ЯнгиликларАдлия бўлимлариОила Конституция ва қонунлар ҳимоясида

Оила Конституция ва қонунлар ҳимоясида

Оилани муқаддас маскан сифатида эъзозлаш, оилада тинчлик-осойишталик, фаровонлик муҳитини қарор топтириш халқимизга азалдан хос бўлган фазилатдир. Оила ва оилавий қадриятлар ҳар қандай инсон ҳаётида қуриладиган энг муҳим пойдевор ҳисобланади. Шахснинг шаклланиши оилада бошланади.

Қонунчилигимизга назар солар эканмиз оилага катта эътибор қаратилганлигини, жумладан, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва бурчлари, умуман оилавий ҳаётнинг барча масалаларига урғу бериб ўтилганлигини кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ХИВ боби оилага бағишланиб, оиланинг ижтимоий мақоми аниқ ва равшан белгилаб қўйилгани дунё давлатларининг бош қонунларида учрайдиган камёб воқеликдир.

Хусусан, Бош Қомусимизнинг 63-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши конституциямизда ўз ифодасини топган.

Қолаверса, асосий қонунимизнинг 66-моддасида вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгиланган.

Шу билан бирга, оиланинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Оила, Фуқаролик, Уй-жой, Меҳнат Кодексларида ҳамда қатор қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Жумладан, Оила кодексининг 2-моддасига кўра, оилавий муносабатларда аёл ва эркак тенг ҳуқуқли бўлиб, оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устунлиги тамойиллари асосида амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, оила институти ҳамиша мамлкатимиз ижтимоий ва сиёсий ҳаётининг диққат марказида.

Зеро, оила – жамият таянчи, оила соғлом экан, мамлакатимизда тинчлик, фаровонлик, тўкинлик ва барқарорлик давом этади.

Ҳилола СУЛАЙМАНБЕКОВА,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img