Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариМулк ижараси шартномасига оид низоларнинг судларда кўрилиши

Мулк ижараси шартномасига оид низоларнинг судларда кўрилиши

Мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир шахснинг ҳуқуқидир. Бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 10-моддасида ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа ҳалқаро ҳуқуқ ҳужжатларида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Ҳозирда республикамизда мулкни бошқаришнинг ўзига хос усулларидан бири бўлган ижара муносабатларини кенг йўлга қўйиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бўш турган бино ёки иншоотни ижарага олиш кичик бизнес вакиллари ва тадбиркорлар учун энг мақбул йўл ҳисобланмоқда. Табиийки, бу жараёнда мулкни ижарага олиш ёки беришнинг йўл-йўриқлари ҳақида тўлиқ маълумотларга эга бўлиш муҳим омил саналади.

Президентимизнинг 2018 йил 25 майдаги “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинди.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан эса “Кўчмас мулк ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тўғрисида”ги низом қабул қилинди ва Адлия вазирлигида 2018 йил 11 октябрда 3077-сон билан рўйхатга олинди.

Унга асосан, давлат солиқ қўмитаси томонидан “Ижара шартномаларини ҳисобга олиш” интерактив хизмати ва дастурий маҳсули ишлаб чиқилди.

Эндиликда кўчмас мулкни ижарага бермоқчи бўлган юридик ва жисмоний шахслар ўзига тегишли бўлган турар ёки нотурар мулкини ижарага беришда икки томонлама ижара шартнома тузиши ва шартномани 10 кун ичида солиқ органларида ҳисобга қўйиши шарт.

Кўчмас мулк ижара шартномаси шартномада белгиланган муддат тугаганидан кейин бекор бўлади.

Барчамизга маълумки, иқтисодий низоларнинг келиб чиқишига бир нечта омиллар яъни, шартномада тарафларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бузилиши, ижара тўловини вақтида тўламаслик, бажариш муддатининг бузилиши кабилар сабаб бўлмоқда.

Иқтисодий судларда кўриладиган ишларнинг асосий қисмини юридик шахслар, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар ташкил қилади.

Бундай низолар тоифасига маҳсулот етказиб бериш, олди-сотди, пудрат, кредит ва ҳоказолар доирасида тузилган шартномалар юзасидан келиб чиқадиган низоларни киритиш мумкин.

Хўжалик процессуал кодексининг 24-моддаси, биринчи қисмининг 4-бандига кўра, мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки тегишли даражада бажарилмаганлиги тўғрисидаги низолар хўжалик суди томонидан ҳал этилади.

Фуқаролик кодексининг 535-моддасига кўра, мулк ижараси шартномаси бўйича ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади.

Демак, ижарага олувчи мол-мулкдан фойдаланганлиги учун ижара ҳақини тўлаши лозим.

Фуқаролик кодекси 544-моддасининг биринчи қисмида ижарага олувчи мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақни ўз вақтида тўлаб туриши шартлиги белгиланган.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда иқтисодий судга прокурор, давлат органлари ва бошқа шахслар ҳам мурожаат қилишга ҳақли.

Тарафлар ўртасида тузилган шартномада ёки қонунчиликда даъво аризаси билан судга мурожаат қилишдан олдин, низони судгача ҳал қилиш шартлигидан иборат бўлган қоида белгиланиши мумкин.

Жумладан, тадбиркорлик субъектлари ўзаро шартнома тузишда эркиндирлар ва шартномада қонунга зид бўлмаган қоидаларни мустақил равишда ва ўз хоҳишларига кўра белгилайдилар.

Судга мурожаат қилинаётганда даъво талаби нимадан иборат бўлса, таъминлаш чораси ҳам шу талабга алоқадор бўлиши лозим. Масалан, қарзни ундириш тўғрисида судга мурожаат қилинганда, жавобгарнинг мол-мулки ва пул маблағларини қарз суммасига мутаносиб бўлган қисмини хатлаб қўйишдан иборат бўлиши чораси сўраши мумкин. Шунингдек, низо мулкни талаб қилиб олиш тўғрисида бўлса, жавобгар ушбу мулкни бегоналаштириши ёки йўқ қилиб юборишини олдини олишга қаратилган таъминлаш чораси қўлланилади.

Даъвогар нафақат даъво аризаси тақдим этиш билан бир вақтда, балки ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар ҳам даъвони таъминлаш чорасини қўллашни сўраши мумкин. Ундан ташқари, агар ҳал қилув қарори қабул қилинган бўлиб, даъво талаби қаноатлантирилган бўлса, даъвогар даъвони таъминлашни эмас, балки ушбу ҳал қилув қарорининг ижросини таъминлашни сўраб судга мурожаат қилишга ҳақли.

Айрим ҳолатларда битта даъво аризасида икки ёки ундан ортиқ даъво талабларини ҳам кўрсатиш мумкин. Улар ўзаро боғлиқ бўлиб, баъзилари иқтисодий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судда кўрилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1985 йил 29 ноябрдаги резолюцияси билан маъқулланган “Суд органлари мустақиллигининг асосий принциплари” биринчи бўлимининг 2-бандида ёзилишича, суд органлари ўзларига берилган ишларни ҳақиқат асосида ва қонунга риоя қилган ҳолда, ким томонидан ва қандай асосларга кўра бўлмасин, бевосита ёки билвосита ҳар қандай чекловлар, ғайриқонуний таъсирлар, майл, тазйиқ, таҳдид ёки аралашувларсиз холислик билан ҳал қиладилар.

Ж. Сирожев,
фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз