Ҳар қандай ота-она фарзанди бетоб бўлса, айтайлик, иситмаласа, ўзини қўярга жой, бошини суқарга бирор туйнук тополмайди. Бу бор гап. Хавотир юрагингизни минг бир сиқувга олган ана шу дақиқаларда нажот фақат бир нарсада кўринади — дорида! Шу дори тортмангизда борлиги учун ҳам ишонч ва хотиржамликнинг учқуни пайдо бўлади. Қалбингизда Яратганга минг бир илтижо билан иситма туширувчи дорини берасиз ва иситма тушгачгина тинчланасиз. Эртасига узундан-узун рецепт асосида даволаниш бошланади.
Бугун эса “Док-1 Макс” балоси туфайли нажотни қаердан излашни ҳам билмай қолдик. Доимгидек, грипп мавсуми, хонадонларда болалар шамоллаган. Катталар эса қандай дори беришни билмай юрак ҳовучлаб ўтирибди. Бу ёқда қақшатқич қаҳратон.
Ота-оналарни палама-партиш ва рецептсиз дори берганликда айблаётган ҳурматли мутасаддиларга бўлса, айрим саволлар бор-да:
Рецепт билан дорихонага борганда нима ўзгарарди? Кечирасизлару, одамлар ҳозир ўзига-ўзи рецепт ёзадиган бўлиб қолган. Сабаби — “дўхтир ҳам барибир шуни ёзади-да!”. “Аптекирлар” билан келишиб олган дўхтирларингиз Алини боласи шамолласа нима ёзган бўлса, Валини ўғлигиям шуни ёзиб беряпти. Ҳаммани организми ҳар хил, тўғрими, аммо қаерда кўрдингиз оддий шамоллаш ё грипп билан борганда “аввал анализ топшириб кел”, дейишганини. Айниқса, вилоятларда пешонангни рангига ҳам қарамай дори ёзиб беришади.
Бир пайтлар оддий “пенцилин”у, “аспирин” билан даволанган касалликларга бугун камида ўнта доридан иборат бутун бошли рецепт ёзиляпти. Фармацевтикани бизнесга айлантирган ўзингизу, энди ота-оналарни ҳар хил дори берганликда айблаяпсизми? Дори воситаларини стандартлаштириш илмий марказингиз дориларни палама-партиш текшириб ўтказиб юборганини қаёқдан ҳам билсин ҳозир ўз ёғига ўзи қовурилаётган ота-оналар?!
Оқсоқ расмийлар…
Жуда ачинарли. Деярли ҳар доим ижтимоий аҳамиятга эга қандайдир воқеа юз берса, биринчи бўлиб интернетда сизиб чиқади, муҳокама бўлади, ҳатто, фактлар ҳам пайдо бўлади. Ундан кейингина шу мавзуга алоқадор мутасадди ташкилот секин бош кўтаради ва гўё иложсизликдан хабарни тасдиқлайди. “Док-1 Макс” воқеасида ҳам худди шундай бўлди. Препаратни ичган болаларнинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар биринчи бўлиб ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. 22 декабрь санасидаги бу воқеаларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги 27 декабрга қадар “воқеа ўрганилаётгани” мазмунидан четга чиқмаган ҳолда хабар бериб турди. Бунгача эса ижтимоий тармоқларда ушбу дори воситаси сотувдан олингани, препаратнинг зарари ҳақида хабар берган Самарқанд вилоят Болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокорининг хати ва бошқа фактлар чиқиб бўлди. Фақат 27 декабрдагина вазирлик ўрганиш натижаларида дорининг зарарлари аниқлангани, сотуви тўхтатилгани ҳақида расмий маълумот берди. 29 декабрда, ниҳоят, телефонларимизга “Док-1 Макс” препаратини қабул қилмаслик ҳақида хабар етиб келди.
Тушуниш жуда қийин, нега расмий хабарлар бунчалик кечикади?! Инсон саломатлиги, айниқса, болалар соғлиги хавф остида бўлган бир пайтда.
Сенсациянинг одамларга фойдаси тегди
Янги вазир Амрилло Иноятовнинг “Quramax”нинг барча дори воситалари сотувини тўхтатиш ҳақидаги кўрсатма хати ҳам биринчи бўлиб 2 январь куни электрон оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 январда бу ҳақда хабар берди. Нега энди бу хат 2 январнинг ўзида расман ёйилмаслиги керак? Нега ҳар доим блогерлару интернет фойдаланувчилари кавлаштириб тортиб чиқариши керак барча учун муҳим маълумотларни. Кўрсатилган дориларни қабул қилмаслик ҳақидаги огоҳлантириш зудлик билан бутун Ўзбекистон аҳолисига тарқатилиши керак эмасмиди? Кечиктириб бўлмайдиган ҳолат-ку бу. Яхши ҳам интернет замонида эканмиз. Яхши ҳам изланувчан журналистлару “бомба хабар” излар блогерлар бор экан. Бўлмаса тизим масъуллари уйғонгунича яна қанча одамларнинг, қанча болаларнинг ҳаёти хавф остида бўлар эди. Сенсациянинг шу ўринда одамларга фойдаси тегди.
Аҳолининг соғлиғини асраш, хавфдан огоҳ қилиш биринчи галда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг вазифаси эмасми?! Бундай шароитда оперативлик ва хушёрлик, огоҳлик тарғиботи масъул идорада бўлиши лозим эди. Улар бу орқали давлатнинг реакциясини кўрсатган бўлар эди.
Минг афсуски, расмийлар ҳар доим ижтимоий тармоқлардан орқада. Масъул идораларнинг ҳаққоний маълумотларни кечиктириши эса бир қанча акс таъсирларни келтириб чиқаради:
- Одамларнинг мутасадди ташкилотларга ишончи янада пасаяди.
- Ижтимоий тармоқлардан кўпчилик фойдаланади. Аммо унда тасдиқланмаган хабарларнинг ҳам кўплиги фойдаланувчиларда тўлиқ ишонч ҳиссини таъминламайди (“Цинепар” таблеткасига ўрганиб қолганлар “расмий маълумот берилмадику ҳали”, дея уйдан шу дорини қидиргани ва шунга ўхшаш ҳолатлар ҳақида эшитяпмиз).
- Интернет ресурсларидан хоҳлаганда фойдалана олмайдиган қатлам учун доридан зарарланиш хавфлилик даражаси юқорилигича қолади.
Эътибор бердингизми, онда-сонда тақиқланган препаратлар айрим дорихоналарда сотилаётгани, баъзи тиббиёт ходимларининг бехабар ва бефарқлиги ҳақидаги хабарлар ҳам чиқиб қоляпти. Буларнинг бари аҳолини огоҳлантириш мазмунидаги тарғибот (расман) нинг сустлиги туфайли.
Бирор марта телеведение орқали зарари тасдиқланган дори воситаларини қабул қилмаслик ҳақида видеоролик, жиллақурса эълон кўрмадик. Ҳар хил дорию-дамламалар рекламасини ҳар соатда айлантиришни маромига етказадиган ТВ каналларининг бирортаси огоҳлантирувчи контентлар бермади. Ваҳоланки, прайм-тайм вақтларидан ва бошқа имкониятлардан фойдаланиш мумкин эди. Бизнингча, бундай ижтимоий аҳамияти долзарб воқеаларда барча ахборот ресурслари аҳолини кунда минг марта огоҳлантириши керак эди. Ёки нотўғрими? Сиз қандай фикрдасиз?
Вазирликнинг 4 январь куни берилган расмий баёнотида хонадонларда сақланаётган дорилар назоратга олинаётгани, энди уйма-уй юрган ҳолда “Хонадон дори қутиси”ни шахсан назоратдан ўтказиш, муддати ўтган препаратлар, сақлаш қоидалари бузилган ҳамда “Quramax Medical” компаниясининг барча дори воситаларини қабул қилмаслик ва истеъмолдан чиқариш кераклиги ҳақида одамларга тушунтириш берилиши айтилганди. Аммо поликлиника ходимлари биз томонларга ҳозирча етиб келгани йўқ. Балки йўлдадир. Сиз томонларга-чи?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 январь куни “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сироплари бўйича халқаро огоҳлантириш эълон қилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу дорилар бошқа мамлакатларда ҳам расман сотилаётган ёки норасмий бозорлар орқали кириб борган бўлиши мумкинлигини ҳисобга олиб, дунё миқёсида мазкур дориларни қўлламасликка чақирган.
2022 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Гамбия ва Индонезияда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган сироплар туфайли болалар ўлими кузатилганда ҳам ЖССТ огоҳлантириш эълон қилган. Дунё миқёсида рўй берган бу воқеалар соғлиқни сақлаш тизимимиздаги кўп ташкилотларни огоҳ қилиши керак эди. Масалан, Фармацевтика агентлиги ҳузуридаги Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказининг Фармокологик назорат бўлимини.
Дориларга рухсатнома қандай берилади?
Шу ўринда маълумот учун дориларга қандай тартибда рухсатнома берилишини эслатиб ўтамиз:
Дориларни қўллашга рухсатнома олиш учун ҳужжатлар Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказига берилади.
Рухсатнома хорижий ишлаб чиқарувчиларга 5 йилга, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга муддатсиз даврга берилади. Рухсатнома бериш ёки бермаслик ҳақидаги қарорни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган Экспертлар кенгаши қабул қилади.
Дориларни рўйхатдан ўтказиш учун ариза берилгандан сўнг Марказ томонидан қуйидагилар амалга оширилади:
Рўйхатдан ўтказиш бўлими:
ҳужжатларни ва дори намуналарини дастлабки экспертизадан ўтказади;
дастлабки экспертиза ижобий бўлса, Марказ ва ариза берувчи ўртасида шартнома тузилади;
йиғим тўлангандан кейин ҳужжатлар ва дори намуналари экспертизадан ўтказиш учун Марказ лабораторияларига, Фармакология, Фармакопея, Янги тиббий техника қўмиталарига, Наркотикларни назорат қилиш қўмитасига берилади.
Марказ лабораториялари:
ҳужжатларни маъмурий, кимёвий, фармацевтик, биологик ва техник экспертизадан ўтказади;
норматив ҳужжатларни баҳолайди, дори намуналарининг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги бўйича синов ўтказади;
сўнг синов натижаларини, ҳужжатларни Фармакопея, Фармакология ва Янги тиббий техника қўмиталарига беради.
Фармакопея қўмитаси:
ҳужжатларни маъмурий, кимёвий, фармацевтик ва биологик қисмларини, лаборатория синовлари натижаларини экспертизадан ўтказади;
мустақил экспертларни жалб этиб дориларни экспертизадан ва такрорий экспертизадан ўтказади;
қўшимча синовлар ўтказиш учун Марказ лабораторияларига дори намуналари ва ҳужжатларини юборади;
дориларнинг норматив ҳужжатларини тасдиқлайди;
ҳужжатлар ва экспертлар хулосалари асосида дорини рўйхатдан ўтказиш ёки рад этиш тўғрисидаги тавсияларни Экспертлар кенгашига киритади.
Фармакология қўмитаси:
мустақил экспертларни жалб этиб фармакологик ва дори воситалари ҳужжатларини экспертизадан ўтказади;
қуйидаги ҳолларда дориларни клиник тадқиқотларсиз қўллаш мумкинлиги тўғрисидаги тавсияларни Экспертлар кенгашига киритади:
дориларни рўйхатдан ўтказиш натижалари Ўзбекистонда тан олинадиган мамлакатлар, халқаро ва хорижий ташкилотларда рўйхатдан ўтказилган дорилар тақдим этилганда;
дорининг GMP, GCP, GVP талаблари асосида яратилганлиги, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан қайта малакаланганлигига оид ҳужжатлар бўлганда;
Ўзбекистонда тан олинадиган мамлакатлар, халқаро ва хорижий ташкилотларнинг ижобий хулосаси бўлганда.
Ҳужжатлар ва экспертлар хулосалари асосида Экспертлар кенгашига клиник тадқиқотларсиз ёки клиник тадқиқотлар асосида дориларни рўйхатдан ўтказиш ёки рад этиш тўғрисидаги тавсияларни киритади;
Фарминспекция янги дори ишлаб чиқариш йўлга қўйилганда корхонага бориб зарур шароитларни ўрганади ва шароитлар тўғрисида маълумотнома беради.
“Зарур амалиётлар маркази” ДУК дори ишлаб чиқарувчи корхоналарда “GMP” талаблари мавжудлигини текширади ва натижаларга кўра хулосаларни Экспертлар кенгашига беради;
Экспертлар кенгаши Фармакопея, Фармакология, Янги тиббий техника қўмиталари, шунингдек Марказнинг бошқа бўлинмалари хулосалари асосида дорининг қўлланилишига рухсат бериш ёки рухсат беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Қонунчиликдаги бу талаблар фақат қоғозда қоляпти, шекилли. Масъуллардан ҳеч бўлмаганда инсон саломатлиги турганда кўзбўямачиликка йўл қўймасликларини сўраб қоламиз. Огоҳлик тарғиботи эса ҳамиша давом этиши керак!
Мадҳия АВАЗОВА,
журналист