Бош саҳифаМуҳимОила – жамият бўғинидир

Оила – жамият бўғинидир

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби оилавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга бағишланган бўлиб, Бош қомусимизнинг 63-моддасида Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги алоҳида белгилаб қўйилган.

Маълумки, оила мустаҳкамлигини таъминлайдиган қоидалар дунёнинг кўплаб илғор ва ривожланган давлатлари Конституцияларида қайд этилган.

Хар бир давлат оилани ҳимоя қилиш, уларнинг барқарорлигини таъминлаш учун етарли ва зарур шароитларни таъминлашга ҳаракат қилади. Бунинг учун эса қонунчиликда оилага бағишланган, унинг зарурати ва барқарорлигини таъминлайдиган ҳамда оиладаги умумбашарий қадриятларни сақлаб қоладиган нормаларни белгилаш муҳим аҳамиятга эгадир.

Дарҳақиқат, давлатимиз оилалар мустаҳкамлиги ва барқарорлигидан тўла манфаатдордир. Оила кодексида ҳам бирон-бир шахснинг оилага ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган. Мазкур кодекс юртимиздаги 7,5 миллиондан ортиқ оилалар ва улар ҳуқуқларини тўсиқларсиз амалга ошириш имконини беради. Бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилиниши эса ҳар томонлама кафолатланган.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон — кўп миллатли давлат. Унда         130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб келмоқдалар. Қонунларимизда ушбу ҳолат ҳам ҳар томонлама ҳисобга олинган. Жумладан, Оила кодексининг 3-моддасида барча фуқаролар оилавий муносабатларда тенг ҳуқуқларга эга эканлиги қайд этилган. Улар томонидан никоҳ тузиш вақтида жинси, ирқи, миллати, тили, дини, шахсий ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, тегишли ҳуқуқларни бевосита ёки билвосита чеклаш, бирон бир имтиёз белгилаш, оилавий муносабатларга аралашиш амалдаги қонунлар билан таъқиқланади.

Бундан кўриниб турибдики, оилавий муносабатларни қонун йўли билан тартибга солиш, биринчидан, оилаларнинг барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилса, иккинчидан, фарзандларни миллий қадриятлар ва анъаналарга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан миллий ҳамда маънавий қадриятларимиз асосида ушбу соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган, эътибордан четда қолиб келган муаммолар ечими юзасидан тегишли давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари олдига энг муҳим ва долзарб вазифалар қўйилди. Мазкур Фармонга биноан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази оила институти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи тизим сифатида ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифаси давлат ва жамоат ташкилотлари, парламент, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини Ўзбекистон оилаларини мустаҳкамлаш ғояси атрофида бирлаштириш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб бориш, мамлакатда фақат соғлом оила — соғлом жамият устуни бўла олишини аҳоли онгига сингдириш, илмий-инновацион тадқиқотларни амалга ошириш орқали оила институтини мустаҳкамлашни белгилангани, мамлакатимизда бу борада мутлақо янги босқичдаги саъй-ҳаракатлар бошланганидан далолат беради.

Бугунги кунда мамлакатимиз кенг жамоатчилиги “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилмоқда.

Лойиҳада асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилмоқда.

Унга кўра, Конституциянинг 63-моддасига оилавий муносабатларга оид қуйидаги нормалар киритилиши таклифи берилди:

– оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини, аҳолини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтириш негизи сифатида жамият ва давлатнинг алоҳида муҳофазаси остида бўлади.

– никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

– давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратади.

– давлат кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди.

Ушбу жараён, умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни таҳлил қилиш асосида замонавий, намунали оила мезонларини белгилаш ҳамда “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш масалаларига комплекс ёндашиш фаолиятимизда устувор аҳамият касб этмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, оилаларнинг барқарорлиги, ота-она ва болалар ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳурмат ва ғамхўрликни таъминлаш, давлатнинг етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан масъулиятни ўз зиммасига олиши каби қоидаларнинг конституцияда белгиланиши нафақат қонунчилик, балки жамиятнинг ривожи учун устувор йўналиш эканлигини билдиради.

 

Умида Юлдашбекова

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий судининг эксперти

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз