Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда иқтидорли ва билимли кадрлар учун рақобат шиддатли давом этаётганлиги сабабли, малака ошириш ва касбий ривожланиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Замон ривожланиб, ўзгариб турар экан, малака ошириш ва касбий ривожланиш ҳар қачон долзарб масала бўлиб қолаверади.
Малака ошириш (Training) ёки касбий ривожланиш (Professional development)?
Малака ошириш бўшлиқни тўлдиради, касбий ривожланиш эса ходимлар ва ташкилотнинг ўсишига қаратилган бўлади.
Малака ошириш — узлуксиз таълим турларидан бири ҳисобланиб, мутахассислар ва раҳбар ходимларнинг касбий билим ва кўникмаларини янгилаш ҳамда чуқурлаштириш жараёни. Кадрлар малакасини ошириш касбий билим, малака ва кўникмаларнинг чуқурлаштирилиши ҳамда янгилаб борилишини таъминлайди, кадрларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошишига хизмат қилади.
Малака ошириш даврийлиги турли соҳадаги мутахассислар ҳамда раҳбар ходимлар учун турлича бўлиб, 5 йилда, 3 йилда ёки 2 йилда бир марта, зарур ҳолларда бундан ҳам қисқа муддатларда ўтказилади.
Касбий ривожланиш — бу ходим ўз мартабасини ошириш учун ўрганиш ва ўқитиш орқали ўзини такомиллаштириб боришидир. Ходимнинг касбий ривожланиши устида ишлашнинг кўплаб усуллари мавжуд, масалан, машғулотларга бориш, семинар, тренинг, конференцияларда иштирок этиш, стажировка қилиш, тадқиқот олиб бориш, мақола, китоб, монография ёзиш ёки ўзини янги кўникмаларга ўргатиш. Касбий ривожланиш, шунингдек, ўз соҳангиздаги янги тенденциялардан хабардор бўлиш ва янги амалиётларни қўллашни ҳам назарда тутиши мумкин.
Малака ошириш ва касбий ривожланишнинг умумий томони, ҳар иккаласида ҳам ходим янги кўникмаларга эга бўлади, ўзида бор кўникмаларни эса ривожлантириб, янгилаб боради.
Малака ошириш ва касбий ривожланиш ходимларнинг билимларини, малакаларини ва ишдан қониқишларини яхшилайди, натижада ходимларни ташкилотда қолиш даражаси юқори бўлади.
Ҳар доим иқтидорли ходимларни топиш ва уларни сақлаб қолиш қийин масала бўлиб келган. Малака ошириш ва касбий ривожланиш имкониятларини таклиф қилиш иш берувчиларга малакали ходимларни жалб қилиш ва сақлаб қолиш орқали бўш лавозимларни тўлдиришга ёрдам беради.
“Clear Cоmpany” истеъдодларни бошқариш платформаси тадқиқотларига кўра, ходимларнинг 74 фоизи малака ошириш ва касбий ривожланиш имкониятларининг етишмаслиги уларнинг ўз салоҳиятларини тўлиқ рўёбга чиқаришларига тўсқинлик қилишини, бундан ташқари, ходимларнинг 94 фоизи, агар иш берувчи ходимларни касбий ривожлантиришга сармоя киритса, ташкилотда узоқроқ қолишини билдирган.
Афсуски, кўпгина иш берувчилар касбий ривожланиш дастурларини кераксиз деб ҳисоблаб, улардан қочишади. Бироқ, малака ошириш ва касбий ривожланиш дастурлари нафақат ташкилот ходимларига, балки ташкилотга ҳам бирдек муҳим ва фойдали ҳисобланади.
Малака ошириш ва касбий ривожланиш:
– ташкилотга малакали ходимларни жалб қилиш ва уларни сақлаб қолишга, кучли жамоани шакллантиришга ёрдам беради;
– ташкилотда иш унумдорлиги ва самарадорликни оширади;
– ходимнинг лавозимда кўтарилиш имкониятини беради;
– ходимнинг қийматини оширади ва бу эса ходимнинг даромад потенциалини ошишига хизмат қилади;
– профессионал мақсадларга эришишда жуда муҳим ҳисобланган қаттиқ (hard skills) ва юмшоқ кўникмаларни (soft skills) ривожлантиради;
– ходимнинг ўзига ва ўз билимига бўлган ишончни оширади.
Бундан ташқари, малака ошириш курслари, стажировкалар, турли семинар ва вебинарлар – буларнинг барчаси ходим учун ўз соҳасини мутахассиси бўлган шахслар билан учрашиш, танишиш ва улар билан алоқалар ўрнатиш имкониятини беради.
Ходимларининг малакасини мунтазам ошириб бормайдиган иш берувчи ходимлар қўнимсизлигига маҳкум.
Ходимларни ушлаб туриш ҳозир ва ҳар доим ходимларни бошқаришда жуда катта муаммолардан бири ҳисобланади. Касбий ривожланишни, янгиликка интилишни хоҳлайдиган ходимлар, одатда, жуда фаол ходимлардир ва улар ҳар доим юқори натижаларга эришадилар. Бу ходимлар янги кўникмаларга эга бўлишни хоҳлайдилар ва янада қимматли ҳамда кўп қиррали бўлишни хоҳлашади.
Ўз ходимларига малака ва кўникмаларни чуқурлаштириши ҳамда янгилаб бориши, уларларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошиши учун таълим, малака ошириш имкониятларини таклиф қилмайдиган ташкилотлар, буларни таклиф этадиганларга қараганда кўпроқ ходимлар алмашинувини кўришади. Чунки кўп ходимлар ўзларининг иш жойларида ўзларига бўлган ишончларини мустаҳкамлаш учун касбий ривожланишга интилишади.
Малака ошириш, касбий ривожланиш ва ўрганиш ҳар бир ходимга ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга ёрдам берадиган йўллардан биридир. Муаммо, одатда, уларга тўғри воситалар ёки имкониятлар берилмаганлигида.
Юқори маҳсулдорлик ва самарадорликни хоҳлайдиган, ходимларини ташкилотда узоқ вақт ишлаб қолишини хоҳлайдиган иш берувчилар, албатта, ўз ходимларини мунтазам малакасини ошириб, касбий ривожлантириб борадилар.
Аббосжон Қўчқоров,
Адлия вазирлиги қошидаги
Юристлар малакасини ошириш
маркази масъул ходими