Бош саҳифаЭ-мутолааСуд очерклари«Ошиқ» йигит жазоланди

«Ошиқ» йигит жазоланди

Балиқчи туманида яшовчи  27 ёшли Миркамол Юнусжонов ва 31 ёшли, ҳали турмушга чиқмаган Дилсўз Мухторова (исм-шарифлари ўзгартирилган) билан 2018 йилнинг декабрь ойида танишиб, бир-бирларини ёқтириб қолишади. Натижада кўп ўтмай уларнинг муносабати “қуюқлашиб” кетади. Йигит уни хотинидек кўрар, қиз ҳам ошиғини ўз хўжайини деб биларди. Аммо хирсу ҳавасга асосланган айни муносабат салкам икки ярим йил давом этади холос. Кейин “ошиқ-маъшуқ”ларнинг ўртасига совуқчилик тушади. Аниқроғи, Миркамол Дилсўзни бўлар-бўлмасга тергайдиган, хатто унга қўл кўтарадиган одат чиқаради.
Ўтган 2021 йилнинг 27 июнь куни тунги соат 02:30ларда М.Юнусжонов телефон орқали гаплашиш асносида Д.Мухторовани куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлайди. 2021 йил 1 июль куни соат 10:30ларда юз берган жанжалда эса маъшуқасини ҳақорат қилиш билан кифояланмай, уни уриб тан жароҳати ҳам етказади. Шу боис жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман судининг 2021 йил 17 июлдаги қарорига мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси(ҳақорат қилиш), 52-моддаси 2-қисми(соғлиқнинг қисқа муддат ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятини унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган даражада қасддан енгил тан жароҳати етказиш) билан айбдор деб топилиб, маъмурий жазога тортилган. Бироқ Миркамол бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмай, 2021 йил 14 декабрь куни яна дийдиёсини давом эттиради. Яъни шу куни соат 13:30ларда тумандаги “Бахтли болалик” номли мактабгача таълим муассасаси олдида Дилсўзни телефонда бегона кимсалар билан гаплашганликда айблаб, ҳақоратлайди. Бу ҳам етмагандек қизнинг юз ва кўз соҳаларига қасддан уриб, тан жароҳати етказади. Бундай ҳақорату калтаклардан 2021 йил 24 декабрь, 2022 йил 7 февраль ва 5 март кунлари ҳам “баҳраманд” бўлади Д.Мухторова. Айниқса, сўнги – 2022 йил 5 март кунги жанжал қизнинг жонидан ўтиб кетади. Ўша куни Миркамол ҳақорат қилиш билан қаноатланмай, унинг оёқ сон қисмига тепиб тан жароҳати ҳам етказади. Аслида 8 март – Халқаро хотин қизлар куни байрами арафасида совға-салом ўрнига оғриқ ва азобларга гирифтор бўлгани жуда алам қилади Дилсўзга. Бинобарин, у М.Юнусжоновга қонуний чора кўришни сўраб, туман ИИБга мурожаат қилади. Пировардида зўравон “ошиқ”қа нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Балиқчи туман суди эса М.Юнусжоновни Жиноят кодекснинг 109-моддаси 1-қисми ва 140-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, қонуний жазо тайинлади.

Фурқатжон СОБИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Балиқчи туман судининг раиси

Ижтимоий тармоқлар

0АъзоларЁқтириш
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиЭргашувчи
0ОбуначиОбуна

Сўнгги янгиликлар

Тавсия этамиз