currencies image

12 011,02 UZS

49,13

usd

currencies image

13 958,01 UZS

106,54

eur

currencies image

148,08 UZS

0,79

ru



АсосийЯнгиликларЎзбекистон ва Европа муносабатларида янги тарих битилмоқда

Ўзбекистон ва Европа муносабатларида янги тарих битилмоқда

Ҳуқуқ

calendar

29.10.2025

eye

187

Ўзбекистон ва Европа муносабатларида янги тарих битилмоқда

Ўтган ҳафтада халқаро муносабатларимизда янги қиёфа касб этди. Дунёда дипломатия сиёсий восита бўлиб қолмасдан, тараққиёт, барқарорлик ва технологик янгиланиш омилига айланмоқда. Мамлакатлар ўзаро ҳамжиҳатликда ривожланишни мақсад қилган. Ўзбекистон ҳам сўнгги йилларда ана шундай ислоҳотчи ва очиқ сиёсат юритувчи давлат сифатида халқаро майдонда ўз ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Белгияга – Брюсселга расмий ташрифи шундан далолат.

Брюссел – Европанинг сиёсий юраги. Бу ерда қабул қилинадиган қарорлар қитъанинг иқтисодий ва геосиёсий манзарасини белгилайди. Давлатимиз етакчисининг Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен ҳамда Белгия Қироли Филипп билан учрашувлари ана шундай дунёнинг диққат марказида бўлиб ўтди. Мулоқотлар орқали Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатлари янги босқичга кўтарилди. Суҳбатларда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, савдо ҳажмини ошириш, фан ва таълим соҳасида қўшма дастурлар йўлга қўйиш, “яшил энергетика” ва рақамли иқтисодиётдаги лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Президент ташрифи доирасида Европанинг етакчи компания ва банклар раҳбарлари билан давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди. “Linde”, “SUEZ”, “Meridiam”, “Commerzbank”, “KfW”, “Ahlers Logistics”, “Rhenus”, “NextChem”, “Lasselsberger Group” каби йирик корпорациялар ва Европа Иттифоқининг кенгайиш бўйича комиссари Марта Кос иштирок этган бу учрашув Ўзбекистонга бўлган ишонч даражасининг юқори эканини кўрсатди. Европа бизнесининг ўз ташаббуслари билан иштирок этиши мамлакатимиздаги иқтисодий муҳитнинг барқарорлиги ва очиқлигига бўлган эътирофдир.

Учрашувда Президент сўнгги етти йил ичида Европа билан товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошгани, Европа сармояси иштирокидаги корхоналар сони 1000 дан зиёдга етганини таъкидлади. Рақамлар мамлакатдаги ислоҳотлар натижасини англатади. Европа компаниялари Ўзбекистондаги иқтисодий сиёсатни амалдаги ўзгаришлар билан баҳолаяпти. Бу ҳамкорлик сармоя кириши, янги ишлаб чиқаришлар, юқори технологиялар ва малакали кадрлар тайёрлаш тизимининг ривожланишига замин яратади.

Президент суҳбатларда ҳамкорликнинг тўрт асосий йўналишини белгилаб берди.

Биринчи, стратегик хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш. Бу йўналиш орқали мамлакат экспорт салоҳияти ошади ва Европа бозорига рақобатбардош маҳсулотлар етиб боради.

Иккинчи, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш. Қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилиши экологик барқарорликни таъминлайди, энергетика тизимини модернизация қилишга ёрдам беради.

Учинчи, транспорт ва логистика инфратузилмасини янгилаш. Янги темир йўл ва автомагистрал йўналишлари орқали Европа ва Осиёни боғлайдиган замонавий транзит тизими яратилади.

Тўртинчи, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш. Бу соҳада Европа компаниялари билан ҳамкорлик ёшлар учун IT соҳасида янги имкониятлар очади, стартаплар ва инновация муҳитини кенгайтиради.

Ташрифнинг энг муҳим воқеаси Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида “Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим”нинг имзоланиши бўлди. 9 бўлим, 356 модда ва 14 иловадан иборат ҳужжат икки томонлама муносабатларнинг барча йўналишларини қамраб олади. У сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо ва сармояни эркинлаштириш, фан, таълим ва инновация соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланиш масалаларига катта эътибор қаратишни назарда тутади.

Битим орқали Ўзбекистон маҳсулотлари учун Европа бозорларига чиқиш имкониятлари кенгаяди, иқтисодий муносабатлар замонавий стандартларга мос тарзда ривожланади. Бу эса ташқи савдо айланмасини оширибгина қолмай, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ҳам кучайтиради. Ҳужжат, шунингдек, илм-фан, таълим соҳаларида кенг ҳамкорликни кўзлайди. Бу йўналишдаги қўшма дастурлар ва илмий алоқалар ёш авлод учун халқаро билим ва тажриба мактабини очади.

Энергетика ва иқлим соҳасидаги ҳамкорлик орқали мамлакатда “яшил технологиялар”ни жорий этиш, қайта тикланадиган манбаларни кенгайтириш ва экологияни муҳофаза қилиш ишлари янада тизимли тус олади. Бу жараёнлар иқтисодиётни барқарор ривожланиш моделларига яқинлатиб, Европа стандартларига интеграцияни чуқурлаштиради.

Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик бўйича Европа Иттифоқи билан икки томонлама музокаралар якунлангани ҳам олқишланди.

Ташриф давомида Европа компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида умумий қиймати 10 миллиард евродан ортиқ янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Бу ҳозирги кундаги Европа иштирокидаги 40 миллиард евролик қўшма лойиҳалар портфелига салмоқли қўшимча бўлди.

Бундан ташқари, барча даражадаги мулоқотлар ва алоқалар фаоллашгани, иқтисодий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш учун институционал механизмларни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Инвестиция ва таълим соҳаларида янги қўшма дастурлар, виза тартибини енгиллаштириш, фан ва экология йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг Брюсселга ташрифи ўз номи билан халқаро сиёсий воқеа. Қолаверса, Ўзбекистоннинг ички ривожланиш стратегиясида янги босқични бошлаб берди. Европа билан муносабатлар ҳар жабҳада – ҳаётнинг ўзида, ишлаб чиқаришда, таълим тизимида, энергия таъминотида ва аҳоли турмуш даражасида ўз аксини топади. Бу ташриф орқали Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятда тенг сўзли, замонавий фикрлайдиган ва очиқ ҳамкорликка қодир давлат сифатида яна бир бор ўз сўзини айтди.

Hudud24.uz колумнисти
Дилмурод Ражабоев

 

Улашиш:

Бошқалар

24-октябр 2025, 04:21
748

Шахс ўзининг хабарисиз номига кредит тузилишининг олдини олиши мумкин

Қонунчиликка кўра, жисмоний шахс ўзининг иштирокисиз ёки хабарисиз кредит битими тузилишининг олдини олиш учун ўзи билан кредит битими тузишни кредит бюросига ариза киритиш орқали тақиқлаши мумкин.


21-октябр 2025, 11:03
732

Никоҳ шартномаси — ҳуқуқий кафолатми ёки эҳтиёт чораси?

Никоҳ шартномаси икки ҳолатда — никоҳдан олдин ёки никоҳ даврида тузилиши мумкин.


20-октябр 2025, 04:32
643

Ўзбекистон Республикасида жиноят ҳуқуқи: асосий тушунчалар ва принциплар

Жиноят ҳуқуқи — бу фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятларни аниқлаш, уларни содир этган шахсларга жазо тайинлаш орқали жамиятда тартиб ва хавфсизликни таъминлашга хизмат қиладиган ҳуқуқий соҳадир.


30-октябр 2025, 07:11
592

Никоҳ шартномаси — оиладаги ишончнинг кафолати

Никоҳ шартномаси — бу оддий қоғоз эмас.

Мавзуга доир янгиликлар: