Фарғона туманлараро иқтисодий судига вилоят адлия бошқармасидан даъво ариза келиб тушди. Мазкур даъво аризада Қувасой шаҳар ҳокимлиги зиммасига “Холмат янги ниҳол боғи” фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижара олиш шартномасига тегишли ўзгартириш киритиш мажбуриятини юклатиш сўралган.
Суд мажлисида аён бўлишича, Қувасой шаҳар ҳокимининг 2018 йил 21 апрелдаги 454-сонли қарорига мувофиқ, фермер хўжалигига ғаллачилик йўналишида қўшимча 28,57 гектар ер ажратиб берилган. Натижада хўжаликнинг умумий ер майдони 51,13 гектарга етган. Шундан 9,9 гектари чорвачилик, қолгани ғаллачилик йўналишида фойдаланиши белгиланган. 2019 йил 14 ноябрда эса томонлар ўртасида “Фермер хўжалиги томонидан ер участкасини узоқ муддатга ижарага олиш шартномаси” тузилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган.
Орадан 7 ой ўтиб, фермер хўжалиги раҳбари ўзгарган. Яъни шаҳар ҳокимининг 2020 йил 2 июлдаги 351-сонли қарори билан хўжалик раҳбари Моҳира Холматова ўрнига унинг оила аъзоси бўлган Даврон Ариповни раҳбар сифатида расмийлаштиришга рухсат берилган. Бинобарин, айни қарорнинг 4-бандида ер ижара шартномасига ўзгартириш киритиш лозимлиги қайд этилган.
Бундан ташқари, шаҳар ҳокимининг 2020 йил 10 сентябрдаги 469-сонли қарори асосида 34,10 гектар ердан наслли чорва озуқаси етиштириш учун фойдаланишга рухсат берилган. Шундан келиб чиққан ҳолда, мазкур қарорда ҳам шаҳар кадастр хизматига ер ижара шартномасига ўзгартириш киритиш вазифаси юклатилган. Аммо иккала қарордан кейин ҳам бу иш амалга оширилмаган. Оқибатда фермер ҳужжатлар билан боғлиқ айрим муаммоларга дуч келган.
Тўғри, бир қарашда тегишли қарорга асосан ер ижара шартномасига ўзгартириш киритиш жуда оддийдек туюлади. Аслини олганда ҳам унчалик оғир, машаққатли вазифа эмас. Бироқ масалага дахлдор ходимларнинг масъулиятсизлиги фермерни вилоят адлия бошқармаси ва судгача етаклаб келди.
Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжатлар вилоят, туман, шаҳар ҳудудида жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир. Шундай экан, Қувасой шаҳар ҳокимлиги ҳам ўз қарорларини бажаришга мажбурдир. Қолаверса, ер ижара шартномасига ўзгартириш киритиш талаби фермернинг хоҳиши эмас, балки ҳоким имзолаган ва қонуний кучга эга бўлган қарорга асосланган.
Бинобарин, суд даъвони қаноатлантириб, Қувасой шаҳар ҳокимлигига “Холмат янги ниҳол боғи” фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижара олиш шартномасига тегишли ўзгартириш киритиш мажбуриятини юклаш хусусида қарор қабул қилди.
Жамила АКРАМОВА,
Фарғона туманлараро иқтисодий судининг судьяси