Миср ҳукумати Қоҳира жанубидаги Саққора водийси ҳудудида яна бир янги мақбарага дуч келингани ҳақида маълум қилди.
The Guardian нашрининг хабар қилишича, бу мақбарада 50 дан ортиқ қадимий тобут – саркофаглар борлиги аниқланган. Ушбу ёғоч тобутлар Янги подшолик даври – милоддан аввалги 14-13 асрларга тегишли бўлиб, 10-12 метр чуқурликдан топилган.
Мисршунос Захи Хаваснинг хабар қилишича, мақбара фиръавн Тетининг аёли – малика Нейт шарафига қурилган бўлиб, Олтинчи сулолани бошқарган фиръавннинг ўзи ҳам шу яқин орада дафн этилган.
Саққора водийси Қоҳирадан 30 чақирим масофада жойлашган, 3000 йил аввал қадимги Миср пойтахти Мемфис шаҳрининг асосий қабристони ҳисобланган. Ҳозир бу ҳудуд ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Миср ҳудудидан, Птолемейлар (милоддан аввалги 320-30 йиллар) ва Кейинги подшолик (милоддан аввалги 664-332 йиллар) даврига оид юздан ортиқ ана шундай саркофаглар аниқланган эди.
Мисрда яна бир қадимий мақбара топилди
