Айни пайтда мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшишга интилаётган тадбиркорлар кўплаб топилади. Тадбиркорликка кенг имкон берилиб, турли имтиёзлар амалиётган татбиқ этилаётгани ишбилармонлар сафини кўпайтирмоқда. Лекин инсон қайси соҳада меҳнат қилмасин, у жамиятнинг маънавий-маданий тараққиётини ҳам ўйлаши лозим. Бунинг учун қадамни ўйлаб босмоғи керак.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судида кўрилган жиноят иши мисолида шу фикрлар хаёлимиздан ўтди. Ёқуб (исмлар ўзгартирилган) текин бўлса мих ютадиганлар тоифасидан бўлиб чиқди. Ҳалол йўл билан меҳнат қилиб, ҳотиржам яшаш қадри нима эканлигини билмайди шекилли, мўмай даромад илинжида ўғриликка қўл уришдан уялиб ўтирмади. Унинг бир жинояти яна бир бошқа қинғирлика сабаб бўлди.
Жиноят тафсилотларини умумлаштириб айтадиган бўлсак, дорихоналардан бирида сотувчи бўлиб ишлаётган танишига қўнғироқ қилиб “Remdesivir for Injection 100 mg (BDREM-100)” дори воситаси бор-йўқлигини сўрайди. Таниши унга борлигини айтиб нархини 714 минг сўм эканлигини маълум қилади. Сотувчи Ёқубга бу ишдан нима фойда кўриши билан қизиқади. Ёқуб эса унга дорининг донасини 814 минг сўмдан пуллаш мумкинлигини, ҳар бир донасидан 100.000 сўмдан фойда кўришини айтади. Шундай гаплар билан сотувчини бу олди-сотдига қизиқтиради.
Бироқ, Ёқуб бу дорилар нақд пулга сотилмаслигини, бунинг учун махсус рухсатнома билан пул кўчириш йўли орқали олиши мукинлигини билгандан кейин феъли айниди. Хуллас, дориларни ўғрилаб кетишни уддасидан чиқади. Қўлга киритган дориларини мижозига пуллаётган вақтида чучварани хом санаб қўйганидан ер чизиб қолади.
Ёқуб жиноятига яраша жазосини олди. Унинг қилмишини таҳлил қилар эканмиз халқимиз “Бузоқнинг югургани сомонхонагача”, деб бежизга айтмаслигига яна бир бор амин бўлдик.
Санжар ИБАДОВ,
жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси