Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал- демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилди.
Айниқса, “Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ниҳоятда қизғин кечди.
Ушбу ҳужжат билан интеллектуал мулк объектларини рўйхатга олиш жараёнларида ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларини соддалаштириш мақсадида товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш муддатини 10 кундан бир кунга, яъни объект муайян давлат реестрларида рўйхатга олинган куннинг ўзида тегишли гувоҳнома электрон шаклда QR-код билан тасдиқлаган ҳолда берилиши назарда тутилмоқда.
Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган ҳамда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма қўлланилиши ҳақидаги қоида мустаҳкамланмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида ҳужжатдаги айрим нормалар юзасидан мутасаддиларга бир қатор саволлар беришди. Барча саволларга атрофлича жавоблар олингандан сўнг, қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар берилган ҳолда, ушбу ҳужжат депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Йиғилишда депутатлар кун тартибига киритилган навбатдаги ҳужжат — “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилдилар.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари рўйхати ва уларнинг ваколат доиралари аниқ белгиланяпти. Ер қаъри участкаларининг давлат фондига янги “захира фонди” тушунчаси киритилиб, унинг моҳияти ёритиб берилмоқда.
Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун яратилишига, ер ости бойликларидан фойдаланиш тизимидаги зиддиятлар бартараф этилишига, барча субъектларга нисбатан ер қаъридан фойдаланиш тизимини бир хилда амал қилишига хизмат қилади.
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида унинг бугунги кундаги аҳамияти ва заруратини ҳисобга олиб, ушбу ҳужжатни маъқулладилар.
Йиғилишда фракция фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.