Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариМуқаддам судланган жўралар босқинчилик жиноятига қўл уришди

Муқаддам судланган жўралар босқинчилик жиноятига қўл уришди

Маълумки, Жиноят кодексининг 15-моддасига биноан, қасддан содир этилиб, қонунда оғир жазо сифатида беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига, қасддан содир этилиб, қонунда ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёхуд умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар эса ўта оғир жиноятлар сирасига киради. Шу маънода айтганда, кодекснинг 164-моддасида, яъни унинг 4 та қисмида ифодаланган босқинчилик ҳаракатлари ҳам оғир ва ўта оғир жиноятлар гуруҳига мансуб.

Аксарият ҳолларда оғир ва ўта оғир жиноятлар муқаддам судланган шахслар томонидан содир этилади. Негаки “қуш” тилини “қуш” билади. Буни Марғилон ва Фарғона шаҳарларида яшовчи, муқаддам судланган Зуҳриддин Акмалиддинов, Абдулатиф Иминов ва Носирбек Йўлчиев(исм-шарифлари ўзгартирилган)ларнинг қилмиши ҳам тасдиқлади.

Гап шундаки, 2019 йил ноябрь ойининг охирларида уччовлон ўзгаларнинг мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш юзасидан жиноий режа тузишади. Шунга кўра, 2019 йил 24 ноябрь куни тунги соат 01:20ларда Фарғона шаҳар Қўқон кўчасидаги “Лимон” савдо дўкони олдида турган, фуқаро Ж.Хилоловга тегишли “Матиз” русумли автомашинага йўловчи сифатида ўтиришади.

— Улуғвор кўчасига ҳайданг, — дея борар манзилларини айтишади ҳайдовчига.

Ўша манзилга келганларида эса қўлбола “кастет”, яъни темир бўлаги кўрсатган ҳолда ҳаёт учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш йўли билан қўрқитишади. Сўнгра Ж.Хилоловнинг нархи 1.800.000 сўмлик “Huawei P20” русумли уяли телефони ва автомашина бардачогида турган 450.000 сўм пулларини босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, Носирбек Йўлчиев бошлаб келган бошқа бир йўловчи автомашинага ўтирганча қочиб кетишади. Кейин телефон аппаратини тергов давомида анқлашни имкони бўлмган шахсга сотиб, пулларни ўзаро тақсимлаб олишади ҳамда ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборишади.

Аммо ҳамтовоқлар эртаси куни яна жиноий ҳатти-ҳаракатларини давом эттиришади. Аниқроғи, Абдулатиф билан Зуҳриддин кундузги соат 13:20ларда Тошлоқ тумани марказида ўзининг “Нексия” автомашинасида киракашлик қилаётган О.Турғуновни тўхтатишади.

— Бизни Водил йўлидаги “Жўжа” ошхонасига олиб бориб қўйинг, — дея илтимос қилишади машинага ўтиргач ҳайдовчига.

Бинобарин, уларнинг ғаразли мақсадидан бехабар киракаш йигит рульни Фарғона тумани томон буради. Бироқ айтилган ошхонага яқинлашганларида атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ҳайдовчининг юзига мушт тушириб, уни ҳам аввалгидек темир жисм орқали ҳаёти учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш йўли билан қўрқитишади. Табиийки, О.Турғунов тасодифий ҳужумдан эсанкираб қолади. Бундан фойдаланган босқинчилар эса унинг нархи 500.000 сўмлик “Samsung Galaxy J2” русумли телефон аппаратини қўлга киритиб, йўл ҳаққи учун келишилган 50.000 сўм пулни ҳам бермай қочиб кетишади. Уяли телефонни бўлса терговда шахси аниқланмаган номаълум кимсага сотиб юборишади. Сўнг пулларни ўртада тенг тақсимлаб, чўнтакка уришади.

Бундан ташқари, орадан 3 кун ўтгач — 2019 йил 28 ноябрь куни Зуҳриддин Акмалиддинов ва Абдулатиф Иминов яна “ов”га чиқишади. Яъни шу куни кеч соат 20:00да Фарғона шаҳар Алишер Навоий кўчасида жойлашган “EVOS” номли ошхона олдига келишади. Қарашсаки, йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро Н.Хусанов шу ерда ўзининг “Спарк” русумли автомашинасида мижоз кутиб ўтирган экан. Шу боис автомашинага ўтириб, шаҳарнинг Қувасой кўчасига — “Бурж” номли дорихона олдига элтиб қўйишини сўрашади. Лекин манзилга етишганда ҳайдовчига қўлбола пичоқни кўрсатиб, ўқталишади. Пировардида Н.Хусановнинг 1.100.000 сўмлик “Redmi 7A” русумли телефон аппарати ва 475.000 сўмга тенг бўлган 50 АҚШ долларини олиб қўйишади. Аммо…

Аммо кўзнинг очлигини тупроқ тўлдиради деганларидек, 2019 йил 29 ноябрь куни соат 18:15ларда уччала жиноятчи галдаги босқинчиликка қўл уришади. Қарангки, бу сафар шаҳар марказидаги “DONER” кафеси олдида “Матиз” русумли автомашинасида йўловчи кутиб турган И.Омондуллаев уларнинг ўлжасига айланади. Аниқланишича, такси Қиргули даҳаси Саноат кўчасидаги овлоқ жойга етиб борганда “мижоз”лар атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ҳайдовчига ҳаёти учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш йўли билан таҳдид қилишади. Натижада бундан қўрқиб кетган И.Омондуллаев уларга қаршилик қилолмай, нархи 2.300.000 сўмлик “Артел” русумли уяли телефони, 150.000 сўм пуллари ва 45.000 сўмлик қишки бош кийимни олдириб қўяди. Шундан кейин босқинчилар Носирбек олиб келган йўловчи автомашинага ўтириб, жуфтакни ростлашади. Машина шаҳарнинг энг машҳур “Тожмаҳал” тўйхонаси ёнига етганда эса тушиб қолишади. Бироқ улар 2019 йил 1 декабрь куни шаҳар марказига боришганда ички ишлар ходимлари томонидан ушланишади. Негаки аввалги жабрланувчиларнинг мурожаатига асосан тезкор ходимлар аллақачон уччовланнинг изига тушишганди. Шу боис терговга қадар текширув мобайнида И.Омондуллаевга тегишли “Артел” русумли телефон аппарати А.Иминовдан, қишки бош кийим эса З.Акмалиддиновдан ашёвий далил тариқасида олинади. Оқибатда айбдорларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилади.

Шундан сўнг – 2020 йилнинг июнь-июль ойларида мазкур иш жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида кўриб чиқилади. Албатта, суд судланувчиларнинг қилмишларига Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил  3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги Қарори талаблари доирасида баҳо берди. Яъни айни қарорнинг 1-бандида судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратишилиши лозимлиги, 3-бандида эса жиноят кодексининг 8, 54-моддалари мазмунига кўра, жазо адолатли бўлиши – ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларига мувофиқ бўлиши кераклиги белгиланган. Бинобарин, суд З.Акмалиддинов ва А.Иминовни Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топди. Лекин суд мажлисида дастлабки тергов органи томонидан Н.Йўлчиевнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми “а” банди билан нотўғри квалификация қилинганлиги аён бўлди. Чунки амалдаги қонунларда гуруҳ томонидан содир этилган босқинчилик далолат­чиси, ёрдамчиси, ташкилотчиси (мулкни талон-торож қилишда бевосита қатнашмаган шахс) кўринишидаги иштирокчи Жиноят кодексининг 28-моддаси орқали кодекснинг 164-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилишлиги қайд этилган. Шунинг учун Н.Йўлчиев кодекснинг 28,164-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилди. Қолаверса, суд кодекснинг инсонпарварлик тамойилидан келиб чиқиб ҳамда жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қопланганлигини инобатга олиб, айбдорларни кодекснинг 57-моддаси тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, айрим маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда профилактика инспекторлари томонидан муқаддам судланган шахслар билан талаб даражада иш олиб борилмаётгани, бу тоифадаги кимсаларнинг юриш-туриши, босаётган қадами назорат қилинмаётгани туфайли ҳамон юқоридаги сингари оғир ва ўта оғир жиноятлар юз бермоқда. Масалан, қаҳрамон”ларимиздан 2 нафари – Зуҳриддин Акмалиддинов ва Носирбек Йўлчиевларнинг бандлиги таъминланмаган. Шунинг учун бўлса керак, Н.Йўлчиев суддаги кўрсатмасида моддий томондан қийналганлиги сабабли жиноятга қўл урганини таъкидлаган. Агар мутасаддилар томонидан бу муаммога ўз ўрнида барҳам берилганда эди, балки 3 нафар муқаддам судланган шахс такроран жиноят кўчасига қадам қўймаган бўларди. Бундан эса ҳар бир ҳудуд вакиллари ўзларига тегишли хулоса чиқариб олишлари зарур.

                                                      

                                                        Жамшид ХЎЖАМБЕРДИЕВ,
                          жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси

Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

 

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз