Бош саҳифаЯнгиликларЎзбекистонОлий суд ахборот хизмати Отабек Сатторийнинг суд...

Олий суд ахборот хизмати Отабек Сатторийнинг суд иши бўйича расмий баёнот берди

Олий суд ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди:

«29 июнь куни соат 11:00 да Сурхондарё вилоят суди биносида судланувчи О.Сатторийга оид жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди.

Мазкур жиноят иши Самарқанд вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, О.Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бугунги суд мажлисида судга раислик қилувчи Самарқанд вилоят суди судьяси И. Ҳамидов томонидан суд таркиби эълон қилиниб, ҳозир бўлган суд иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилди.

Шундан сўнг тарафларда судлов ҳайъати таркибини рад қилишга оид арзлар ёки илтимослар бор ёхуд йўқлигига аниқлик киритилди. Судланувчи О. Сатторий прокурор ва судлов ҳайъати таркибига раддия билдирди. Унинг раддияси тарафларнинг фикри ўрганилган ҳолда ҳал этилиб, қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Шунингдек, судланувчи О. Сатторий ва унинг ҳимоячиси Ш. Холмуродов судга илтимоснома киритиб, судланувчи О. Сатторийнинг отаси А. Сатторийни ҳимоячи сифатида иштирок этишга рухсат берилишини сўради. Ушбу илтимоснома Жиноят-процессуал кодексининг 423-моддаси (суд мажлисида ажрим чиқариш тартиби) тартибида ҳал этилиб, қаноатлантирилди ҳамда А. Сатторий ҳимоячи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинди. Унга Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддаси (ҳимоячининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари) да назарда тутилган ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари тушунтирилди.

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз