Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариНафсига алданган бошлиқ

Нафсига алданган бошлиқ

Оқ ҳалат кийиб, шифокор деган шарафли номга сазовор бўлган Роҳила Боқижонова(исм-шарифлари ўзгартирилган) 2020 йил 4 мартдан 2020 йил 29 июнга қадар – атиги салкам 4 ой давомида Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаган. Бироқ Роҳила опа ана шу қисқа вақт мобайнида нафс домига тушишга “улгурди”.

Гап шундаки, 2020 йилнинг май ойида унинг уйига эски таниши Санобар Турдибоева эшик қоқиб келади.

— Мени ўзимизнинг ҚВПга патронажликка ишга олсангиз,-деб илтимос қилади у.

Яъни, Санобар туман тиббиёт бирлашмасига қарашли “Сирмоқ” қишлоқ врачлик пунктига патронаж ҳамшира вазифасига ишга кирмоқчилигини айтади.

— Майли, ишга оламан. Лекин бунинг ўзига яраша ҳаражати бор, — дейди бошлиқ тап тортмай.

Шундан сўнг Р.Боқижонова ишга кириш “ҳаражати”ни 300 АҚШ доллари қилиб белгилайди. Натижада 2020 йил 15 май куни яшаш хонадонида 200 АҚШ долларини пора тариқасида олади.

— Эртадан ҚВПда иш ўрганиб турасиз, — дея мулойимлик билан гапиради Роҳила опа.

У худди “қолган пулни бермагунингча буйруқ чиқармайман” деган маънода айтади бу гапни. Бинобарин, С.Турдибоева орадан 10 кун ўтиб – 2020 йил 25 май санасида қолган 100 АҚШ долларини тиббиёт бирлашмасининг маъмурий биноси ёнида бошлиққа беради. Бироқ орадан бир неча кун ўтса-да, уни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ чиқавермайди. Шунда Роҳила Боқижонова Санобарга бироз сабр қилиб турса, буйруқни расмийлаштириб беришини айтади.

Дарҳақиқат, бирлашма бошлиғи 4-5 кундан кейин С.Турдибоевани хонасига чақиртиради. Сўнг унинг 0,5 ставкага ишга қабул қилиш ҳақидаги аризасига қўл қўйиб, бирлашма иқтисодчиси З.Ўрмановага берганлигини билдиради. Шунга кўра, Санобар иқтисодчига учрашади ва ундан ишга жойлашгани тўғрисидаги буйруқни олади. Лекин тахминан бир-икки ой ишласа-да, унга ойлик иш ҳақи ҳисобланмайди. Бунга жавобан эса Р.Боқижонова маошини кейинги ойга туширтириб беришини айтади.

— Менга ярим ставканинг ойлиги камлик қиляпти. Бир ставкага ўтказишнинг иложиси борми?, —  деб сўрайди Санобар гап орасида.

Шоҳиста опа эса бу гапни кутиб тургандек бош ирғайди.

— Яна юз доллар берсангиз, тўлиқ ставкага ўтдим деяверинг, — дейди бошлиқ.

Шунинг учун С.Турдибоева эртаси куниёқ ота-онасидан 100 АҚШ долларини олиб, бирлашма раҳбарининг қабулига боради. Кейин хорижий валютани “опажониси”нинг қўлига тутқазади. Пулни кўриб “эриб” кетган  Р.Боқижонова эса дарҳол ҳамширадан 1 штат бирлигига иш қабул қилиш хусусида ариза ёздириб олади. Аммо…

Аммо шундан кейин ҳам Санобарнинг маошидан дарак бўлмайди. Шу боис у асаби бузилиб, бирлашма бош ҳисобчиси О.Раҳимжоновга учрашади. Бош ҳисобчи бўлса амалда мавжуд бўлмаган штат бирлиги учун иш ҳақи ҳисоблай олмаслигини маълум қилади. Шундагина С.Турдибоева алданганини англаб етади. Пировардида 2020 йил 21 август куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ариза билан мурожаат қилади.

Буни қарангки, ўша куниёқ — кеч соат 21:00ларда қишлоқ врачлик пунктида ишловчи Жамила Акбарова ва Манзура Исомиддиновалар унинг уйига ичига пул солинган конверт ташлаб кетишади. Санобар очиб қарасаки, конвертда 200 АҚШ доллари ҳамда 1.020.000 сўм пул борлигини кўради. Бинобарин, уяли телефони орқали қолган 100 АҚШ долларини қачон қайтаришини сўраб, Роҳила опага SMS хабар жўнатади. Кўп ўтмай келган жавобда эса бошлиқ қолган пулни бир-икки кунда қайтариб беришини билдиради. Шунинг учун ҳам С.Турдибоева 2020 йил 22 август куни яна ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат этиб, қайтариб олинган 200 АҚШ доллари ва 1.020.000 сўм пулларни Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Норин тумани бўлими тақдим қилади.

Шундан кейин Р.Боқижонова ана шу идорага чақиртирилиб, ундан тушунтириш хати олинади. Инчунин, у ўз айбини тан олиб, қайтариши керак бўлган 100 АҚШ долларини ўз ихтиёри билан тақдим этади. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Бир йиллик директор

Бу – Норин туманидаги 27-умумтаълим мактаби директори Соҳибжон Эрмаматовдир. Агар у нафсига алданмаганда эди, балки узоқроқ ишлармиди айни лавозимда?

Тергов ва суд жараёнида аён бўлишича, “Ҳуқуқ” фани ўқитувчиси Жўрамирза Асадуллаев иш излаб, қайси мактабда бу мутахассисликдаги ўқитувчи етишмаслигини сўраб-суриштиради. Шунда мазкур мактабда “Ҳуқуқ” фани ўқитувчиси йўқлигини аниқлайди. Бинобарин, 2020 йил август ойида мактаб директори ўринбосарига мурожаат қилади. Кейин ҳужжатларини топшириб, 2020 йил 2 сентябрь куни мактабга ишга киради. Аммо иш фаолиятини бошлагач, С.Эрмаматов уни хонасига чақиртиради.

— Тўғри тушунасиз, мактабга ишга қабул қилиш ўз-ўзидан бўлмайди. Яъни озгина чиқими бор, — дейди очиқдан-оқиқ.

— Хўш, қанча беришим керак?, — деб сўрайди Жўрамирза ҳам дангал гапириб.

Шу боис директор ҳам “чиқими”ни 150 АҚШ доллари қилиб белгилайди. Бироқ бу ишнинг жиноят эканлигини яхши билган ҳуқуқшунос ўқитувчи мактаб директорининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, 2020 йил 6 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Наманган вилояти бошқармаси “Ишонч телефони”га мурожаат қилади. Натижада департамент ходимлари галдаги суҳбатни ёзиб олиш учун унга овоз ёзиш қурилмасини топширишади.

Шундан сўнг Соҳибжон 2020 йил 8 октябрь куни телеграмм ижтимоий тармоғи орқали Жўрамирзага “Эртага хонамга келинг, дарсингизни 13,5 соат қилиб қўйдим” деган хабарни ёзиб юборади. Бу эса директорнинг пулни олиб келишга ундови эди. Шу боис Ж.Асадуллаев айтилган вақтда директорга учрашади ва атайин гапни айлантиради:

— Ҳозир укам олийгоҳда ўқияпти, шароитимиз унча яхши эмас. Шунинг учун юз доллар бериб турай.

— Ука, бозор қилиб юбордингиз-ку. Майли, эртага юз долларини олиб келасиз. Қолганини кейинги ойлигингиздан берасиз, — дея жавоб беради раҳбар.

Эртаси куни Жўрамирза тезкор ходимлар кўрсатмаси билан мактабга келади. Лекин нафси тинчлик бермаётган директорнинг ўзи олдиндан “Мактабга келдингизми” дея телеграмм ижтимоий тармоғи орқали хабар юборади. Оқибатда С.Эрмаматов ўқитувчидан кимёвий ишлов берилган 1.030.000 сўм пулни олаётганда ушланади. Бинобарин, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

* * *

Албатта, қонун устуворлиги таъминланган жамиятимизда ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Шу маънода айтганда, яқинда ҳар иккала иш жиноят ишлари бўйича Норин туман судида кўриб чиқиди. Яъни суд Роҳила Боқижоновани Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “а” банди билан, Соҳибжон Эрмаматовни эса Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, уларни қонуний жазога маҳкум этди.

Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик: наҳотки, коррупциянинг илдизини қирқиш борасидаги шунча саъй-ҳаракатлар судланувчиларга таъсир қилмаган бўлса? Шунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан энг кўп коррупция ҳолатлари таълим ва тиббиёт соҳасида юз бераётгани таъкидланиши бежиз эмас экан-да? Ахир бу иккала тизим ходимлари барча юртдошларимиз ҳавас қиладиган ҳамда ўрнак олса арзийдиган инсонларку. Шундай экан, мутасаддилар айни соҳаларда коррупцияга қарши курашишни янада кучайтиришлари шарт. Зеро, коррупция гирдоби касбу лавозим танламайди.

 

Жасур ҚУРБОНОВ,
     жиноят ишлари бўйича Норин туман судининг раиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз