Бош саҳифаЯнгиликларҲуқуқНотариус қачон битимни расмийлаштиришни рад этади?

Нотариус қачон битимни расмийлаштиришни рад этади?

Мақоламнинг аввалида нотариуслар нотариал ҳаракатларни расмийлаштириш йўли билан фақат низосиз бўлган фактларни тасдиқлашларини эътироф этиш жоиз.
Чунки нотариал ҳаракатни расмийлаштиришда тарафлар нотариусга ўз хоҳиш-иродаларига кўра ҳамда битимларни тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва белгиланган тўловларни тўлаган ҳолда мурожаат этади.

“Нотариат тўғрисида”ги Қонунга кўра, нотариус оддийдан мураккабгача бўлган, жумладан, ҳужжатлар нусхалари, васиятномалар, ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш, мулкни тасарруф этиш битимлари, гаров (ипотека) шартномалари, мерос ишларини расмийлаштириш каби нотариал ҳаракатларни ҳам амалга оширади.

Ҳужжатлар нусхалари, ҳужжатлардаги имзонинг ҳа­қиқийлигини шаҳодатлаш енгил турдаги нотариал ҳаракатлар ҳисобланса-да, ушбу нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жараёни нотариусдан лозим даражада синчковлик ва вақт талаб этади.

Чунки “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига асосан нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган ҳужжатларни, шунингдек қаламда ёзилган ҳужжатларни қабул қилмайди.

Авваламбор шуни таъкидлаш жоизки, нотариус ҳар бир нотариал ҳаракатларни амалга оширишдан олдин  битимни расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг шахсини ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини аниқлашда нотариус тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланади. Нотариус битимни расмийлаштиришни сўраб мурожаат этган жисмоний шахснинг муомала лаёқатини у билан шахсий мулоқот давомида аниқлайди.

Нотариусга мурожаат этган шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғдирса), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, у нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори мавжуд ёки мавжуд эмаслигини Тизим орқали текширади.

Нотариус битимни расмийлаштиришда иштирок этувчи шахсларнинг босим ёки кучли руҳий ҳаяжонланиш остида деб ҳисоблаш учун асоси бўлса (шубҳа туғдирса) нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктиради ва зарур ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беради.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, нотариус нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Нотариус ушбу қарордан норози томоннинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши лозим.

Нотариус ўз касбий мажбуриятларини етарлича бажармаганлиги оқибатида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига етказилган зарар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.

“Нотариат тўғ­рисида”ги Қонуннинг 38-моддасида нотариуснинг нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш асослари белгиланган. Ушбу Қонунда кўрсатилмаган ҳолатларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши нотариус томонидан қонунга хилоф хатти-ҳаракат содир этилган деб топиш учун асос ҳисобланади.   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Нотариуслар томонидан айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги маъмурий регламентларни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарорининг “Мурожаатларни қабул қилиш тартиби”га бағишланган 2-бобида 10-бандида қуйидаги ҳолларда битим расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотларни олдиндан жўнатган ҳолда, тегишли ҳужжатларнинг тайёрлаб қўйилиши бўйича электрон тармоқ орқали йўлланган мурожаатларни кўриб чиқиш рад этилади, деб белгилаб қўйилган:

нотариал ҳаракат расмийлаштирилиши учун зарур бўлган маълумотлар тўғри ва тўлиқ тақдим этилмаган бўлса;

тегишли нотариал ҳаракат бўйича мол-мулкка нисбатан тақиқ (хатлов) мавжуд бўлса;

солиқ ёки коммунал хизматлардан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда — МИБ) маълумотлар базаси орқали қарздорлик ҳолати текширилиши лозим бўлган ҳолларда қарздорлик аниқланган бўлса;

манфаатдор шахсларнинг аризаларига асосан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш кечиктириб ёки тўхтатиб турилган бўлса.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси қарорида нотариус томонидан битимни тасдиқлашни рад қилиш тартиби ҳам белгиланган.

Қарорнинг 13-боб, 64-моддасига кўра,  “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг

38-моддасига асосан нотариус қуйидаги ҳолларда битимни тасдиқлашни рад этади, агар:

бундай битимни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёки зарур ваколатлари бўлмаган вакил битимни тасдиқлашни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

битимни тасдиқлаш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Шунингдек, битимни тасдиқлаш учун тўловни тўламаслик битимни тасдиқлашни рад этиш учун асос ҳисобланади.

Битимни тасдиқлаш рад этилган тақдирда битимни тасдиқлашни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус битимни тасдиқлаш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.

Шу қарорнинг 65-моддасига асосан,  нотариус битимни тасдиқлашни рад этганда тўланган давлат божи, герб йиғими ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар амалга оширилганлиги учун тўловлар қайтарилади.

Бугунги кунда нотариат соҳасидаги ислоҳотлар нотариал ҳаракатларни амалга оширишдан манфаатдор бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун билан ўрнатилган ҳуқуқларини янада мус­таҳ­камлашга, нотариусларнинг эса уларга мурожаат этган шахс­лар олдидаги мажбуриятларини виждонан ва ҳалол бажаришига йўналтирилмоқда.

 

Муҳаббат Худойбердиева,

Гулистон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус

Ижтимоий тармоқлар

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз