Ижтимоий тармоқда фойдаланувчи эълон қилган пост (мақола, фото, видео ва ҳк)дан интернет ё босма нашрлар ёхуд бошқа фойдаланувчилар контент яратишда фойдаланса, муаллифдан рухсат сўраши керакми? Ёки ижтимоий тармоқда ҳамма учун очиқ жойда қўйилган контентни муаллиф рухсатисиз қайта эълон қилса бўладими?
Одатда муаллифлик ҳуқуқига оид иш ҳақида гап кетганда, омма орасида кенг тарқалган “интернет саҳифаларидан олдим, у ерда жойлаштирилган маълумотлар “жамоат мулки” – деган нотўғри тушунча мавжуд.
Миллий қонунчилигимизга асосан, муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси – асарлар, ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарлари, шу жумладан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан эълон қилинган блогпостларга (мақола, фото, видео, аудио) ҳам татбиқ этилади.
Кўп ҳолларда контентлар яратиш вақтида муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган ҳар қандай асар шаклларига, хусусан, мақола, фото, видео, аудиоларга мурожаат қилинаётганлигига гувоҳи бўламиз.
Қонунда муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган очиқ манбалардаги фан, адабиёт ва санъат асарларидан муаллифнинг розилигисиз фақатгина иқтибос келтирган ҳолда фойдаланиш мумкинлиги белгиланган.
Иқтибос келтиришда асар муаллифнинг исми-шарифини ва олинган манба албатта кўрсатган ҳолда ҳамда асардан нормал фойдаланилишига зарар етказмаслик ва муаллифнинг қонуний манфаатларига путур етказмаслик шарти билан, ошкор қилинган асарлардан асл нусхада ва таржимада илмий, тадқиқий, мунозаравий, танқидий ҳамда реклама билан боғлиқ бўлмаган ахборот мақсадларида кўзланган мақсадга мос ҳажмда иқтибос олиш, шу жумладан газета ва журналлардаги мақолалардан парчаларни матбуот шарҳлари шаклида такрорлаш тарзида эркин фойдаланишга йўл қўйилади. Эътибор берган бўлсангиз, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асардан иқтибос келтирилганда ушбу иқтибос кўзланган мақсадга мос ҳажмда бўлиши белгиланган. Албатта, бу бутун асарни ёки мақолани кўчириб олиш дегани эмас.
Шу сабабли интернет саҳифаларига жойлаштирилган муаллифлик ҳуқуқи объектларининг ҳаммаси ҳам жамоат мулки эмас ва улардан фойдаланилганда ҳуқуқ эгасидан рухсат сўралиши шарт. Бунда муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланганлиги ҳақида белги мавжуд ёки йўқлигидан қатъи назар, асар муаллифлик ҳуқуқи асосида қонун билан ҳимоя қилинади.
Эслатиб ўтамиз! Муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарлардан фақат муаллифнинг ёки у ваколат берган шахс билан тузилган ёзма шартнома асосида фойдаланиш мумкин. Қонунга риоя қилмаслик жиноий, маъмурий ва фуқаровий жавобгарликни келтириб чиқаради. Муаллиф ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси суд орқали ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда (6 млн.дан 300 млн. сўмгача) товон пули ундиришга ҳақли.
Мадина Маҳмудова,
Адлия вазирлиги Интеллектуал мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси масъул ходими