ЎТГАН йилнинг сўнгида таҳририятга Жиззах вилоятининг Арнасой туманида истиқомат қилувчи фуқаро Давлат Тахтамишевнинг шикоят аризаси келиб тушди. Унга кўра, Д.Тахтамишев укаси И.Тахтамишевнинг беш йилдан буён ечимини топмаётган муаммоси бўйича журналист текшируви ўтказишни сўраган.
Мурожаат муаллифи билан бир неча бор суҳбат ва мазкур иш билан боғлиқ ҳужжатлар билан танишиш асносида қуйидагилар маълум бўлди:
2017 йилнинг май ойида фуқаролар Ф.Холбоев, Х.Хашимов, О.Нормуродов ва И.Тахтамишевларнинг жами 25 бош отлари қаровсиз қолдирилиши натижасида Арнасой тумани ҳудудидаги “Зарафшон қирғоқлари” фермер хўжалигининг 13 гектар, “Бухоро хуш тепа” фермер хўжалигининг 10 гектар, “Бухоролик Фарҳод” фермер хўжалигининг 8 гектар “Жиззахлик Жамол даласи” фермер хўжалигининг 7 гектар ғалла майдонларини пайҳон қилиб, мазкур фермер хўжаликларига салкам 30 миллион зарар етказади. Ва, шу жойнинг ўзида 25 бош отлар ушланиб, Арнасой туманидаги “Деҳқон бозори”га қарашли ҳудудга сақлаш учун олиб кетилади.
Бундан хабар топган от эгалари отлари сақланаётган жойга боришади. Уларни дарвоза олдида Арнасой туман Ички ишлар бўлими ходими қарши олади. Ходим отларини сўраб келганларга ҳар бир от учун бир миллион сўмдан жарима тўлашларини айтади. Айбдорлар бундан бош тортмайди, айбини тан олган ҳолда ҳар бири ўзига тегишли бўлган отлар учун банк орқали бир миллион сўмдан тўловни амалга оширади. Шундан сўнг “дарвоза эгаси”га тўлов қоғозини кўрсатиб, ҳар ким ўз отини “жарима майдони”дан олиб чиқади. 25 бош отлардан 9 тасининг эгаси бўлган Икром Тахтамишев ҳам бошқалар қатори жарима суммасини тўлаб, отларини олиб кетиш учун юк машинасини олиб келади. Машинага бешта от сиққани учун уларни ташлаб, қолган тўрттасини бир соат ичида олиб кетишини айтиб, “дарвозабон”ни огоҳлантириб кетади.
Отлар бирдан ғойиб бўлди
Бешта отини ташлаб бир соатда қайтиб келган И.Тахтамишев не кўз билан кўрсинки, дарвоза олдида турган ички ишлар ходимидан ҳам, тўрт бош отдан ҳам дарак йўқ. Саросимага тушган Икром Арнасой туман Ички ишлар бўлимига бориб, бўлган воқеани айтади. Улар на ўз ҳамкасбидан, на отлардан бехабарлигини айтиб, елка қисишдан нарига ўтмайди. Хавотири баттар ошган Икром таниш-билишларига қўнғироқ қилади, отлари “ғойиб” бўлган бозор ҳудудига бориб атрофдагилардан сўраб-суриштиради. Ҳайриятки, ўша ерда юрган отбоқарлар отларни ички ишлар ходими машинага ортиб Жиззахдаги “Отчопар” майдонига олиб кетганини айтиб қолишди. “Нега, нега олиб кетишади? Ахир, у менинг отларим-ку, жаримасини тўладим-ку…” Икромнинг бошида ана шундай оғриқли савол айланади.
Икром акаси билан тўғри Жиззах вилоятидаги “Отчопар” майдонига кириб боради. Уларнинг олдига майдон қоровули Тўра Баратов пешвоз чиқди. Икром қоровулга бўлган воқеани тушунтириб, майдонда турган тўрт бош отини олиб кетмоқчилигини айтади. Аммо қоровулнинг гапи Икромни бутунлай ақлдан оздираёзди. Нима эмиш? Бу отлар формали киши (ички ишлар ходимини назарда тутмоқда) томонидан сотилган, мана тилхат, дея унинг қўлига бир парча қоғозни тутқазади. Ва эсанкираб турган Икромга бу ердан тезроқ туёғини шиқиллатишини сўраб, йўлни кўрсатиб қўяди. Акс ҳолда, бу ердан бирон нарса йўқолса сенлар жавобгар бўласанлар, дея қўшимча қилади. Нималар бўлаётганини гоҳ англаб, гоҳ англамаётган ака-ука Тахтамишевлар “Отчопар” майдонидан чиқиб кетишади. Чорасиз қолган И.Тахтамишев нажот умидида туман, вилоят ва Бош прокуратурага мурожаат йўллайди. Афсуски, улардан жўяли жавоб ололмайди.
Қонунчиликда чорва моллари ёки паррандалар экинзорларни пайҳон қилиш ҳолати юз берса, экинзорлар пайҳон қилинган жойда ушланган чорва моллари маҳалла фуқаролар йиғинларига топширилади. Экинзор эгалари фақат чорва моллари эгасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 104-моддасига кўра, чорва моллари ёки паррандаларнинг хўжалик экинзорларини пайҳон қилиши, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиши ёки уни йўқ қилиб юбориши, кўчатларга шикаст етказиши фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Етказилган зарар тўлиқ ундириб олингач, чорва моллари эгасига қайтарилиши белгиланган.
Қуруқ қарордан нима наф?!
Орадан уч ойча вақт ўтиб, 2017 йил 24 август куни Арнасой туман маъмурий суди томонидан мазкур иш билан боғлиқ суд қарори чиқарилади. Унга кўра, 25 бош отнинг юқорида кўрсатилган фермер хўжаликларига етказган зарар миқдори ва жарима ундирилганлиги боис отлар ўз эгаларига қайтарилиши кўрсатилган.
Мазкур суд қарори чиқмасдан аввал отлар эгаларига қайтарилган. Аммо И.Тахтамишевнинг қолган тўрт бош отидан суд қароридан кейин ҳам дарак йўқ! Нега?
И.Тахтамишев суднинг қарорини қўлига олиб, ўша вақтда тўрт бош отини сақлаб келаётган Жиззах шаҳридаги “Меъмор О” МЧЖ масъулларига қарорни кўрсатиб, отларини қайтаришни сўрайди. Аммо улар отлар сотилганини айтиб, бошқа бу жойга келмаслигини уқтиришади.
Ҳаш-паш дегунча орадан йил ҳам ўтди. Аммо Тахтамишевнинг сарсонгарчилиги якун топай демайди. Боши қотган Икром туман судининг қарори ижро этилмаётганлигидан норози бўлиб, Жиззах вилоят Маъмурий судига кассация тартибида шикоят аризаси киритади. Вилоят Маъмурий судининг 2018 йил 19 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, туман Маъмурий судининг қарори ўзгаришсиз, кассация шикояти қаноатлантиришсиз қолдирилади. Ва Арнасой туман прокуратурасига И.Тахтамишевнинг тўрт бош оти қайтарилмаётганлик ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш сўралади.
Вилоят Маъмурий судининг кўрсатмасига биноан, И.Тахтамишев Арнасой туман прокуратурасининг эшигини қоқиб боради. Улар мазкур иш билан Ш.Рашидов туман прокуратураси шуғулланишини рўкач қилишади. Шу орада Тахтамишевнинг Жиззах вилоят Халқ қабулхонасига қилган мурожаати юзасидан Жиззах вилоят Ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими томонидан №4/2-Т-68-сонли жавоб хати келади. Унда шундай дейилади: “Сизга тегишли бўлган тўрт бош отни Мажбурий ижро бюроси Ш.Рашидов туман бўлими ходимлари олиб кетганлиги сабабли прокуратура органлари ходимлари бўйича суриштирув ишларини олиб бориш ички ишлар органларининг ваколатига кирмаслигини билдирамиз”.
Шундан сўнг И.Тахтамишев Ш.Рашидов туман Мажбурий ижро бюросига юзланади. МИБ ходимлари эса бу ишга алоқаси йўқлигини, иш юритувига бундай ижро қоғози келмаганлигини билдиришади.
Оёқдан қолган Икром Ш.Рашидов туман прокуратурасидан нажот кутади. Прокуратура ходимлари ўтказган тергов жараёнига жалб қилинган, ўша вақтда И.Тахтамишевнинг отларини сақлаб турган “Меъмор О” МЧЖ масъули қуйидагиларни маълум қилади. МЧЖ масъулининг сўзларига кўра, у фақат Ш.Рашидов туман мажбурий ижро бюроси томонидан аукционга қўйилган 25 бош отни олиб кетган. 4 бош отга эса алоқаси йўқлигини билдирган.
“Қозон” ҳамон ёпиғлиқ қолмоқда…
2021 йилнинг ўрталарида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раҳбарияти Жиззах вилоятида сайёр қабул ўтказади. Ўз дарди билан сайёр қабулга келганлар қатори И.Тахтамишев ҳам отлари билан боғлиқ можарони айтиб, амалий ёрдам сўрайди. Бош прокуратура раҳбарияти И.Тахтамишевнинг ушбу муаммосини ҳал этишни Ш.Рашидов туман прокурорига юклайди. Аммо орадан қарийб яна бир йил ўтса-да, отлардан дарак йўқ.
Биз ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ш.Рашидов туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Мақсуд Сатторов қабулида бўлганимизда ишни қайтадан кўриб, Тахтамишевнинг муаммосини тез орада ҳал қилишини айтди. Нима ҳам дердик, ваъдага Тахтамишев ишонмаса-да, бизнинг ишонгимиз келди.
Хулоса…
Биз юқорида бекорга қонунчиликда белгиланган тартибни келтирмадик. Унда белгиланганидек, экинзорни пайҳон қилган чорва моллари ўша ердаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида сақланиши лозим. Ва, етказилган зарар қопланиб, жарима тўлангач, чорва моллари ўз эгасига қайтарилиши керак. Англаганингиздек, Арнасой туман Ички ишлар бўлими ходимлари қонун доирасидан четга чиқишган. Яъни, жаримаси тўланган отларни бошқа ҳудудга “сургун” қилишган. Бу эса, фуқаронинг сарсон бўлишига, ҳуқуқ-тартибот органларига нисбатан ишончининг йўқолишига сабаб бўлмоқда.
Мавзуга яна қайтамиз…
Ёрбек ИСКАНДАРОВ,
“Инсон ва қонун” мухбири