Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида ёшларга эътибор ва ёшларга оид давлат сиёсати – асосий долзабр масала сифатида кўрилмоқда. Ёшларга оид давлат сиёсати – бу давлатнинг демократик тараққиёт йўлида ривожланишида ёшларни муҳим стратегик куч сифатида тан олиши, замонавий дунёда ёшларнинг эҳтиёжлари, уларнинг мавжуд демократик муҳитга тўғри мослашувига йўналтирилган қонунчилик ва ижро этиш хусусиятининг йиғиндиси ҳамда ўзининг ёшларга нисбатан бошқарув ва ижтимоий функцияларини демократик сиёсий тизим, халқаро ёхуд миллий ҳуқуқ нормалари талаби даражасида тўлиқ бажаришидир. Ёш авлод вакилларининг манфаатини, бошқа кўпчилик қатламлар вакилларининг манфаатига қарши қўймасдан, умуммиллий манфаат билан уйғунлаштириш – ёшлар сиёсатининг асосий вазифасидир. Хусусан, олий таълим муассасаларида таълим олувчи талаба ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммолари ва қийнаётган камчиликларини ўрганиб бартараф қилиш, ўқиш даври давомида уларнинг иқтидорини намоён қилишда ёрдамчи бўлган – Тютор лавозими жорий қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг «Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан олий таълим соҳасида талаба ёшлар билан ишлаш тизимининг янги босқичи йўлга қўйилди. Мазкур қарорга асосан, 2021 йил 1 сентябрдан талабалар билан ишлаш бўйича давлат олий таълим муассасалари талабаларининг маънавий ва ижтимоий ҳолатини доимий равишда таҳлил қилиб борувчи, мавжуд муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам кўрсатувчи тюторларни бириктириш амалиёти йўлга қўйилди. Қарорга кўра, ҳар бир олий таълим муассасасида тегишли академик гуруҳлар билан ишловчи, «Ўқитувчи-стажор» лавозимига тенглаштирилган – тютор лавозими жорий қилинди. Тюторлар фаолияти ўзи фаолият юритаётган олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилган низом билан тартибга солинади. Тюторлар асосан – маънавий-маърифий ва ахлоқий-тарбия бўйича, ўқув ва ўқув-услубий ва илм-фан, инновация соҳасида иш олиб боради. Тюторлар фаолияти давомида маънавий-маърифий ва ахлоқий-тарбия соҳасида талабаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга яратилаётган шароит ва имкониятларни етказиш, илм билан шуғулланиш, яшаш ва дам олишлари учун зарур шароитларни таъминлашга кўмаклашиш, талаба ёшларда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳини шакллантириш, юксак ахлоқий фазилатларни тарғиб қилиш, уларни ватанга муаббат, қонунчилигимизга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат. Ўқув ва ўқув-услубий йўналишда эса, истеъдодли ва иқтидорли талабаларни аниқлаш ва уларни ҳар томонлама камолотга етишини қўллаб-қувватлаш, талабаларнинг университет, республика, халқаро танлов ва олимпиадаларга мунтазам тайёрлаш ва натижали иштирокини таъминлаш, иқтидорли талабаларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номдор давлат стипендияларга тавсия этиш учун уларни мунтазам тайёрлаб боришдан иборат. Илм-фан, инновация йўналишида эса истеъдодли ва иқтидорли талабаларни илмий тўгаракларга жалб этиш, истеъдодли талаба-ёшларга илмий мақолалар ёзишда маслаҳатлар бериш каби вазифаларни бажармоқда. Бир сўз билан айтганда келажагимиз эгалари бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни маънавий камолга етказишда тюторлар муҳим роль ўйнамоқда.
Ихтиёр Абдураззоқов,
Тошкент давлат юридик университети
Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети тютори