currencies image

11 937,89 UZS

10,69

usd

currencies image

13 769,16 UZS

24,28

eur

currencies image

141,76 UZS

2,53

ru



АсосийЯнгиликларБМТ минбарида Ўзбекистон овози: камбағаллик, таълим, соғлиқни сақлаш, тинчлик ва экология масалалари

БМТ минбарида Ўзбекистон овози: камбағаллик, таълим, соғлиқни сақлаш, тинчлик ва экология масалалари

Ўзбекистон

calendar

24.09.2025

eye

356

БМТ минбарида Ўзбекистон овози: камбағаллик, таълим, соғлиқни сақлаш, тинчлик ва экология масалалари

Жорий йил 23 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳида 80-юбилей сессияси иш бошлади. Тадбир доирасида умумсиёсий мунозараларда дунё етакчилари қатори Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам сўзга чиқди.

Президентимизнинг БМТ минбарида билдирган таклиф ва ташаббуслари бутун инсоният тақдири билан боғлиқ масалаларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Камбағалликни қисқартиришдан тортиб, глобал экология ва тинчлик масалаларигача бўлган йўналишлар шунинг ёрқин исботидир.

Ўзбекистон 2030 йилгача “даромади ўртадан юқори” мамлакатлар қаторига қўшилиши мақсад қилинган

Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ислоҳотлар ўз самарасини кўрсатаётганини таъкидлади. Бир пайтлар аҳолининг учдан бири қашшоқликда кун кечирган бўлса, бугун бу кўрсаткич 6,6 фоизга тушди. Бу рақам ортида миллионлаб инсонларнинг турмуши яхшилангани, оилаларнинг фаровонликка эришгани ётади.

Таълим соҳасида ҳам сифат жиҳатдан катта ўзгаришлар кузатилди. Мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизгача кўтарилди, олий таълим имкониятлари кенгайди. Мазкур натижалар келажак тараққиётини таъминлайдиган пойдевор сифатида хизмат қилмоқда.

Шундай шароитда Президентнинг Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи мамлакатимизга энг илғор билим ва инновацияларни олиб кириш, тажрибаларни чегарасиз алмашиш имкониятини яратади.

Шунингдек, юртимиз 2030 йилга қадар “даромади ўртадан юқори” мамлакатлар қаторига қўшилиш мақсадини қўйгани эса ислоҳотлар миқёси ва кўламини яққол кўрсатади.

Болалар саломатлигини ҳимоя қилиш масаласи инсониятнинг умумий вазифаси

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТда болалар саратони ва оғир касалликларга қарши курашга бағишланган халқаро тадбир ўтказилиши қайд этилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 0–19 ёш орасида тахминан 400 мингга яқин бола ва ўсмирларда саратон аниқланади. Бугунги кунда юқори даромадли мамлакатларда касалликка чалинган болаларнинг 80 фоиздан ортиғи соғайиши мумкин. Аммо ўрта ва паст даромадли давлатларда бу кўрсаткич 30 фоиздан ҳам кам. Бу эса катта тафовутни кўрсатади.

Шундай глобал манзара шароитида Президентимизнинг ташаббуси болалар саломатлигини ҳимоя қилиш масаласи инсониятнинг умумий вазифаси эканини яна бир бор эслатди.

Ғазо сектори: “икки халқ – икки давлат” тамойили

Президентимизнинг нутқида халқаро низолар масаласи ҳам алоҳида ўрин тутди. Ғазо секторида давом этаётган тўқнашувларни тўхтатиш ва БМТ резолюцияларида акс этган “икки халқ – икки давлат” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш зарурлиги ҳақидаги чақириқ Ўзбекистоннинг аниқ позициясини кўрсатди. Украина атрофидаги вазиятга берилган баҳо ҳам шунга уйғун равишда янгради, уруш дипломатик йўллар билан ҳал қилиниши керак.

Бугунги дунёда қарама-қаршиликлар, урушлар ва зиддиятлар кучайиб бораётган бир пайтда, айнан шундай позиция халқаро ҳамжамият учун долзарб аҳамият касб этади.

Ўзбекистонда Сув ресурслари бўйича бутунжаҳон форуми ўтказилади

Нутқда Орол денгизи масаласи алоҳида таъкидланди. Сўнгги йилларда денгизнинг қуриган тубида 2 миллион гектар майдонда ўсимликлар ўтқазилиб, 2030 йилгача ҳудуднинг 80 фоизи яшил қопламалар билан таъминланиши режалаштирилган. Бу лойиҳа бутун минтақанинг экологик барқарорлиги учун улкан аҳамиятга эга.

Бугунги кунда сув муаммоси дунё миқёсида энг катта таҳдидлардан бирига айланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 55 миллион киши қурғоқчиликдан жабр кўради.

Сув танқислиги аллақачон ер юзининг 40 фоиз аҳолисига таъсир кўрсатмоқда, 2030 йилга келиб эса 700 миллионга яқин одам сув инқирози сабабли ўз уйини тарк этиши мумкин. Бу ҳолат сув масаласи иқтисодиёт, хавфсизлик ва инсон ҳаёти билан қай даражада узвий боғлиқ эканини кўрсатади.

Шу жиҳатдан, Президент томонидан илгари сурилган Сув ресурслари бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш ташаббуси аҳамиятини англаш мумкин.

Иқлим ўзгариши оқибатида кучайиб бораётган миграция масаласи бугунги глобал кун тартибидан мустаҳкам ўрин олмоқда. Президентнинг бу йўналишда Глобал пакт қабул қилиш ташаббусини минбарга олиб чиқиши ҳали бирор етакчи томонидан илгари сурилмаган ғоядир.

Президентимиз томонидан бошқа бир қатор соҳаларда умумбашарий муаммоларга ечим излашга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди. Бу орқали юртимиз глобал жараёнларда фаол иштирокчи ва масъулиятли ҳамкор сифатида ҳаракат қилаётгани яна бир бор ўз тасдиғини топди.

 

Дилмурод Ражабоев, ҳуқуқшунос

Улашиш: