Бош саҳифаТаҳлилМуваффақиятлар янги ислоҳотларни чуқур тушунишдан бошланади

Муваффақиятлар янги ислоҳотларни чуқур тушунишдан бошланади

Мурожаатномани тинглаб…

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг    Парламентга мурожаатномасини тингладик. Президентимиз эришилган натижалар ва келгусидаги вазифалар ҳақида сўз юритди, масалалар очиқ-ойдин баён қилинди, янги ечимлар таклиф қилинди.

Юртбошимиз 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиш  тўғрисидаги таклифи парламентарийлар томонидан маъқулланди.

Мурожаатномада белгиланишича, инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигига қаратилган ислоҳотлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Судлар фаолиятида ҳам муҳим ўзгаришлар бўлиши кўзда тутилмоқда, хусусан, келгуси йилда «Бир суд — бир инстанция» тамойили жорий этилади. Яъни бир судда кўриб чиқилган иш ушбу судга қайтарилмайди. Бир-бирини такрорлайдиган судлар бекор қилинади. Давлатимиз раҳбари Олий суд назорат тариқасида ишларини кўриш амалиёти бекор қилинишини, ва вилоятлардаги 3та суд биттага бирлаштирилишини таъкидлаб ўтди. Ишларни судгача ҳал қилиш амалиёти жорий этилади. Инсонларга янада қулайлик яратиш сифатида, судларда онлайн иштирок этиш мумкин бўлади.

Жазони ижро этиш соҳасида ҳам муҳим ўзгаришлар бўлиши Мурожаатномада  баён этилди. Хусусан, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш амалиёти жорий этилиши, бундай қарорни янги ташкил этилаётган  Инсонпарварлик комиссияси ҳал этиши белгиланди.

Президентимиз жамиятда аёлларнинг ўрни ва нуфузини ошириш масаласига ҳам  алоҳида урғу бериб,    Республика Хотин-қизлар жамоат кенгашини ташкил қилишни таклиф қилди. Келаётган 2021 йилда республикамизда яшаётган 17 миллион хотин-қизлар орзуларини рўёбга чиқариш учун имкониятлар яратилишини таъкидлаб, мамлакатимизда хотин-қизларни бизнес юритишга ўргатиш, уларга кредит олишда ёрдам бериш йўлга қўйилиши маълум қилинди.

Мурожаатномада ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказувчи, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштирувчи, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келувчи иллат – коррупция ва уни  олдини олиш масаласига ҳам катта эътибор берилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги барча давлат ташкилотлари, давлат улуши бўлган корхоналарнинг барча харидларида очиқликни таъминлаш механизмини ишлаб чиқиши кераклиги давлатимиз раҳбари томонидан айтиб ўтилди. Таъкидландики, келаётган 2021 йилда маҳаллий ҳокимликлар барча қарорларини рўйхатга олиш ва уларни онлайн эълон қилиш тизими жорий этилади.Ушбу мақсадда давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

Бутун дунё бўйлаб ҳозирги куннинг энг долзарб муаммоларидан ҳисобланган аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш масаласи давлатимиз раҳбарининг бу йилги Мурожаатномаларида алоҳида ўрин эгаллади.  Давлат раҳбари бу борада 2021 йилда вақтинча ишсизлик нафақаси 3 баравар оширилишини, темир дафтарга киритилган оилаларга белгиланган миқдорда молиявий ва бошқа ёрдам кўрсатилишини билдириб ўтди. Ва ушбу рўйхатга киритилган аҳолини камбағалликдан чиқариш учун комплекс чоралар кўрилиши, бундай чоралар орасида қўшимча ўқитиш, бизнес бошлаш учун субсидия бериш, деҳқончилик билан шуғулланадиган кишиларга ер берилиши алоҳида таъкидланди. 2021 йил  1 мартдан бошлаб аҳолининг минимал истеъмол меъёри эълон қилиниши маълум қилинди.

Бутун дунё коронавирус инфекциясига қарши  кураш олиб бораётган ҳозирги кунда тиббиёт соҳасида коронавирусга қарши курашдаги ишларни давом эттириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим йўналишлардан бири бўлишини таъкидлаб, Президентимиз келгуси йилдан мамлакатимизда санитария-эпидемиология  хизмати сифати оширилишини, соҳага 200 млн. доллар маблағ йўналтирилишини маълум қилдилар. Асосийси, ҳозирги давр талабларидан келиб чиқиб, тиббиёт соҳасида ҳам рақамлаштириш кўлами кенгайтирилиши, хусусан телемедицина йўлга қўйилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Давлатимиз раҳбари ёш авлод саломатлигини асраш мақсадида келгуси йилдан 15 ёшгача бўлган болаларни 7 турдаги витамин ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш йўлга қўйилишини билдирди.

Мурожаатномада бола ҳуқуқлари масаласида қатор ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, болаларни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиш, унга 100 млрд. сўм ажратиш, фонд маблағларини йил давомида ошириб бориш вазифаси қўйилди. Болалар омбудсмани тўғрисида қонун қабул қилиш зарурати тушунтирилди.

Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли бўлиши лозим, дея таъкидлади Президентимиз ва педагогларни рағбатлантириш ишлари келгуси йилда ҳам давом эттирилишини билдирди. Мурожаатномада муаллимлар болаларга сифатли таълим бериши ва улар ўз устидан ишлашларидан бошқа ҳеч нарсани ўйламасликлари учун давлат барча шароитни яратиши лозимлиги аниқ кўрсатиб ўтилди. Бошқа вилоятга бориб ишлаган ўқитувчига 100 фоиз, бошқа туманга бориб ишлаган ўқитувчига 50 фоиз устама тўланиши давлат раҳбари томонидан билдирилган янги ташаббусдир.

Парламентга Мурожаатноманинг яна бир муҳим жиҳати — Ўзбекистонда 15 йил давомида муқим яшаган, фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри Ўзбекистон фуқаролигини беришнинг доимий тартиби жорий қилинади.     Ўтган йили 1995 йилгача мамлакатимизга кўчиб келганларга Ўзбекистон фуқаролигини тўғридан-тўғри бериш тартиби белгиланди ва 50 минг нафардан ортиқ шахсларга фуқаролик олиш имконияти яратилди.

Президент Парламентга Мурожаатномасида мамлакатнинг ташқи сиёсатини амалга оширишдаги устувор вазифаларга ҳам тўхталиб, Ўзбекистон олиб бораётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик мақсадлардан келиб чиққан ҳолда, Ташқи сиёсий фаолият концепцияси такомиллаштирилишини маълум қилди.

Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, асосий хорижий шериклар Россия, Хитой, АҚШ, Туркия, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Покистон, БАА ва бошқа қатор давлатлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши йўлида амалий ёрдам бундан кейин ҳам кўрсатилиши ташқи сиёсатни амалга оширишдаги устувор вазифалар этиб белгилангани алоҳида таъкидланди.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси давлат ва жамият имкониятларини ягона мақсадга жипслаштиришда ўзига хос таянч вазифасини ўтамоқда. Ўйлаймизки, Мурожаатнома давлат тизимини тубдан ислоҳ этиш, фуқароларда янги ислоҳотларга нисбатан  чуқур тушуниш ва сафарбарликни оширишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Ф.Мируктамова,
ТДЮУ ўқитувчиси

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз