Life Style
10.11.2025
321

Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири – бу истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришдир. Аҳолининг кундалик ҳаёти ва фаровонлигига бевосита таъсир этувчи ушбу йўналишда давлат томонидан қабул қилинаётган қарорлар, фармонлар ва қонунлар нафақат товарлар сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, балки адолатли рақобат муҳитини яратишга ҳам хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, 2025 йил 6 октябрда Президент томонидан имзоланган ПҚ-296-сонли “Истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор ушбу йўналишда чуқур аҳамият касб этувчи ҳужжат бўлди.
Қарорнинг асосий мақсади истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг ташкилий, технологик ва ҳуқуқий механизмларини тубдан янгилашдан иборатдир. У илгари амал қилган анъанавий назорат механизмларини замонавий рақамли ёндашув билан уйғунлаштиради ҳамда давлат, тадбиркор ва истеъмолчи ўртасидаги ўзаро масъулиятни мувозанатлаштиради. Ҳужжатда рақамли технологияларни жорий этиш, фуқаролик жамияти институтлари рольини кучайтириш, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан бошлаб рақамли маркировка тизими жорий этилган товарлар таркибида яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни сотиш назорат-касса техникалари орқали автоматик тарзда чекланади. Ушбу механизм сифатсиз ёки хавфли маҳсулотларнинг бозорга кириб келишини тўхтатади, шунингдек, инсон саломатлигига хавф туғдирувчи ҳолатларнинг олдини олади. Амалда бу тизим истеъмолчилар хавфсизлигини кафолатловчи рақамли фильтр вазифасини бажаради. Шу билан бирга, тадбиркорлар ўз маҳсулотларини тўлиқ идентификатсияц қилишга мажбур бўлади, бу эса уларнинг масъулиятини оширади ва соғлом рақобат муҳитини мустаҳкамлайди.
Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб давлат санитария-эпидемиология назорати органи томонидан аккредитацияланган лабораторияларда ўтказилган синов натижалари электрон тарзда “Э-лаборатория” ахборот тизимининг модули орқали юритилади. Бу янгилик истеъмолчиларга озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги маълумотни онлайн текшириш имкониятини беради. Натижада, сохта сертификатлар ёки ноқонуний маҳсулотлар муомаласига чек қўйилади. Шу тарзда давлат назоратининг рақамли шаклга ўтиши ишончлилик ва шаффофлик тамойилларини амалда таъминлайди.
Қарорда яна бир муҳим жиҳат – бу нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини кенгайтиришдир. 2025 йил 15 октябрдан 2027 йил 1 январгача тажриба тариқасида ННТлар иштирокида “сирли мижоз” ва назорат хариди механизмлари жорий этилади. Ушбу тизим орқали фуқаролик жамияти вакиллари бозордаги ҳуқуқбузарликларни амалий равишда аниқлаш ва уларнинг олдини олишда фаол қатнашади. Ҳар бир “сирли мижоз” махсус сертификат асосида фаолият юритади ва уларнинг кузатув натижалари Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан таҳлил қилинади. Бу ёндашув давлат назоратини жамоатчилик назорати билан уйғунлаштиради ҳамда тизимни янада самарали қилади.
Мазкур қарор билан бир қаторда, истеъмолчи мурожаатларини самарали кўриб чиқиш учун “Истеъмолчи-мурожаати” ахборот тизимини яратиш вазифаси ҳам белгиланган. Ушбу тизим истеъмолчиларнинг аризалари ва шикоятларини ягона платформада жамлаб, уларнинг кўриб чиқилиши, натижаси ва ижроси устидан мониторингни таъминлайди. Шундай қилиб, ҳар бир мурожаат рақамли изга эга бўлади, бу эса бюрократик кечикишларни бартараф этади ва давлат органлари ҳамда тадбиркорлар фаолиятида жавобгарликни кучайтиради.
Қарорда шунингдек, маъмурий жавобгарликни кучайтириш бўйича таклифлар илгари сурилган. Хусусан, ишлаб чиқарилган санаси ёки яроқлилик муддати кўрсатилмаган озиқ-овқат маҳсулотларини сотганлик учун жарималар миқдори уч баравар оширилиши белгиланган. Ушбу норма тадбиркорларнинг жавобгарлигини кучайтириб, қонунбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Қарор ижросини таъминлаш учун масъул орган сифатида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси белгиланди. Қўмита истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида назорат, мониторинг ва профилактика чораларини олиб боради.
Хулоса қилиб айтганда, ПҚ-296-сонли қарор нафақат истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, балки ҳалол тадбиркорлик ва адолатли рақобат тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу ҳужжат амалда фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш, товар ва хизматлар бозорида соғлом муҳит яратиш, шунингдек, иқтисодиётда ҳуқуқий маданиятни ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Дониёр Абдуазизов,
Тошкент давлат юридик университети
Бизнес ҳуқуқи кафедраси ўқитувчиси
Улашиш:
Бошқалар
Халқаро оила куни
1994 йилдан бошлаб 15 май кунини - Халқаро оила куни деб белгиланган.
Уй-жой харидида алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? Муҳим 6 саволга жавоб
Агар барча ҳужжатлари тўлиқ бўлса, бир кунда кўриб чиқилиб рўйхатдан ўтказиш имкони мавжуд.
Ижтимоий тармоқлардаги хатти-ҳаракатлар интизомий жавобгарликка сабаб бўладими?
Кодекснинг 301-моддасига кўра, ходим томонидан интизомий қилмиш содир этилиши уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши
Давлат рўйхатидан ўтказиш — мулк ҳуқуқининг вужудга келиши учун мажбурий юридик босқич ҳисобланади.