Ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ўзлаштириш жиноятини молиявий пирамида мисолида таҳлил қилайлик.
Молиявий пирамида ташкилотчиси омонатчиларга катта миқдорда даромад ваъда қилади, хаттоки дастлабки кезларда олинган маблағ эвазига фоизларни тўлаб беради. Фоизларни тўлаш янги омонатчи ҳисобидан амалга оширилади. Пул оқими тўхтаган заҳоти пирамида қулайди ва омонатчилар пул маблағи ёки бошқа мулкидан маҳрум бўладилар.
Молиявий пирамида домига илинган фуқаролар нақд пулларини ёки бошқа қимматбаҳо буюмларини ўз хоҳишлари билан фирибгарга топширадилар.
Бундай муаммоли вазиятнинг юзага келишида, аввало, жабрланувчиларнинг айби мавжудлигини таъкидлаш жоиз.
Улар катта миқдорда мулкий наф кўриш, яъни қисқа муддатда бойиб кетиш илинжида қалтис ишга қўл уришади. Натижада эса фириб тузоғига илинишади.
Жабрланувчиларнинг эгри йўлдан қайтмаслиги, қисқа фурсатда бойиб кетишга уриниш, мўмай даромад орттириш истаги молиявий пирамиданинг ҳозирга қадар мавжудлиги, эҳтимол, ҳеч қачон барҳам топмаслигига асосий сабаб эканини алоҳида қайд этиш лозим.
Молиявий пирамида шаклида содир этилган фирибгарлик жиноятини барчага маълум бўлган Ахмаджон Турсунбоевга оид жиноят иши мисолида кўришимиз мумкин.
Ҳуқуқ ҳимоячилари, хусусан, терговчилар ва судьяларнинг фикрига кўра фирибгарлар ўзини тутиши, ақл-фаросати, дунёқараши, фикрлаш доираси билан бошқа турдаги ғаразли жиноятларни содир этувчи (ўғри, талончи, безори) шахслардан бирмунча фарқ қилади. Фирибгар жиноятни содир этишда макр-ҳийла ишлатиш йўли билан одамларни ўзига жалб қилади, уларнинг ишончига кириб алдов йўли билан ўзининг қинғир мақсадини амалга оширади.
Суд амалиёти шуни кўрсатадики, фирибгарлик жинояти аксарият ҳолларда фуқароларнинг ноўрин истаклари натижасида содир этилади.
Жабрланувчи фирибгарга тўлиқ ишониш оқибатида ўзининг алданиб қолганини сезмай қолади. Шу билан бирга фирибгарликнинг келиб чиқишига айрим фуқароларнинг тез бойиб кетишга ва бунинг учун маълум имтиёзлар ёки қимматбахо буюмларни ноқонуний ўзлаштиришга ҳаракат қилишлари ҳам сабаб бўлади. Бундай жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бера олмайдилар, фирибгарлар ҳам бу ҳолатни яхши билишади ва бу уларга қўл келади.
Шу сабабли Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Қарорида қатор ҳолларда муайян мақсадларига қонунчиликда белгиланган тартибга риоя этмаган ҳолда эришишни истаган жабрланувчиларнинг хулқ-атвори фирибгарлик содир этилишига шарт-шароит яратиб бераётганлигини эътиборга олган ҳолда суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар бундай ғайриқонуний ҳаракатларга нисбатан тегишли ҳуқуқий баҳо беришлари, шунингдек, келажакда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун бундай ҳаракатлардан келиб чиққан оқибатларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритишлари лозимлиги таъкидланган.
Юқорида номи қайд этилган Олий суд Пленумининг Қарори судларнинг эътиборини яна бир муҳим жиҳатга қаратган. Яъни, тарафлар ўртасида тузилган келишувдан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармасликда фирибгарлик жиноятининг таркиби бор ёки йўқлигига аниқлик киритиш ғоятда муҳимдир.
Мисол учун, икки шахс оғзаки келишувга эришган ёки қарз шартномаси қонуний расмийлаштирилган, аммо қарз олувчи келишилган муддатда қарзни қайтаришдан бош тортган ёки айрим объектив сабабларга кўра (оғир касаллиги, шароитлар ўзгариши ва бошқа) мажбуриятини бажара олмаган.
Бу каби вазиятлар Пленум қарорида белгиланганидек, ўзгалар мулкини эгаллашда қонунга хилоф ҳолатлар бўлмаганлиги туфайли фирибгарлик деб баҳоланиши мумкин эмас, чунки қарз келишув ёки қонуний расмийлаштирилган шартнома асосида берилган, ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжуд эмас. Шу сабабли шартномадан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик низо сифатида баҳоланиб, улар фақат фуқаролик ёки иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.
Ачинарлиси шундаки, аҳолининг турмуш фаровонлиги ортгани сайин ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзлаштиришнинг янги усуллари юзага келмоқда.
Шу боисдан ҳам фириб тўрига илиниб қолмаслик ҳамда моддий ва маънавий зарар кўрмаслик учун, авваламбор, фуқароларнинг ўзлари эътиборли бўлишлари керак.
Азиз Обидов,
Олий суд ахборот хизмати раҳбари