Бугунги кунда одам савдоси инсон, унинг ҳуқуқлари, қадр-қиммати, осойишта ҳаёти ва келажагига жиддий таҳдид солаётган жаҳон миқёсидаги долзарб муаммога айланди.
2008 йил 17 апрелда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва Давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 8 июлдаги “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур Қонунда одам савдоси жиноятининг тушунчасига қуйидагича таъриф берилган:
Одам савдоси — бу куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишни, шунингдек, одамлардан фойдаланиш мақсадида бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.
Одам савдоси қадимдан мавжуд бўлган жиноятлардан биридир. Инсоният тарихида одам савдосига қарши курашиш ХIХ аср охири ва ХХ аср бошларида хотин-қизларнинг Европадан Америка ва Шимолий Африка қитъаларига кенг кўламли миграцияси ҳамда аёлларни Европага сотиш ҳодисаси орқали кузатилган. Бунга барҳам бериш мақсадида Парижда 1902 ва 1910 йилларда иккита конференсия ўтказилиб, «Оқ қуллар савдосига қарши кураш» номли бутунжаҳон Конвенсияси қабул қилинган.
Кейинроқ ушбу конвенсия «Аёллар ва болалар савдосини йўқотиш» ва «Вояга етган аёллар савдосини йўқотиш» номли бутунжаҳон Конвенсиялари билан тўлдирилган. Одам савдоси муаммосига қарши курашишнинг кейинги тарихий жараёнлари секин-аста ривожланиб, 1948 йилда «Инсон ҳуқуқлари» умумжаҳон Декларацияси қабул қилинган. Шундан сўнг «Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенсияси», «Қуллик хусусида»ги Конвенсия, «Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисида»ги қўшимча Конвенсия, «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенсия, «Аёлларга қарши дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши кураш тўғрисида»ги Конвенсиялар қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2000 йил 15 ноябрдаги резолюцияси билан қабул қилинган «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги Конвенсия, шунингдек, одам савдоси, айниқса, аёллар ва болаларни сотишнинг олдини олиш, унга чек қўйиш ва бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қўшимча протокол ҳам ратификация қилинди.
Мамлакатимиз қонунчилигида бу каби жирканч иллат учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Жиноят кодексининг 135-моддасида одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Расулбек ИБРАГИМОВ,
Хоразм вилоят адлия бошқармаси
етакчи маслаҳатчиси