Life Style
23.06.2026
376

Агар солиқ тўловчининг банк ҳисобварақларидаги маблағлари етарли бўлмаса ёки солиқ қарзини ҳисобварақлардан ундириш имкони бўлмаса, солиқ органи қарздорликни бошқа мол-мулк ҳисобидан ундириш ҳуқуқига эга.
Солиқ кодексининг 123-моддасига кўра, мазкур тартиб фақат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан қўлланилади.
Қайси мол-мулкдан ундириш бошланади?
Қонунчиликда солиқ қарзини ундириш учун аниқ кетма-кетлик белгиланган бўлиб, солиқ органлари ушбу тартибни бузиши мумкин эмас.
Аввало, банк ҳисобварақларидан ундирув қаратилмаган нақд пул маблағларига ундирув қаратилади.
Шундан сўнг ишлаб чиқаришда бевосита фойдаланилмайдиган мол-мулклар, жумладан қимматли қоғозлар, валюта қимматликлари, ишлаб чиқаришга мўлжалланмаган бинолар, енгил автотранспорт воситалари ҳамда хизмат хоналарининг дизайн буюмлари ҳисобидан қарздорлик ундирилади.
Кейинги босқичда тайёр маҳсулотлар, товарлар ва ишлаб чиқаришда иштирок этмайдиган бошқа моддий бойликларга ундирув қаратилади.
Агар қарздорлик қопланмаса, ишлаб чиқаришда бевосита фойдаланиш учун мўлжалланган хом ашё, материаллар, дастгоҳлар, ускуналар, бинолар, иншоотлар ва бошқа асосий воситалар ҳисобидан ундириш амалга оширилади.
Шунингдек, бошқа шахсларга фойдаланиш ёки эгалик қилиш учун берилган, аммо мулк ҳуқуқи ўтмаган мол-мулк ҳам ундирув объекти бўлиши мумкин. Бунинг учун тегишли шартнома бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган бўлиши лозим.
Сўнгги навбатда бошқа мол-мулкка ундирув қаратилади. Бироқ якка тартибдаги тадбиркор ва унинг оила аъзоларининг кундалик шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган айрим мол-мулклар қонунчиликка мувофиқ ундирувдан мустасно этилади.
Солиқ қарзи мол-мулк ҳисобидан қандай ундирилади?
Умумий қоидага кўра, солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундириш суд тартибида амалга оширилади.
Бироқ солиқ тўловчи қарздорликни тан олса, солиқ органи раҳбари ёки унинг ўринбосари қарори асосида ҳам ундирув амалга оширилиши мумкин.
Солиқ органи қарор қабул қилганидан сўнг уч иш куни ичида ушбу қарорни ижро этиш учун Мажбурий ижро бюросига юборади.
Давлат ижрочиси эса қарор келиб тушган кундан бошлаб икки ой ичида ижро ҳаракатларини амалга ошириши ва қарорда кўрсатилган талабларни бажариши шарт.
Хулоса
Солиқ қарзини мол-мулк ҳисобидан ундириш солиқ қарздорлигини қоплашнинг сўнгги чораларидан бири ҳисобланади. Бунда қонунчилик мол-мулкка ундирув қаратишнинг қатъий кетма-кетлигини белгилаган бўлиб, солиқ органлари мазкур тартибга қатъий риоя қилиши лозим. Шунингдек, кўпчилик ҳолларда бундай ундирув фақат суд қарори асосида амалга оширилади.
Зиёвуддин Намозов,
"Адолат" МҲАМ ходими
Улашиш:
Бошқалар
Телефон сўзлашувларини қандай тартибда эшитиш мумкин?
Сўзлашувларни эшитиб туриш ва ахборот олиш бўйича тергов ҳаракатини ўтказиш учун суриштирувчи ёки терговчи тегишли илтимоснома киритади.
Миси чиққан уста
Ишонч – инсонлар ўртасидаги энг қимматли нарса.
Давлат қарори билан мулк ҳуқуқи қачон бекор қилиниши мумкин?
Фуқаролик кодексининг 206-моддасига кўра, давлат органлари мулкдорнинг мол-мулкини истаган вақтда ёки асоссиз равишда олиб қўйиши мумкин эмас.
Банк мижоз учун эмас(ми?)
Навоий вилоятидаги банклардан бирининг туман филиали мутассадиларининг лоқайдлиги туфайли бир оила бошпанасиз, сарсон-саргардон.