ЯнгиликларМаҳаллийЎРВИ: Болаларда касаллик қайталанмаслиги учун қандай тавсияларга амал қилиш лозим?

ЎРВИ: Болаларда касаллик қайталанмаслиги учун қандай тавсияларга амал қилиш лозим?

Одатда, куз-қиш мавсумига хос касалликлардан кўпроқ болалар азият чекади. Хусусан, ўткир респиратор вирусли инфекцияларни юқтириш ҳолатлари ҳам кичкинтойларда 4-5 баробар кўпроқ учраши бежиз эмас. Чунки ўғил-қизларда иммунитет катталарга нисбатан заифроқ шаклланган бўлади.

Энг ёмони, энди хасталикдан тузалган болажонларнинг қайтадан шамоллаб, яна тўшакка михланиб қолиши уларнинг ўзини ҳам, ота-оналарини ҳам ҳолдан тойдириши табиий.

Хўш, бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай тавсияларга амал қилиш лозим?

— Ўткир респиратор касалликларни чақирувчи вирусларнинг 200 дан зиёд тури аниқланган, — дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Динара Дўстмуҳаммедова. — Шулардан аденовирус, грипп А болалар орасида, айниқса кўп учрайди.

Хасталик бир тоифа ўғил-қизларда шунчаки тумов, бошқаларда пастки нафас йўллари яллиғланиши, яна баъзиларда эса йўтал, ҳарорат кўтарилиши каби белгилар билан кечади.

Оқибатда иммунитети заиф ўғил-қизларда касаллик оғир асоратлар қолдириш хавфи ҳам мавжуд. Масалан, вирус юқори нафас йўллари орқали юқиб, бронхит касаллигига олиб келиши мумкин.

Буйрак, юрак фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор. Энг ёмони, вирусли инфекциялардан сўнг менингит ва менингоэнцефалит касалликлари шаклланиши ва ривожланиши мумкин.

Шу боис, профилактик чоралар муҳим. Ҳаммаси, аввало, соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ. Бола тўғри овқатланиши, ўз вақтида ухлаши, жисмоний чиниқиши лозим. Шундагина иммунитет мустаҳкамланади.

Масалан, 1 ёшгача бўлган болалар ўзлари мустақил равишда жисмоний машқларни бажара олмайди. Демак, ота-оналари, тарбияловчилари уларни чиниқтириши зарур. Турли уқалаш муолажалари ҳам бу жараёнда жуда фойдали. Боланинг танасида қон айланиш тизими фаолияти яхшиланади.

Жажжи беморлар муолажаси давомли парваришни талаб қилади. Лекин баъзи ота-оналар фарзанди шифохонадан чиқиши билан уни боғчага, мактабга жўнатишади. Аҳоли гавжум жойларга, меҳмонга олиб боришади. Ваҳоланки, бундай пайтда ҳали организм тўлиқ тикланмаган бўлади.

Оқибатда аввалгидай қувватга кириб улгурмаган бола ташқи муҳитда янги вирусга дуч келиб, қайтадан касалланиб қолиши мумкин. Шундай экан, ўғил-қизларнинг хасталикни енгил даражада ўтказишида ота-оналари, яқинлари кўмаги ниҳоятда зарур. Бундай пайтда янада эътиборли бўлиш талаб этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img