Давлат хизматлари марказларига янги келган ходимларда соғлом дунёқараш, жумладан, китобхонлик кўникмасини шакллантириш жуда муҳим. Чунки мутолаа фуқароларга хизмат кўрсатаётган ходимларнинг маънавий дунёқараши янада бойиши, билимларини ошишига хизмат қилади. Шу мақсадда Пастдарғом туман Давлат хизматлари марказлари ходимлари тумандаги «Ёшлар кутубхонаси»га аъзо бўлишди ва ташриф давомида у ерда китобхонларга яратилган шароитлар билан танишишди.
Таъкидлаш керакки, бугун шиддат билан ривожланаётган замон билан ҳамнафас бўламан, деган ҳар бир давлат хизматчиси, жумладан, Давлат хизматлари агентлиги тизимида ишлаётган ходим ҳам мунтазам равишда ўз устида ишлаши, билим ва кўникмаларини ошириши зарур. Бунинг учун эса кун тартибида китоб ва даврий нашрлар мутолаасига вақт ажратиши лозим. Ахир китоб ўқимаган, мутолаага вақт ажратмаган дунёқараши тор ходим бирор мурожаат билан келган фуқарога қонуний йўл-йўриқ кўрсата оладими? Албатта, йўқ.
Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада юзага келган муаммоларни комплекс ҳал қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур муҳим ҳужжат ижросини таъминлаш китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни талаб этилади. Шу аснода Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини янада ошириш, тизим ташкилотлари ва уларда фаолият юритаётган ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга катта эътибор қаратилган. Мақсад — фуқароларимизга қулай, очиқ ва шаффоф хизмат кўрсатётган ходимларнинг маънавий оламини мустаҳкамлаш!
Соатлаб телефонда гаплашиш, уззукун телевизор олдидан жилмаслик, ҳар куни ишхонада компьютерда ишлаш билан машғул бўлиш интеллектуал салоҳиятни емиришини бугун вақтнинг ўзи исботлаб турибди. Демак, китоб мутолааси кишини комиллик сари етаклайдиган, унинг тафаккур хазинасини бойитадиган, зеҳнини ўткир, мушоҳадасини теран қиладиган муҳим ҳодисадир. Башарият асрлар оша қандай ютуқ ва марраларга эришган бўлса, албатта, бунинг замирида китобга меҳр, мутолаага иштиёқ мужассам. Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси тизимидаги ташкилотлар ходимлари ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда фуқароларга давлат хизматлари кўрсатишмоқда.