— Дўстимга тилхат асосида қарз берган эдим. Дўстим тилхатда кўрсатилган муддатда қарзини қайтариб бермади. Нотариал тасдиқланмаган тилхат қарзни ундириш учун асос бўла оладими?
Н.Сатторов, Оқолтин тумани
— Фуқаролик кодексининг 108-моддасига асосан нотариал тасдиқланиши талаб этиладиган битимлардан ташқари фуқаролар ўртасидаги белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ортиқ суммадаги битимлар, қонунда белгиланган ҳолларда эса — битим суммасидан қатъи назар, бошқа битимлар оддий ёзма шаклда тузилиши керак.
Бу қоидага кўра фуқаролар ўртасидаги белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ортиқ суммадаги битимлар оддий ёзма шаклда тузилиши кераклиги қайд этилган. Оддий ёзма битим нотариал тасдиқланиши шарт эмас.
Шунинг учун агар кузатган бўлсангиз, кўпчилик кишилар ўзаро қарз олди-бердисини амалга оширсалар, битим сифатида одатда, тилхат ёзишмасидан фойдаланадилар. Яъни, қарз олган шахс, қарз берувчига қарз олганлиги ва қарзни қайтариш шартлари (муддатлари, фоизлари ва ҳоказолар)ни қайд этиб тилхат ёзиб беради. Тилхатнинг аслини айнан қарз берган шахсга топширади.
108-моддадан тушуниладики, агар бераётган қарз миқдори БҲМ (245.000 сўм)нинг 10 баробари (2.245.000 сўм)дан ортиқ бўлса, бу олди берди, ҳеч бўлмаса оддий ёзма шаклда бўлмаса, қарз берган шахс кейинчалик мушкул аҳволга тушиб қолиши мумкин. Яъни, агар ана шундай миқдордаги қарзлар бўйича қарздордан ҳеч бўлмаса, оддий ёзма шаклдаги тилхат олинмаса қарзни қайтариш (агар қарздор тан олмаса) қийин бўлиб қолади.
Кўпчиликда тилхат ёзма битим сифатида қабул қилинадими ёки йўқми деган савол туғилиши табиий. Чунки, тилхат фақат қарзни олган шахс номидан берилади ва у томонидан, яъни бир киши томонидан имзоланади.
Фуқаролик кодексининг 102-моддасига кўра, “битимлар бир тарафлама, икки тарафлама ёки кўп тарафлама (шартномалар) бўлиши мумкин. Битим тузиш учун қонун ҳужжатларига ёки тарафларнинг келишувига мувофиқ бир тарафнинг хоҳиши зарур ва етарли бўлса, бундай битим бир тарафлама битим ҳисобланади”. Шунингдек, ушбу Кодекснинг 103-моддасига асосан “бир тарафлама битим уни тузган шахс учун бурчлар келтириб чиқаради”.
Тилхат ҳам ушбу қоидаларга асосан бир тарафлама битим ҳисобланади. Тилхат ҳам оддий ёзма битимнинг бир кўриниши сифатида ҳисобга олинади. Тилхатнинг асосий мазмуни шундаки, у мажбуриятларни тартибга солади. Қонунчиликда тилхат таърифи берилмаган бўлса ҳам, унга нисбатан битим қоидаларини қўллаш мумкин.
Қаранг, Фуқаролик кодексининг 107-моддасига кўра, “хатлар, телеграммалар, телефонограммалар, телетайпограммалар, факслар ёки субъектларни ва улар хоҳиш-иродасининг мазмунини ифодалайдиган бошқа ҳужжатларни ўзаро айирбошлаш, агар қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ёзма шаклда тузилган битимга тенглаштирилади”.
Саволга Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи Турсунбой Каримов жавоб берди