпарварликка арзирмикин, деган саволга жавоб бериш қийин. Йиллар ўтиб, Азизжон вояга етиб, бу “савдолар” ҳақида онасидан сўраб қолса, унинг саволларига жавоб беришга Меҳринисонинг кучи етармикин, виждони, юзи чидармикин? Билмадик…
Маруса ҲОСИЛОВА,
“Инсон ва қонун” мухбири