АҚШ Адлия вазирлиги Американинг Google компаниясини интернет-реклама бозоридаги ҳукмронлиги учун судга берди. Бу ҳақда TechCrunch нашри хабар бермоқда.
Бу айбловга яна саккизта штат қўшилди. Даъвога кўра, компания онлайн рекламанинг барча жиҳатларини назорат қилади ва рақобатни бартараф этиш учун ноқонуний усуллардан фойдаланади, бу эса бутун мамлакат бўйлаб реклама нархининг ошишига ва оммавий ахборот воситаларига зарар етказилишига олиб келди. Мисол учун, Google рақобатчиларни “синдириш” учун уларни сотиб олади. Шундай қилиб, компания реклама берувчиларга танлов қолдирмасдан, уларни фақат ўз маҳсулотларидан фойдаланишга мажбур қилади.
Bloomberg маълумотларига кўра, Google АҚШдаги реклама бозорида энг йириги ҳисобланади. Унинг айланмаси 278,6 миллиард долларни ташкил этади. Компания рақамли рекламани сотиб олиш, сотиш ва хизмат кўрсатиш технологияларининг катта қисмини назорат қилади.
Эслатиб ўтамиз, бу АҚШ Адлия вазирлиги томонидан Америка технология гигантига қарши иккинчи суд жараёнидир. Биринчиси 2020 йил октябрь ойида, компания қидирув бозорида ҳукмронлик қилишда айбланган эди.