#NoComment
09.06.2026
444

Бугунги кунда аёллар ва болаларни ҳар қандай тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи дунё ҳамжамияти олдидаги энг долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Айниқса, маиший зўравонлик, эрта никоҳ, жинсий тажовуз, психологик босим ва кибертазйиқ ҳолатларининг ортиши мазкур йўналишда қатъий ҳуқуқий ва институционал чоралар кўришни талаб этмоқда.
Ўзбекистонда ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хотин-қизлар ва болалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда мазкур соҳада қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурлари қабул қилиниб, аёллар ҳамда болаларни ҳимоя қилишнинг янги механизмлари жорий этилди.
Бу борада қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 3 мартдаги “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида” PF-33-сон Фармони аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Мазкур ҳужжатда профилактика, жавобгарлик, рақамли назорат, идоралараро ҳамкорлик ва жабрланувчиларни қўллаб-қувватлашнинг мутлақо янги механизмлари назарда тутилди.
Зўравонликка қарши курашишнинг янги ёндашувлари
Авваллари зўравонликка қарши курашиш асосан ҳуқуқбузарлик содир этилганидан кейин чора кўриш орқали амалга оширилган бўлса, ҳозирги ислоҳотларда профилактика, эрта аниқлаш ва жабрланувчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, давлат сиёсатида:
— оила институтини мустаҳкамлаш;
— эрта никоҳларнинг олдини олиш;
— хотин-қизларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш;
— болалар хавфсизлигини таъминлаш;
— жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабат шакллантириш устувор вазифалар сифатида белгиланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, кейинги йилларда қабул қилинган норматив ҳужжатларда зўравонликка қарши комплекс ёндашув шакллантирилмоқда.
Зўравонликка қарши рақамли механизмлар
Сўнгги йилларда рақамли технологиялар аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш соҳасига ҳам кенг жорий этилмоқда. Хусусан, жабрланувчилар учун махсус мобил иловалар, тезкор мурожаат тизимлари ва электрон мониторинг платформаларини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Жумладан, “my.ihma.uz” мобил иловаси орқали тезкор мурожаат тизими, “O‘smir-signal” электрон модули ва идоралар ахборот тизимларининг интеграция қилиниши кабилар зўравонлик ҳолатларини тезкор аниқлаш ва жабрланувчиларни зудлик билан ҳимоя қилиш имконини беради.
Жиноий-ҳуқуқий механизмларни кучайтириш
Аёллар ва болаларга нисбатан содир этиладиган жиноятларга қарши муросасиз курашиш мақсадида жавобгарлик чоралари ҳам кучайтирилмоқда.
Хусусан, вояга етмаганларга қарши жинсий жиноятлар учун оғирроқ жазолар белгилаш;
махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьяларни жалб қилиш;
зўравонлик содир этган шахслар билан психологик ишлаш тизимини жорий этиш каби чоралар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу орқали нафақат жазолаш, балки келгусида қайта ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсад қилинган.
Янги таҳдидлар ва замонавий ҳуқуқий ёндашув
Бугунги кунда зўравонликнинг янги шакллари ҳам пайдо бўлмоқда. Хусусан, киберзўравонлик, онлайн таъқиб, интернет орқали болалар ишончини суиистеъмол қилиш, ижтимоий тармоқларда таҳқирлаш каби ҳолатлар кенгайиб бормоқда.
Шу боис миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш, янги ҳуқуқий тушунчаларни киритиш ва рақамли муҳитда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб вазифага айланмоқда.
Профилактика — энг самарали йўл
Зўравонликка қарши курашишда профилактика ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Фақат жазо чоралари билан муаммони бартараф этиб бўлмайди. Шунинг сабабли таълим муассасаларида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, ота-оналар масъулиятини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишларини олиб бориш, блогер ва инфлюенсерларни жалб қилиш, маҳалла институти имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Жамиятда зўравонликка нисбатан муросасиз муносабат шакллантирилмас экан, ҳуқуқий чораларнинг ўзи етарли бўлмайди.
Хулоса
Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласи нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий ва маънавий аҳамиятга ҳам эга. Бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон қадрини улуғлаш, хавфсиз ва соғлом жамият қуришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур соҳада профилактика, рақамли технологиялар, ҳуқуқий жавобгарлик ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларининг уйғунлашуви зўравонлик ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади. Айниқса, аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлашда давлат органлари, жамоатчилик ва оиланинг ҳамкорлиги ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
Феруз Омонтошев,
Қонунчиликни таҳлил қилиш
ва тартибга солиш таъсирини
баҳолаш институти
етакчи маслаҳатчиси
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.