Бугун Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Давлат хизматлари маркази биносида Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев ҳамда Ўзбекистон Нотариал палатаси таклифига биноан юртимизга ташриф буюрган Озарбайжон Республикаси Нотариал палатаси раиси Г. Мамедов бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Нотариал палатаси раҳбарияти ҳамроҳлигида марказга ташриф буюрган делегация давлат хизматлари марказида аҳолига хизмат кўрсатишда яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
“Делегация Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзолаш, Ўзбекистоннинг нотариат соҳасидаги илғор амалиётни ўрганиш, “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими фаолияти билан, шу жумладан, нотариал ҳаракатлар билан бевосита боғлиқ бўлган давлат хизматлари кўрсатиш соҳаси билан яқиндан танишишни мақсад қилган”, дейди Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров.