Жорий йилнинг 28 декабрь куни Куала-Лумпурдан Тошкентга Ўзбекистон Республикасидаги Интерпол миллий марказий бюроси ходимлари ҳамроҳлигида одам савдоси жинояти бўйича халқаро қидирувда бўлган ва Малайзияда узоқ вақт яшириниб юрган жиноятчи олиб келинди.
Айбланувчини қўлга олиш Тошкент Интерпол ва Куала-Лумпур Миллий марказий бюроларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари ва тезкор-ахборот кузатуви ҳамда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси вакилларининг бевосита ёрдами билан амалга оширилди. Ушбу идоралар ходимлари томонидан олиб борилган самарали ҳаракатлар натижасида Малайзия ҳукумати томонидан қидирилаётган шахсни экстрадиция қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилингунга қадар гумон қилинувчини қўлга олиш ва ҳибсга олишга муваффақ бўлишди.
Экстрадиция масаласининг ижобий кўриб чиқилиши натижасида қидирувда бўлган аёл Тошкентга олиб келиш учун Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топширилди. Эндиликда унга нисбатан қонун доирасида жазо белгиланади.