Бош саҳифаТаҳлилНоқонуний ахборот тарқатиш “сўз эркинлиги”ми?

Ноқонуний ахборот тарқатиш “сўз эркинлиги”ми?

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган. “Digital 2021” ҳисоботига кўра, Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг сони 2021 йилнинг январь ойи ҳолатига кўра 4,60 млн нафарни (умумий аҳолининг 13,6%) ташкил этади. Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш даражаси 2020 йилга нисбатан 44% га (1,4 млношган.

Фойдаланувчилар сонининг ошиши ижтимоий тармоқларни нафақат тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қуввватлаш ва ривожлантиришнинг янги усули сифатида намоён қилди, балки қонунчиликда тарқатилиши тақиқланган ахборотларни (ноқонуний ахборот) фойдаланувчилар ўртасида баҳам кўриш (share) воситасига айлантирди.

Маълумот учун: амалдаги қонунчиликда жамият ва халқ манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида баъзи тоифадаги ахборотларни тарқатиш таъқиқланган.

Хусусан, ахборот борасидаги хавфсизлик соҳасида етарли маълумотга эга бўлмаган блогерларнинг ижтимоий тармоқларда ўз ўқувчилари сонини оширишга ёрдам берадиган “ҳар қандай” ахборотларни тарқатишга уриниши жамоат хавфсизлиги ва фуқароларнинг осойишталигини хавф остида қолдирмоқда.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий таҳлилларига кўра, 2021 йилда ижтимоий тармоқларда сепаратизм тарғиботи – 28 фоизга, экстремизм-терроризм тарғиботи – 34 фоизга  кўпайган.

Шунингдек, мессенжерларда жиноий жавобгарликка дахлдор ахборотлар ва хатти-ҳаракатлар тарғиботи билан боғлиқ ҳолатлар 22 фоизга кўпайган, давлат бошқаруви тизимига ишончсизлик уйғотиш, ижтимоий онгга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа материаллар 64 фоизга ошган.

Қизиғи шундаки, кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар блогерларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашмоқда. Бу блогерларнинг “ҳаддидан ошишига”, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид хатти-ҳаракатлар содир этишига сабаб бўлмоқда.

Ачинарлиси, айрим блогерлар билиб-билмасдан жамиятнинг, айниқса, ўсиб келаётган ёшларнинг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиб, уларни маънавий ва психологик заҳарлашаётганликларини чуқур англаб етишмаяпти.

Мамлакатимизда ноқонуний ахборот тарқатилишининг олдини олиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи ахборот ресурслари Реестри ишга туширилди, Интернет тармоғида ахборот тарқатишда веб-сайт эгаси ёки блогернинг мажбуриятлари белгиланди, ёлғон ахборот тарқатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди, шахсга доир маълумотларига ишлов беришнинг алоҳида шартлари жорий этилди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур ислоҳотлар сўз эркинлигининг чекланиши эмас. Ушбу ислоҳотлар қонунийликни таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Ривожланган хорижий давлатларда ижтимоий тармоқларда ноқонуний ахборотлар тарқалишига қарши бундан-да кескинроқ тартиблар жорий этилган. Жумладан, веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифаларига жойлаштирилган ноқонуний ахборотнинг қонунда белгиланган тартибда олиб ташланмаганлиги учун Францияда 37 500 евродан 1 250 000 еврогача, Германияда 50 млн еврогача, Австрияда 10 млн еврогача ҳамда Туркияда 700 минг АҚШ долларигача жарима солиниши мумкин.

Шунингдек, Австралияда зўравонлик ва шавқатсизлик, порнография, терроризмни тарғиб қилувчи ахборотларни Интернет тармоғидан олиб ташламаслик ёки тарқалишини бартараф этмаганлик учун ижтимоий тармоқ ёки хостинг хизматлари провайдерининг масъул ходимларига нисбатан уч йилгача озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаш белгиланди.

Қонун устуворлиги юқори бўлган Франция, Германия ва Австралия каби давлатларда нега бундай кескин чоралар қўлланган деган ҳақли савол ҳар бир ўқувчида туғилиши аниқ.

Таъкидлаш лозимки, бутун дунёда ижтимоий тармоқлар орқали ахборот тарқатиш, яъни блогерлик фаолияти сиёсий аҳамият касб этишни бошлади. Энди ушбу тармоқлар аҳоли орасида норозилик келтириб чиқариш, маълум тоифадаги шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатига зарар етказиш ҳамда мамлакатда тартибсизликларни ташкил этиш воситасига айланди.

Жумладан, Интернет тармоғида аҳолининг ирқий ва этник озчиликларига қарши адоват қўзғатувчи мазмундаги ахборотларнинг тарқатилиши дунёнинг кўплаб мамлакатларида аҳолининг ирқий ва этник озчиликларига қарши протестлар, низолар келиб чиқишига сабаб бўлди.

Хусусан, Шри Ланка ва Малайзияда сохта маълумот тарқатиш натижасида мусулмонларга қарши оммавий зўравонликлар бошланди.

Мьянмада ҳарбийлар рохинджа этник гуруҳига қарши зўравонлик даражасини ошириш мақсадида “Facebook” ижтимоий тармоғидан фойдаланган.

Бундан ташқари, 2011 йилда Яқин Шарқдаги Араб баҳори номи билан машҳур ғалаёнларнинг юз беришида ва қўшни мамлакатларга тарқалишида ижтимоий тармоқлар катта аҳамият касб этган. Намойишчилар ижтимоий тармоқлар орқали намойишларни ташкил этиш хабарини тарқатишган ҳамда кенг жамоатчиликни жалб қилишга даъват қилишган.

Шунингдек, 2019 йил ГонконгдаЖазоирда ва Эрондаги тартибсизликларни, 2020 йилда Жорж Флойд ўлими туфайли АҚШда юз берган протестларни, 2021 йилда Жанубий Африкада юз берган тартибсизликларни ташкил этишда ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланилган.

Амалдаги қонунчиликда ахборот борасидаги хавфсизлик таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Айниқса, блогерлар томонидан хорижий ижтимоий тармоқларда ноқонуний ахборот тарқатилишининг олдини олиш механизмлари мукаммал даражада эмас.

“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддасида веб-сайт ёки бошқа ахборот ресурси эгаси, шу жумладан,  блогернинг Интернет тармоғида ахборот тарқатиш бўйича мажбуриятлари белгиланган. Аммо қонунчиликда ушбу мажбуриятларнинг бажарилмаганлиги учун веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифаси ёҳуд бошқа ахборот ресурси эгасига, шу жумладан, блогерга нисбатан бевосита жавобгарлик чораси назарда тутилмаган. Яъни мазкур мажбуриятларни амалга ошириш механизми қонунчиликда белгиланмаган.

Таъкидлаш лозимки, веб-сайт ва (ёки) веб-сайт саҳифалари ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан, блогерни нотўғри ахборотни тарқатишга йўл қўйганлигини “ахборот тарқатиш” сифатида баҳолаб бўлмайди. Жиноят қонунчилигига кўра, шахс фақат ўзи томонидан содир этилган қилмишлари учун жавобгар бўлади.

Шу сабабли, блогер фақат қонунда назарда тутилган мажбуриятларини бажармаганлиги, яъни нотўғри ахборотни тарқатишга йўл қўйганлиги учун айбдор бўлади.

Юқоридагиларни умумлаштирган ҳолда, Интернет тармоғида ноқонуний ахборот тарқатишнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда Интернет тармоғида ахборот тарқатиш талабларига амал қилмаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгилаш мақсадга мувофиқ.

 

Абдулазиз Расулев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директор ўринбосари,
юридик фанлар доктори, профессор

Зафар Эргашев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг масъул ходими

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз