Бугунги кунда, “коррупция” иборасини эшитмаган ёки унинг салбий жиҳатларини билмаган инсон бўлмаса керак. Коррупция давлатларнинг нафақат иқтисодий салоҳиятига, балки унинг жаҳон ҳамжамияти олдидаги ташқи обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Шу боис, коррупцияга қарши курашиш ҳар қандай давлатнинг асосий сиёсий вазифаларидан бири ҳисобланади. Айнан шу сабабли, Президентимиз Мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш масаласига қайта ва қайта тўхталиб ўтди. Мурожаатномада, Юртбошимиз “коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт”лигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Коррупцияга қарши курашишда хорижий давлатлар қандай ижобий тажриба тўплаган, нима учун ривожланган давлатларда бутун жамият коррупцияга қарши?
Келинг, шулар ҳақида тўхталиб ўтайлик.
Амалиётда кўп учрайдиган маиший коррупция, яъни мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ўзаро муносабатларда келиб чиқиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатлар Голландия, Швеция, Дания, Ирландия ва Исроил давлатларида деярли йўқ.
Бунинг асосий сабаби шундаки, ушбу мамлакатларда амалдорлар давлат сиёсатини илгари сўришда иштирок этувчи ва аҳолига ҳалоллик билан хизмат қилувчи муҳим вазифаларини бажарадиган шахс сифатида шакллантирилади.
Натижада, мазкур мафкуравий муносабат ҳам давлат хизматчилари, ҳам жамиятнинг бошқа аъзолари онгида коррупцияни йўқ қилишга хизмат қилди. Бу мамлакатларда порахўр амалдор давлатнинг душмани сифатида эътироф этилади ва унинг мансабдор шахс сифатида мартабасига чек қўйилади.
Коррупцияга қарши фақатгина жазоларни оғирлаштириш йўли билан курашиш самара бермаслигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.
Мурожаатномада, коррупциянинг олдини олиш йўналишида давлат органларида қарор қабул қилиш, давлат харидлари ҳақидаги маълумотларни очиқ эълон қилиш ҳамда кадрларни танлаш ва ишга қабул қилишнинг очиқ тизими амалиётини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.
Бу йўналишдаги вазифалар ижросини таъминлашда Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги ПФ-6013-сонли “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим ўрин тутади. Ушбу фармонга кўра, 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички идоравий (compliance control) назорат тизимларини босқичма-босқич жорий этиш белгиланди.
Ички идоравий комплаенс-назорат тизимининг аҳамияти шундаки, бу муайян идорада коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларга ҳуқуқий баҳо бериш ва уларни бартараф этиш имконини яратади ҳамда идора ҳодимлари фаолиятини қонунларга ва ички идоравий мейёрларига мувофиқлигини таъминлашга қаратилади.
Коррупцияга қарши курашда, албатта, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг юксалтириш масаласи долзарб ҳисобланади. Шу ўринда, Юртбошимиз таъбирлари билан айтганда “Коррупциянинг олдини олишда, давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаш тизимини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ”.
Мазкур йўналишда Президентимиз ҳузурида 2020 йил 30 июнь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектр йиғилишининг 49-сонли баёни ижроси юзасидан, яъни раҳбар ходимлар, шу жумладан ҳоқимларнинг коррупцияга қарши кураш борасидаги билим ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази томонидан масофавий шаклда 2020 йил август-декабрь ойларида барча вазирликларнинг жами 3739 нафар раҳбарларининг шу соҳада малакаси оширилди.
Коррупцияни енгишда, албатта, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам муҳим ўрин тутади. Мурожаатномада мазкур масалага эътибор қаратилиши биз мураббий ва ўқитувчилар олдига коррупцияга нисбатан муросасиз бўлиш ғоясини фарзандларимизга сингдириш ва уларга фақат ҳалол меҳнат ва тадбиркорлик орқали даромад топишни ўргатиш вазифасини юклайди.
Рафиқ Шакуров,
Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар
малакасини ошириш маркази катта ўқитувчиси, юридик фанлар номзоди