Гастроэнтерология соҳасида кўп йиллардан бери самарали меҳнат қилиб келаётган тиббиёт фанлари доктори, онкожарроҳ Ғуломов Олимжон билан ошқозон-ичак касалликлари ҳақида суҳбатлашдик. Суҳбат асносида мутахассис ошқозон ичак касалликлари келиб чиқиши ва даволаш чоралари ҳақида фикр юритди.
— Қизилўнгачда учрайдиган хавфли ўсмалар ҳам сўнгги йилларда ошгандек…
— Қизилўнгачда учрайдиган касалликлар аҳоли орасида кенг тарқалган касалликлардан бири ҳисобланади. Таснифига кўра яхши ва ёмон сифатли турларига бўлинади. Ёмон сифатли турига қизилўнгач саратони, чандиқли ўсмалар киради. Касаллик белгиларидан тўш орқасида симиллаб оғриқ бўлиши, жиғилдон қайнаши, овқат итеъмолидан сўнг кўкрак қафасида оғирлик бўлиши билан кузатилади. Қизилўнгач касалликларига ташхис қўйиш бирмунча қийин. Аксарият беморлар юрагим оғрияпти деб, кардиологга мурожаат қилади. Аниқ ташхис қўйиш учун эндоскопия, рентген ва барийли текширувлари ўтказилади.
— Гастрит касаллигининг келиб чиқиш сабаблари, белгилари ҳақида маълумот берсангиз…
— Гастрит ошқозон шиллиқ қаватининг яллиғланиши бўлиб, кўп учрайдиган касалликлар сирасига киради. Касаллик ривожланиб, сурункали тусга ўтиб кетмаслиги учун бошиданоқ даволаш чораларини кўриш лозим. Гастритнинг келиб чиқишига нотўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик, стрессни бошдан ўтказиш, дориларни пала-партиш ва узоқ муддат истеъмол қилиш, ичак инфекциялари, хеликобактер пилори микроби, ошқозон ости бези ва ўт пуфагининг хасталаниши сабаб бўлади. Гастрит кечишига кўра ўткир ва сурункали турларга бўлинади.
Ўткир гастритга йўлиққан беморлар умумий беҳоллик, кўкрак ости соҳасида оғриқ, кекириш, кўнгил айниши ва ҳазм бўлмаган овқатни қусиш, айрим ҳолатларда тана ҳарорати кўтарилишидан шикоят қиладилар. Касаллик аста-секин ривожланади. Беморлар қориннинг юқори соҳасидаги оғриқдан, иштаҳасизлик, жиғилдон қайнаши, кўп ташна бўлишдан, қориннинг дам бўлиши, овқатланиб бўлгач, овқатни қайт қилиб ташлашдан, ичнинг равон келмаслигидан шикоят қиладилар. Гастритдан воз кечаман десангиз, парҳезга риоя қилинг. Аччиқ ва иссиқ, ҳазми оғир таомлар, газли сув ва спиртли ичимликлар, чекишдан тийилинг, руҳий изтиробларга йўл қўйманг. Агар касаллик ўз вақтида даволанмаса, ошқозон ярасига ўтиб кетиши мумкин. Ошқозон ярасини даволаш гастритни даволагандан кўра бирмунча қийинроқ, деярли бир умр ҳамроҳингизга айланади деб айтишимиз мумкин.
— Ошқозон яраси ҳам аҳоли орасида ортмоқда. Айрим касб эгалари ҳам шу касалликдан азият чекишининг сабаби нимада?
— Ошқозон яраси касаллиги замирида тартибсиз овқатланиш, ирсий мойиллик, кимёвий моддалар ва баъзи дори препаратлари (аспирин, гормон)ларни бетартиб истеъмол қилиш кабилар ошқозон яраси пайдо бўлиши учун асос бўлади. Яра касаллигида асосан тўш соҳасида оғриқ, тунги безовталиклар, иштаҳанинг пасайиши, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши ва қайт қилиш каби белгилар кузатилади. Яранинг жойлашишига қараб, овқатлангандан сўнг 2 соат ёки ундан кейин оғриқ бошланиши мумкин. Ушбу касалликка одатда энг ишга яроқли бўлган инсонлар чалинади. Қолаверса, айрим касб соҳибларида ҳам бу касаллик кўп кузатилади. Айниқса, сурункали шакли. Бўёқчилар, косиблар, темир йўлчилар, сартарош ва ранг бўёқлари билан ишлайдиган соҳа вакиллари кўпроқ азият чекишади. Ушбу соҳа вакиллари иш фақтида мунтазам равишда махсус респираторли ниқоблардан фойдаланиши шарт.
Шифокор беморнинг таҳлил натижаларига кўра, даволаш чораларини кўради. Шиллиқ парданинг фаол яллиғланишини пасайтириш, яра ва эрозияларни битирувчи, яра касаллиги хуруж қилишининг олдини олувчи препаратлар қўлланилади. Муолажа давомида шифокор назоратида бўлиш, қатъий парҳезга риоя қилиш тавсия этилади.
—Етарлича даволанмаслик қандай оқибатларга олиб келади?
— Яллиғланган яранинг қонашига сабаб бўлади. Натижада ҳушдан кетиш, баъзан ичакдан қон кетиши ёки қон қусиш рўй беради. Бу ҳолат такрорланса, камқонликка сабаб бўлади. Агар ошқозон яраси тешилса, бемор ҳушдан кетади ва бу ҳолатда зудлик билан шифохонага етказилиши ҳамда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши зарур. Ошқозон ярасининг бошқа аъзоларга ўтиши, яъни саратон касалига айланиб кетиш каби жиддий асоратлари бор.
Саратон илк босқичларида аниқланса, даволаш осон кечади. Агар охирги босқичларида бизга маълум бўлса, кимётерапияси, нурли терапиялар ўтказилади. Ўсма борлиги бошида аниқланса ва бошқа аъзоларга ўтиб кетмаган бўлса, жарроҳлик йўли билан олиб ташланади. Бизнинг шифохонада, фақат битта бўлимнинг ўзида 50-80 тага яқин хавфли ўсмалар жарроҳлик йўли билан олиб ташланади. Биздан бошқа бўлимларда ҳам, онкологик касалликлар учун мўлжалланган бошқа шифохоналарда ҳам ушбу амалиёт қўлланилади. Ошқозон саратони йилдан-йилга ҳам кўпаймоқда ҳам ёшармоқда. Инсон 30 ёшдан 50 ёшгача бўлган даври ишга энг лаёқатли ҳамда ишчан даври ҳисобланади. Айнан шу ёшдаги инсонлар ошқозон, қизилўнгач саратони, ўн икки бармоқли ичак касалликларидан азият чекмоқда. Давлатимизга эндигина нафи тегиб, ишлайдиган паллага етганда оғир дард ёпишмоқда. Шу учун иш берувчи раҳбарларга тавсиям, ходимларингизни соғлигига эътиборсиз қараманг. Агар корхонангизни янада гуллаб-яшнаб, равнақ топишини истасангиз, ходимларингиз соғлигини текширтириб туринг, деган бўлардим.
— Ошқозон саратони безовталикларсиз, белгиларсиз ҳам ривожланиши мумкинми?
— Афсуски, саратоннинг яширин турлари ҳам бор. Нима бўлган тақдирда ҳам инсон ўз организмини эшитиши керак. Ўзига ҳам организмига ҳам адолатли бўлган инсон бошқаларни ҳам эҳтиёт қилади. Организм ўзига керакли бўлган витамин ва дориларни ўзи сўраб олади. Гоҳида инсоннинг ширин ёки нордон таъмли маҳсулот егиси келади. Шундай паллада организм истагини бажариш керак. Аслида, уч маҳал овқатланиш керак деган қоида ҳеч қаерда йўқ. Қорнингиз очдими, уни тўйғазиш ҳаракатида бўлинг. Соғлом ҳолатингизга мос бўлмаган ҳолатлар сизни безовта қилса, дарҳол мутахассисга мурожаат қилинг.
—Республикамизнинг қайси ҳудудларида ошқозон-ичак касалликлари нисбатан кўп учрайди?
— Қорақалпоғистон ва Оролбўйи ҳудудларида яшайдиган инсонларда кўп учрайди. Сабаби маълум. Экологиянинг салбий таъсири. Чўл ҳудудида яшайдиган аҳолида қизилўнгач саратони билан хасталанганлар шифохонамизга даво истаб келишади. Фарғона вилоятидан ҳам айнан шу ташхис билан келади. Ушбу ҳудуд эса аччиқ маҳсулотларни севиб истеъмол қилиши билан машҳур. Қизилўнгачдан ўтаётган ўта аччиқ ҳамда иссиқ таомлар бу аъзони зарарламасдан қолмайди. Ўта иссиқ ҳолатдаги таом ёки ичимликни ичиш ҳам аъзоларни куйдириш ҳамда яллиғланиш чақириши мумкин.
— Яқинда бир маълумотни ўқиб қолдим. Бу фанда қанчалик исботланган ёки йўқ, идиш ювиш воситалари ҳисобланган кимёвий моддалар ҳам саратон кўпайишига сабаб бўлаётган экан. Бу ҳақида сизни фикрингиз қизиқ?
— Овқатланган таом қолдиқларини, ёғларини кеткизадиган идиш ювиш кукунлари, геллар ва ҳар-хил турдаги суюқликларнинг чинданам ошқозон учун зарари катта. Ушбу воситаларда таомланадиган идишлар ювилганидан сўнг, устидан қайноқ сув қўйиш керак. Совуқ сувда чайилиб қўйилганда, зарарли хусусиятлари кетмайди. Нимага охирги пайтларда ошқозон касалликлари кўп, нимага иммунитет тушиб кетмоқда? Кечирасизу, олдингилар идишни лой, кул ва қумда ювишган. Ҳар ҳолда ўша пайтда касалликларнинг тури ҳам хавфлилик даражаси ҳам юқори бўлмаган. Чала ювилган идишларда қанчалар зиёнли воситалар қолиб кетмоқда? Бутунлай ишлатмаслик керак дейишдан йироқман, бу ҳар кимнинг ўз танлови. Соғлиги ҳақида қайғурган инсонлар эса имкон борича истеъмол содаси ҳисобланган воситадан идиш ювишда фойдаланганликлари маъқул. Ҳар ҳолда унинг организмга заррача хавфли таъсири йўқ.
Феруза РАҲИМОВА суҳбатлашди.