Бош саҳифаҲудуд 24Тошкетн ш.“Мен мангу қоламан тушларда” номли китоб тақдимоти...

“Мен мангу қоламан тушларда” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди

 Бугун Миллий матбуот марказида шу номдаги ёднома китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда истеъдодли журналист, моҳир қаламкаш Жавоҳир Қудратовнинг устозлари, дўстлари, ҳамкасблари, оила аъзолари иштирок этишди.

“Янги китоб” нашриётида нашр қилинган ушбу китобда истеъдодли журналист, моҳир қаламкаш, ўз касбининг устаси бўлган Жавоҳир Қудратов ёзган, матбуотда чоп этилган мақолалар, шеърлар, унинг устозлари, дўстлари, ҳамкасбларининг хотиралари жамланган.

Тақдимотда сўзга чиққанлар турли йилларда Тошкент халқаро радиоси, Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, “Қашқадарё” газетаси, Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази, Ягона умумреспублика процессинг маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида сермаҳсул меҳнат қилган ёш журналистнинг қисқа ва мазмунли умри, яхши фазилатларини хотирлашди. Курсдош ва ҳамкасб дўстлари томонидан ижодкорнинг ёшларга намуна бўлгулик яхши фазилатлари айтилди.

Йиғилганлар унинг каронавирус пандемияси сабаб бевақт вафот этганини чуқур изтироб билан эслашди. Жавоҳир сўз қудратини чуқур англагани, ўзидан катта ижодий ва илмий мерос қолдириш ниятида яшагани, ўз соҳасининг билимдони бўлиши билан бирга, камтар, хокисоргина, чин инсон бўлгани айтилди.

Тақдимот маросимини олиб борган “Нотиқлик санъати” академияси раҳбари, филология фанлари номзоди, профессор Раҳимбой Жуманиёзов Жавоҳирнинг қалами равон, сўзнинг қудратини чуқур тушунган ва ўз ўрнида ишлата биладиган мушоҳадали ижодкор бўлганлигини алоҳида таъкидлади. Жавоҳир Қудратовнинг курсдошлари, устозлари, яқинларига сўз берар экан, янги китобдан намуналар ўқиб берди.

Тақдимотда сўзга чиққан Карим Бахриев, Назира Тошпўлатова, Бобомурод Одил, Шуҳрат Ориф, Жўрабек Жаҳон сингари Жавоҳирни яқиндан билган устозлари, бирга ишлаган ҳамкасблари, курсдош дўстлари унинг ҳеч кимга ўхшамайдиган чин инсоний хислатларини эслашди. Тақдимотда Жавоҳирнинг ижодий ишларидан намуналар, ёднома шеърлар ўқилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби Фозил Фарҳод Жавоҳирнинг яхши хислатларини эслаб, уни хотирлаб ёзган шеърини ўқиб берди. Унда шундай дейилади:

Шовуллаган дарё, кўҳна қабристон,

Бўз тупроқ остида юрак уряпти.  

У ҳатто уйқуда бўлсаям, шу он,

Яхшиликлар ҳақда хаёл суряпти.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Носиржон Жўраев эса дўстини шундай изтироб билан хотирлайди:

Ортингдан кузатиб, қолдим, кўндим мен,

Умидимни сендан олдин кўмдим мен,

Шундоқ асралгайми асл бойликлар –

Бир уюм тупроққа олтин кўмдим мен…

Жавоҳирнинг умр йўлдоши, ушбу китобдаги ижодий ишлар  ва хотираларни тўплаб, нашрга тайёрлаган Ирода Хайриддинова фарзандларининг отаси ҳаммага меҳрибон, ҳар бир ишга чин дилдан ёндашадиган, касбига масъулиятли инсон бўлганлигини эслаб, шундай яхши инсон билан оз бўлса-да сермазмун умр кечирганлигини айтиб, эсда қоларли кунларда бўлган ибратли воқеаларни айтиб берди.

Ижодкорнинг умри китобининг, яхши инсоннинг умри эса қилган яхши амалларининг умрича узундир. Жавоҳирнинг ўзи орамизда йўқ бўлса ҳам, унинг отаси, умр йўлдоши, яқинлари айтганидек, янги китоб Жавоҳир бўлиб олий ўқув юртлари, мактаб кутубхоналари, шахсий кутубхоналаргача кириб боради, Жавоҳир бўлиб орамизда яшайди.

Гулбаҳор Ортиқхўжаева,

“Инсон ва қонун” мухбири

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз