Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклариНоҳақ айбланган муҳандис беш йилдан сўнг оқланди

Ноҳақ айбланган муҳандис беш йилдан сўнг оқланди

Ҳаётда юз берган заррача яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам ўз жавобини олмай қўймайди. Ҳаттоки, кимгадир қилинган ноҳақлик ҳам.

Шу маънода айтганда, Навоий шаҳрида яшовчи, миллати озарбайжон бўлган, муқаддам — 2016 йилда ноҳақ судланган ҳамюртимиз Мусафир Акберов ҳам орадан 5 йил ўтиб оқланди.

Гап шундаки, “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг Бош меъмор бўлимида 1-даражали муҳандис лавозимида ишлаган Мусафир ака ўшанда жамиятнинг бир гуруҳ масъул ва мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида адолатсизлик қурбонига айланган. Худди ўрмонга ўт кетса, хўлу қуруқ баравар ёнганидек. Яъни тергов органи ва суд томонидан эълон қилинган айбловга биноан, Мусафир Акберов “Навоийазот” АЖ бош муҳандиси Ё.Холибоев, Бош меъмор бўлими бошлиғи В.Шариповлар билан жиноий тил бириктирган. Аниқланишича, 2014-2015 йилларда жамиятда бир қатор капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Бинобарин, бир қатор пудратчи ташкилотлар ана шу ишларни бажариш бўйича ўз таклифлари билан мурожаат қилган. Бунга масъул бўлган уччовлон эса шартнома қийматидан келиб чиқиб, ўша ташкилотлардан шартнома тузиш ҳамда бажарилган ишларни қабул қилиш эвазига ўн фоиз миқдорида пора олиш, “даромад”нинг 5 фоизини ўзи ва В.Шарипов ўртасида тақсимлаш, қолган 5 фоизини эса Ё.Холибоевга бериш ҳақида режа тузишган. Натижада 2014-2015 йилларда жамиятнинг турли цеҳларида капитал таъмирлаш, қолаверса, Навоий шаҳридаги “Навоий” номли истироҳат боғида саҳна қуриш ишларини бажаришга даъвогар бўлган “Шаҳризода-шахина”, “Зарафшон тола импекс” ва “Кармана милк Инвест” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамда “Гўзал тонг шабада” хусусий фирмаси мансабдор шахсларидан 30.000.000 сўм ва 3.000 АҚШ долларини таъмагирлик йўли билан такроран пора тариқасида олиб, пулларни ўзаро тақсим келишган. 2015 йилнинг август-сентябрь ойларига келиб эса мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Оқибатда 2015 йил 19 сентябрь куни Мусафир ака қамоққа олинган. Айни ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди бўлса ўзининг 2016 йил 17 июндаги ҳукми билан ҳар бир судланувчига қонуний жазо тайинлаган. Жумладан, суд Мусафир Акберовни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг “а,в,г” бандлари билан айбдор деб топиб, кодекснинг 45-моддасини қўллаган ҳолда уни 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган.

Шундан сўнг қаҳрамонимиз озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган. 2017 йил 15 мартда эса унинг қолган жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.

Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда янгича, кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари амалга оширилаётганидан руҳий мадад олган М.Акберов ҳамда унинг ҳимоячиси Г.Мўминова жорий йилда Навоий вилоят судига апелляция тартибида шикоят беришади. Апелляция шикоятини судда кўриш жараёнида эса Мусафир Акберовнинг баён этилган жиноятга алоқаси йўқлиги, тергов органи ва биринчи босқич суди уни ноҳақ айблагани аён бўлди. Бу ҳолат эса бир қатор қонуний далиллар билан ўз тасдиғини топди. Бинобарин, Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2016 йил 17 июндаги ҳукмининг Мусафир Акберовга оид қисмини бекор қилиб, уни Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг “а,в,г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этмаган деб топди. Яъни М.Акберов Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқланди.

Дарвоқе, суд ажримида оқланувчига ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида Жиноят-процессуал кодексининг 304-312-моддалари тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганди. Шу боис у ғайриқонуний ҳукм этилиб, жиноий жавобгарликка тортилгани оқибатида етказилган моддий зиённи ундиришни сўраб, яна вилоят судига мурожаат қилди. Шунга биноан айтганда, Мусафир Акберов 2015 йил 19 сентябрдан 2017 йил 15 мартга қадар озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаган. Бу муддатда эса у 25.248.756 сўм ойлик маошини олмаган. Сўнг ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўташи чоғида ойлик иш ҳақидан 15 фоизи – 970.729 сўм давлат даромадига ушлаб қолинган. Ана шу санадан буён бўлса “Навоийазот” АЖда ишлаб келмоқда. Шунингдек, адвокат хизмат ҳақи учун 3.000.000 сўм ҳақ тўлаган. Ана шу қайд этилган асосларга мувофиқ, суд М.Акберов фойдасига давлат бюджети ҳисобидан 29.219.485 сўм моддий зарар ундириш юзасидан ажрим чиқарди.

Мана шу тариқа яна бир инсоннинг қисмати билан боғлиқ адолат қарор топди. Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ҳамда ташаббуси туфайли бундай кимсалар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Зеро, бир шахсни ноҳақ айблаш, йиллар ўтгач эса уни оқлаш ёш авлодга сабоқ бўлиши шарт. Чунки улар қонун устуворлиги таъминланиб, адолат тантана қилаётган жамиятда яшашмоқда.

Абдуманнон ШАЙДОЕВ,
Навоий вилоят суди раисининг ўринбосари
Хуршид СУЛТОНОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз