Ҳуқуқ
23.11.2024
52
Бугунги кунимизни автомобилларсиз тасаввур қила олмаймиз. Уни бошқариш чоғида билиб-билмай йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, радарларга тушиб қолиш ҳам учраб туради. Бунинг оқибатида эса почтачи уйимизга жарима солиш тўғрисидаги қарорни дарров етказади. Аттанг, муаммо устига яна бир муаммо. Тўхтангчи, ўзи бу жарима қонуниймикан?!
Hudud24.uz колумнисти Неъматулло Замоновнинг ушбу мақоласида радарлар орқали қайси ҳолатларда жарима чиқарилиши мумкинлиги, радарларга қўйилган техник талаблар, ноқонуний жарималарни бекор қилиш йўллари ва бошқа шунга ўхшаш долзарб саволларга содда талқинда жавоб ёзилади.
1. Қандай радар турлари мавжуд?
Радарларни шартли равишда муайян гуруҳларга бўлиб оламиз. Сабаби ҳамма радарлар ҳам бир хил тартибда қоидабузарликни қайд этмайди.
Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситаси – асосан чорраҳаларда, йўл бўйида металл устунларга ўрнатилиб, автомобилларнинг давлат рақами белгиларини аниқлайди.
Мобил комплекс – Одатда «Nexia III» ёки «Cobalt»ларга ўрнатилади. Мультирадарлар мобил комплекс ҳисобланади.
Кўчма фоторадар – Халқ тилида «учоёқ радар» дейилади.
2. Мультирадарда аниқланган қоидабузарлик ўша жойнинг ўзида ҳайдовчига маълум қилиниши керакми?
Худди шундай. Низомнинг 31-бандида шундай дейилган: «Кўчма фоторадар ва мобил комплекслардан фойдаланганда, ЙПХ ходими мосламанинг кўрсаткичлари билан ҳаракат тезлигини ошириб, қоидаларни бузган ҳайдовчини таништириши, унинг талаби билан мосламанинг сертификати (нусхаси)ни кўрсатиши лозим». Яъни «учоёқ» ёки мультирадарлар орқали ҳуқуқбузарлик аниқланди. Бундай вазиятда ЙПХ ходими ҳайдовчига қоидабузарлик содир этгани ҳақида ўша жойнинг ўзида маълумот бериб, унинг иштирокида баённома расмийлаштиради. Масалан, 60 км/соат тезликда ҳаракатланиш керак бўлган жойда ҳайдовчи 90 км/соатда ҳаракатланиб, қоидани бузди. Қоидабузарлик мультирадарда қайд қилинди. Энди ЙПХ ходими ушбу ҳайдовчига қанча тезликда ҳаракатланиб қоидани бузганлиги ҳақида маълум қилиши шарт. Бу тартибга амал қилинмасдан чиқарилган жарима ноқонуний ҳисобланади.
Афсуски, юқоридаги тартибга риоя қилинмай чиқарилган жаримани бекор қилишда барча судларда бир хил амалиёт шаклланмаган. Шунинг учун айрим ҳолларда фуқаролар мана шундай ноқонуний жаримани бекор қилишда қийинчиликка дуч келишаётганини рад этиб бўлмайди. Бироқ Олий суд ахборотномасида бу ҳақда аллақачон тегишли кўрсатма бериб ўтилган:
3. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали жарима расмийлаштирилишида ҳам ҳайдовчига қоидабузарлик дарҳол маълум қилиниши керакми?
Йўқ. «Учоёқ» ва мультирадарлар воситасида маъмурий ҳуқуқбузарлик қайд этилган тақдирдагина ҳайдовчи ўша жойнинг ўзида бу ҳақда хабардор қилинади. Ушбу тартиб махсус автоматлаштирилган техника воситалари билан қоидабузарлик қайд этилишига нисбатан татбиқ этилмайди. Бунда ҳайдовчининг иштирокисиз жарима солиш тўғрисида қарор чиқарилади. Баённома ҳам расмийлаштирилмайди.
Жарима солиш тўғрисидаги қарор ҳуқуқбузарга 3 кун ичида почта орқали етказилади.
4. «Nexia III» га ўрнатиладиган мультирадарлар ҳаракатланган ҳолда ҳуқуқбузарликни қайд этиб ўтиши мумкинми?
Мумкин. Низом талабига кўра, мультирадарлардан фойдаланиш ДЙҲХХ саф бўлими (бўлинмаси) бошлиғи томонидан тасдиқланган дислокация доирасида амалга оширилади. Яъни белгиланган ҳудуд ичида мультирадарлар орқали жарима чиқарса бўлаверади. Демак, кўрсатилган дислокация доирасида қоидабузарликларни мультирадар орқали ҳаракатланиб туриб ҳам аниқлаш мумкин.
5. Радарлар симёғочга ўрнатилиши қонунийми?
Техник талабларга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш тизимлари автомобиль йўлининг қатнов қисмига халақит бермайдиган ҳолда, ўнг ёки чап йўналишга «I», «Г», «Т» ёки «П» шаклдаги металл устунга ўрнатилади. Симёғоч, дарахт ва бошқа нарсаларга ўрнатиш мумкин эмас.
Шунингдек, радар шу металл устунга ердан камида 6 метр баландликда ўрнатилиши зарур.
6. Тадбиркорлар томонидан ўрнатиладиган радарлар қанчагача бўлган тезликни аниқлай олади?
Қонунчиликда келтирилган техник талабга мувофиқ, бундай радарлар 5 — 250 км/ҳ тезлик оралиғида ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг тезлиги ва давлат рақами белгисини аниқлаши мумкин. Бу дегани 250 км/соатдан юқори тезликда ҳаракатланганда радарлар автомобиль тезлигини қайд этиш имкониятига эга бўлмайди. Тўғри, бундай тезликда ҳаракатланишда қоидабузарлик эмас ўлим қайд этилиши эҳтимоли юқори).
7. Тўхташ ва тўхтаб туриш йўл ҳаракати қоидабузарликларини радарлар орқали қайд этишда қандай талаблар мавжуд?
Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидабузарлигини аниқлашда радарлар бир эмас икки турдаги фотони қайд этиши талаб этилади. Қолаверса, улар икки хил вақтда олиниши керак.
Масалан, ҳайдовчи тўхташ тақиқланган жойда автомобилни тўхтатиб, қоидабузарлик содир этди. Бунда радар қуйидаги икки хил турдаги фотосуратни икки хил вақт оралиғида қайд этиши зарур:
1-расм: қоидабузарлик содир этилган ҳолат ва унинг вақти акс эттирилади;
2-расм: 1 дақиқадан сўнг ўша ҳолат қайта суратга олиниб, унда худди шу автомобилнинг рақами катталаштирилган ҳолда бўлади.
Шунга ўхшаб тўхтаб туриш қоидаси бузилганда ҳам радарлар орқали жарима чиқарилишида икки хил фото икки хил вақт оралиғида олинмоғи лозим. Яъни тўхтаб туриш қоидасини бузган вақтдаги автомобиль сурати ҳамда орадан 10 дақиқа ўтгач яна битта шу ҳолат акс этган фото.
Юқоридаги расмлар илова қилмай чиқарилган жарима солиш тўғрисидаги қарор ҳақиқий ҳисобланмайди.
8. Тадбиркорлар қандай қилиб радарларни ўрнатиши мумкин?
Тадбиркорлар томонидан радар ўрнатилиши мумкин бўлган жойлар «e-auksion» платформасида танловга қўйилади. Онлайн аукционда ғолиб бўлган тадбиркорлик субъекти радарни ўрнатиш ҳуқуқига эга бўлади. Шундан сўнг тадбиркор низомда белгилаган идоралар билан келишиши, ҳужжатлалаштириш ишларини амалга оширади.
(Батафсил бу ерда танишинг)
Тадбиркорлик субъекти радарни ўрнатгач дастлабки икки йилда радар қайд этган жарималарнинг 50% ини олишга ҳақли. Икки йилдан кейин эса жарималарнинг 25% қисмига эгалик қилиши мумкин. Қолаверса, радар унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлганлиги туфайли уни бошқа одамга сотиши ҳам мумкин бўлади.
9. Радарлар орқали чиқарилган жаримани бекор қилиш учун қаерга мурожаат қилса бўлади?
Радарлар орқали чиқарилган жаримани қонунга хилоф деб ҳисобласангиз ҳудудингиздаги жиноят судига ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.
10. Жаримани бекор қилиш юзасидан судга ариза берилганда қанча давлат божи тўланади?
МЖтКнинг 315-моддасига асосан ушбу ҳолатда жарима қўллаш тўғрисидаги қарор юзасидан шикоят қилсангиз, давлат божи тўламайсиз.
МУҲИМ!: МЖтКнинг 332-1-моддасига кўра, жарима солиш тўғрисидаги қарор ҳуқуқбузарга топширилган кундан бошлаб ўн беш кун ичида у жарима миқдорининг эллик фоизини ёки ўттиз кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўлаган тақдирда, жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод қилинади. Жарима солиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда эса шахс мазкур чегирмадан маҳрум бўлади.
Улашиш:
Бошқалар
Айрим фуқароларга электр энергияси ва табиий газ учун компенсация берилади
Қарорга кўра, иситиш мавсумида (ноябрь – февраль ойларида) эҳтиёжманд оилаларга 270 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам ўтказиб берилади.
Фуқаролик процессида судга чақирув: муҳим 5 саволга жавоб
Суднинг чақирув қоғози ёки бошқа хабарнома ишда иштирок этувчи шахсларга ва суд процессининг бошқа иштирокчиларига судга ўз вақтида келиш ва ишга тайёрланиш учун етарли вақтга эга бўлишини мўлжаллаб топширилиши ёки етказиб берилиши керак.
Меҳнат шартномасини ўзгартириш ва бошқа ишга ўтказиш тартиби қандай
Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра ходим меҳнат шартларини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақлидир ва бундай ариза 3 кундан кечиктирмай иш берувчи томонидан кўриб чиқилиши шарт.
Фуқаролик ишлари бўйича суд харажатлари: муҳим 6 саволга жавоб
Суд тарафларнинг мулкий аҳволига қараб суд харажатларини тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлашга йўл қўйиши, шунингдек бу харажатларнинг миқдорини камайтириши мумкин.