currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларТуркий давлатлар овози: ҳамжиҳатлик ва истиқбол

Туркий давлатлар овози: ҳамжиҳатлик ва истиқбол

#NoComment

calendar

07.10.2025

eye

145

Туркий давлатлар овози: ҳамжиҳатлик ва истиқбол

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари айни кунларда Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этади.

Йиғилиш “Минтақавий тинчлик ва хавфсизлик” мавзусида ўтказилиб, унда сиёсат, иқтисодиёт, транспорт, энергетика ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликнинг янги босқичи муҳокама қилинади. Давлат раҳбарлари минтақа барқарорлиги, хавфсизлик ва ҳамжиҳатлик йўлидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашади.

Аввало, бу амалий ташриф моҳиятида Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда изчиллик билан олиб бораётган ташқи сиёсий йўналишининг мантиқий давоми ётади. Шу билан бирга, мазкур қадам Ўзбекистоннинг минтақавий муносабатларда мустаҳкам позицияга эга эканини, қўшни ва шерик давлатлар билан очиқ, ишончли ҳамкорликни амалга ошириб келаётганини кўрсатади.

Бу орқали Ўзбекистон ўз геосиёсий нуфузини мустаҳкамлаб, Туркий дунё билан умумий тарих, тил ва маданий яқинликка таянган ҳолда самарали сиёсий ҳамда иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Хўш, ҳамкорлик асосида турган Туркий давлатлар ташкилоти ўзи қандай тузилма? Унинг ҳаётимизга, иқтисодиётимизга, сиёсатимизга қандай таъсири бор?

Туркий давлатлар ташкилоти – бу туркий тилли давлатларни бирлаштирган, тарихий қардошликни замонавий стратегик ҳамкорликка айлантира олган халқаро майдон. 2009 йилда “Turkic Council” номи билан тузилган ва кейинчалик ўзининг мақсадлари, механизмлари орқали кенгайиб, “Туркий давлатлар ташкилоти” номини олган.

Асосий ғоя-мақсад умумий тарих, тил ва маданиятга суянган ҳолда сиёсий, иқтисодий ва маданий ривожланишни янги босқичга олиб чиқишдан иборат. Бугун ташкилот ушбу ғоя атрофида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни фаол бирлаштирган.

Ўзбекистон ушбу ташкилотга тўла аъзо сифатида қўшилгач, унинг фаолияти янги босқичга кўтарилди. Мамлакатнинг стратегик жойлашуви, иқтисодий салоҳияти ва минтақадаги нуфузи туфайли ташкилотнинг географик қамрови кенгайди, салоҳияти ва таъсир доираси янада ошди.

Қолаверса, Туркманистон ва Венгрия ҳам кузатувчи давлат сифатида иштирок этмоқда. Бу эса ташкилотнинг фақат туркий мамлакатлар билан чегараланиб қолмаётганини, балки халқаро миқёсда ишонч қозонаётганини ҳам кўрсатади. Шу тариқа Туркий давлатлар ташкилоти янги шароитда сиёсий мулоқот, иқтисодий шериклик ва маданий яқинликнинг замонавий кўпригига айланди.

Ташкилот доирасида давлат раҳбарлари мунтазам равишда саммитлар ўтказиб, транспорт-коммуникация тизимларини ривожлантириш, савдо йўлакларини очиш, энергетика ва инновация соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш ҳақида келишувлар тузадилар.

Туркий давлатлар ташкилоти бугунги кунда фақат маданий қардошлик символи эмас, Евроосиё маконидаги сиёсий ва иқтисодий куч марказларидан бирига айланмоқда. Масалан, Осиёдан Европагача узайган “Туркий транзит йўлаги” ташкилот доирасидаги муҳим стратегик лойиҳа бўлиб, у савдо алоқаларини енгиллаштиради ва аъзо мамлакатларнинг транзит салоҳиятини оширади.

Ўзбекистон учун бундай ҳамкорлик айниқса муҳим. Мамлакатимиз марказий географик жойлашуви ва иқтисодий имкониятлари билан Туркий дунёда табиий боғловчи ҳалқа вазифасини бажаради. Ташкилот орқали Ўзбекистон янги бозорларга чиқиш, инвестиция жалб этиш, транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш имкониятини топмоқда. Шу билан бирга, маданий ва таълим соҳаларидаги қўшма дастурлар орқали халқлар ўртасидаги яқинлик ва дўстлик ришталари янада мустаҳкамланмоқда.

Туркий давлатлар ташкилоти ташқи сиёсат майдонида ҳам муҳим платформа ҳисобланади. Бу ташкилот аъзолари халқаро майдонда бир-бирининг манфаатларини ҳимоя қилиш, минтақавий барқарорликни таъминлашда бирлашган позициядан чиқиш имконига эга. Бу, айниқса, глобал мувозанат ўзгариб бораётган бугунги дунёда катта аҳамият касб этади.

Умуман олганда, Туркий давлатлар ташкилоти фаолияти, энг аввало, иқтисодий ўсиш ва янги имкониятларга хизмат қилади. Ўзаро савдо ва транспорт ҳамкорлиги орқали бозорлар кенгаяди, янги иш ўринлари яратилади, халқлар фаровонлиги ошади.

Энг муҳими, бу тузилма туркий халқларни тарих, амалий манфаат ва мақсадлар муштараклиги билан ҳам янада яқинлаштирмоқда.

hudud24.uz колумнисти
Дилмурод Ражабоев

Улашиш:

Бошқалар

24-октябр 2025, 04:21
750

Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин

Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.


21-октябр 2025, 11:03
734

Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?

Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.


20-октябр 2025, 04:32
645

Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар

Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.


30-октябр 2025, 07:11
593

Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати

Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.

Мавзуга доир янгиликлар: