Электрон версияГазетаЎқиб тугатишга бир кун кифоя қиладиган 7 машҳур асар

Ўқиб тугатишга бир кун кифоя қиладиган 7 машҳур асар

Ушбу асарларни бир кун эмас, бир нафасда ўқиб чиқиш мумкин десак муболаға бўлмайди.

«Элжернонга аталган гуллар» – Дениел Киз

Бирор нарсани хоҳлайсизу, аммо ўзингизни чеклаш учун юзлаб баҳоналар ўйлаб топасизми? Исталган одамда бу ҳолат юз бериши мумкин. Бироқ табиат томонидан чекланган бўлсангизчи?

Дениел Кизнинг «Элжернонга аталган гуллар» асари айнан шу ҳолат ҳақида ҳикоя қилади.

Чарли Гордон ақлий ривожланишда орқада қолган, аммо бошқа нарсаларда камчилиги йўқ, унинг дўстлари, ўз иши бор. Бироқ ақлли бўлиш истаги уни ҳеч тинч қўймайди. Чарлида нафақат ақлли, балки бошқаларданда ақлли бўлиш имконияти пайдо бўлади – операцияни бошдан кечириш. Операциядан кейин унинг нафақат ақлий қобилиятлари, балки одамлар билан муносабатлари ҳам ўзгаришларга дуч келади. Авваллари устидан кулган одамлар энди ундан қоча бошлайди. Маълум бўладики, «дўстлик» устунлик ҳиссига қурилган экан. Бундай муносабатларда ўзини устун қўйишдан бошқа нарса бўлмаган экан…

Кўп нарсани тушуниб етган Чарли оламнинг камалакранг эмаслигини кўради. Асарни ўқигач, унинг Америка мактабларида мажбурий ўқув дастурига бежизга киритилмаганини тушуниб етасиз.

«Молхона» – Жорж Оруэлл

«Молхона» ёки «Ҳайвонлар хўжалиги» машҳур анти-утопиячи Жорж Оруэллнинг 1945 йилда босиб чиқарилган сатирик масал-қиссаси ҳисобланади. Қиссада Оруэлл ҳайвонлар хўжалиги мисолида одамлар жамиятининг умумий тенглик ғояларидан диктатура ва тоталитаризм қуришгача боришини тасвирлайди. Ёзувчи бу асар орқали Собиқ Совет давлатини сатира ёрдамида нишонга олган. Китоб ўз жанрининг энг яхши намуналаридандир.

«Парвоз завқи» – Ричард Бах

Қушларнинг кундалик озуқа дардидагина яшаши, мазмунсиз ва тор ҳаёт кечиришини тушунган Жонатан Ливингстон исмли оқчарлоқ ривожланиш йўлини танлайди. У парвозни бир макондан бошқа маконга ўтиш ва озуқа топиш воситаси бўлиб қолишига қарши чиқади, парвоз ҳаёт тарзи ва санъатга айланиши учун ҳаракат қилади. Тўдадан четлаштирилган Жонатан қувғинди сифатида ҳаёт кечира бошлайди ва парвозни мукаммаллаштиришга ўзини бағишлайди.

Илк бор 1970 йилда чоп этилган асар 1972 йил охирига бориб миллион нусхада сотиб бўлинади. Руҳлантирувчи энг яхши бадиий асарлардан бири.

«Эврилиш» – Франс Кафка

Франс Кафка асарининг қаҳрамони Грегор Замза – фақатгина моддий эҳтиёжлари билан яшайдиган, унча бой бўлмаган парижлик оиланинг ўғли. Отаси, астма билан касалланган онаси ва севимли синглиси Грета – ҳаммаси Грегорга қарам. Грегор оиласини боқиш учун тинмай ишлайди, ҳар доим иш сафарларида бўлади. Бир куни уйга келганида у билан даҳшатли воқеа содир бўлади: эрталаб ётоғида уйғонган Грегор қўрқинчли ҳашаротга айланиб қолганини тушунади. Оиланинг севимли аъзоси дарҳол кераксиз маҳлуқ бўлиб қолади. Наҳотки инсоннинг ташқи белгиларигина унинг инсонлигини билдирса? Кафка шу ва бошқа саволлар устида бош қотиришга мажбур қилади. Бу китоб экзестенциализм оқиминг энг яхши намунасидир.

«Кичкина шаҳзода» – Антуан де Цент-Экзюпери

Катталар учун масал кўринишидаги эртакнинг бош қаҳрамони оддий гаплар билан инсон қалбининг чуқур сарҳадларини очиб ташлайди. Илк бор 1943 йилнинг 6 апрелида нашр этилган китоб вақт ўтиб бутун дунё замонавий маданиятининг бир қисмига айланди. Ундан олинган иқтибосларга дуч келмаган одам бўлмаса керак. Кичкина Шаҳзода, шунингдек, қиссанинг бошқа қаҳрамонлари кўринишини ҳам француз ёзувчисининг ўзи яратган.

Бугун ушбу китобда ҳаёт, коинот, мавжудлик ҳақидаги саволларга жавоблар топиш мумкин. «Кичкина шаҳзода» асарини ҳар сафар ўқир экансиз, китоб янгиланиб бораверади, янгидан-янги маънолар туҳфа этаверади.

«Бегона» – Албер Камю

Француз ёзувчисининг илк романи экзистенциализм ғояларининг классик намунаси ҳисобланади. Воқеалар бош қаҳрамон – Жазоирда яшовчи 30 ёшли француз эркак тилидан ҳикоя қилинади. Унинг исми айтилмаган, бироқ баъзи жойларда фамилияси – Мерсо тилга олинади. Асар қаҳрамони одам ўлдиргани учун эмас, онасининг мотам маросимида йиғламагани учун ўлимга ҳукм қилинади.

Қисса орқали Камю абсолют эркинлик масалалари устида бош қотиради. Инсон ҳаёти унинг иродасига боғлиқ бўлмаган воқеалар занжиридан иборатлиги кўрсатилган.

«Ўнта негр боласи» – Агата Кристи

Агата Кристининг 1939 йилда ёзилган ушбу романи ёзувчининг энг кўп сотиладиган китоби ҳисобланади. Романнинг 10 тача экранизацияси мавжуд. Сюжети ғаройиб – оролда қамалиб қолган бир неча одамлар бирин-кетин ўлдирилади. Шубҳангиз бир қаҳрамондан бошқасига кўчиб бораверади. Охири эса бутунлай кутилмаган ечим бўлади.

Роман кўплаб детектив китоблар ва психологик фильмлар яратиш учун намуна вазифасини бажарган.

 

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img