Баъзан жиноятнинг содир этилишига судланувчи ва жабрланувчининг айби борлиги сабаб бўлади. Масалан, айрим кимсалар осон пул топиш ёки ўз касбига ҳиёнат, яна баъзи ҳолатларда одамлар ҳаққидан қўрмаслиги инсонни жиноят кўчасига етаклайди. Суд мажлисларида жабрдийда бўлиб ўтирганларни эса кўпинча соддалиги сабаб бўлади.
Фикримизни яқинда бўлиб ўтган суд мажлисидаги жиноят иши ҳам тасдиқлайди. Ботир (исмлар ўзгартирилган) пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги автосалонлардан бирида сотувчи бўлиб ишлайди. Лекин у ўз касбига меҳр бериб, ўзгалар ҳаққига кўз олайтиришни ўйламаганида эди, у бугун ҳотиржам ҳаёт кечираётган бўларди. Нима бўлди-ю, унинг феъли айниди. Яқин таниши Собирни алдаб, мўмайгина даромад эгаси бўлгиси келиб қолди.
Кунларнинг бирида Собир ўзига тегишли “KIA OPTIMA” русумли автомашинасини пул зарур бўлиб қолгани учун сотмоқчилигини айтди. Пайтдан фойдаланган Ботир ўзини ҳожатбарор қилиб кўрсатди. Собир 15 минг АҚШ долларига автомашинасини сотмоқчи эканлини айтганда дарров кўнди-қўйди. Хуллас, автомашина Ботирга ташлаб кетилди.
Орадан вақт ўтиб борар, лекин автомашинага харидор чиқай демасди. Бу ёқда Собир ҳам безовталана бошлади. Тезроқ сотсаю, ишини битирса! Инсон содда бўлса ҳам қийин экан. Айтмоқчимизки, йиллаб йиққан-терганини зумда олдириб қўйиш ҳеч гап эмас. Собирнинг соддалиги панд берди.
Буни қарангки, кутилмаганда Ботир Собирга антиқа таклиф билан чиқди. Унга кўра, Собир автомашина учун 7 минг 500 АҚШ долларини нақд санаб олади. Қолган 7 минг 500 АҚШ долларига эса “Toyota Corola” русумли автомашинани қолдириб кетмоқчи бўлган харидор борлигини айтади. Пул ниҳоятда зарур бўлиб турган Собир бунга кўнади. Негаки, Ботир ўша “Toyota Corola” русумли автомашинани ҳам сотиб беришни зиммасига олаётганди-да.
Соддаликни қаранг, Собир Ботирга ишониб, автомашинасини харидорга расмийлаштириб беради. Лекин Ботир аслида автомашина учун 10 минг АҚШ долларини олганлигини, ундан 2 минг 500 долларини олиб қолганини Собир билмасди.
Аввалдан пухта ўйланган фирибгарлик амалга ошади. Ботир Собирнинг соддалигидан фойдаланиб, 2 минг 500 АҚШ доллари ҳамда “Toyota Corola” русумли автомашинанинг эгаси бўлганидан осмонда учиб юради.
Собир кўкка қанчалик парвоз қилмасин, қонун унинг оёғидан тортиб ерга тушириб қўйди. Бетайин хаёллари ортидан нима иш қилиб қўйганини тушунди. Пушаймонликда суднинг қора курсисига ўтиришгача етиб келди.
Санжар ИБАДОВ,
жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси