Нотаниш йўналишни босиб ўтишда вақтни идрок этиш билан боғлиқ бир неча тахминлар мавжуд. Улардан бири – қачонки одамнинг эътибори нотаниш нарсага дуч келганда янги нарсаларни идрок этиш самарадорлиги фаоллашади ва биз ушбу сегментни онгли равишда ҳис қиламиз. Шу сабабли бизга субъектив вақт секинроқ ўтгандек туйилади. Манзара бизга таниш бўлиб қолганидан кейин эса, яъни ўзимиз ўзлаштириб олган йўлдан уйга қайтаётганимизда диққатни жамлаш хусусиятимиз пасаяди, онгимиз бўшашади ва вақт тез ўтиб бораётгандек туйилади.
Иккинчи тахмин шундан иборатки, бунда инсон нотаниш вазиятдан безовта бўлади ва манзилга белгиланган вақтдан кечикиб қолишдан хавотир олади. Кўп ҳолларда биз иш билан ёки бошқа муҳим бир сабаб билан янги, нотаниш манзилга боришимиз керак бўлганда бизни вазият ҳақида ўйлашга нима мажбур қилади? Жараённи назорат қилиш ва кечикиб қолишдан қўрқиб, соатга дилгирлик билан қарайвериш, керакли бинони биринчи боришда топа олмасликдан хавотир олиш ва шунга ўхшаган нарсалар. Ана шуларнинг барчаси жам бўлиб бизнинг ичимиздаги соатимиз милини секинлаштириб қўяди. Қайтаётган чоғимизда эса қарама-қарши таъсирни ҳосил қиладиган вақтни кузатмаймиз ва назоратни бўшаштирамиз.
Олимларнинг сўнгги тахминларига кўра, ҳамма гап уйга ёки дам олиш жойига қайтиш пайтида пайдо бўладиган ижобий ҳиссиётидадир. Инсонда бахтиёрлик туйғусини ҳосил қилувчи гормонлар у яқинлари билан топишган вақтда фаоллашади. Ушбу вазиятда субъектив вақт ҳам тез ўтади. Чунки бу вақтда ёқимли ҳис-туйғулар оғушида бўлган одам атрофида кечаётган вақт масаласи билан унчалик қизиқмайди.