ЯнгиликларЎзбекистон — Финляндия: парламентлараро алоқалар янада ривожланади

Ўзбекистон — Финляндия: парламентлараро алоқалар янада ривожланади

2022 йил 30 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов Финляндия – Марказий Осиё парламентлараро дўстлик гуруҳи раҳбари К. Кильюнен бошчилигидаги Финляндия парламенти делегацияси аъзолари билан учрашди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Финляндия парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Делегация аъзоларига кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, мамлакатимиз парламентининг қонунчилик фаолияти, норма ижодкорлиги, қўмита ва фракциялари иш услублари ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди

Ўз навбатида, К. Кильюнен самимий учрашув учун ўз миннатдорлигини билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон нафақат минтақада, балки жаҳон майдонида сезиларли даражада юксалаётганлигини юқори баҳолади.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Финляндиянинг таълим тизими ҳамда ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, истиқболдаги режалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.

Конструктив руҳда ўтган учрашувда томонлар парламентлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга келишиб олдилар.

К. Кильюнен бошчилигидаги Финляндия парламенти делегацияси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Финляндия Парламенти билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи аъзолари билан ҳам учрашди.

Унда парламентлараро алоқалар икки томонлама муносабатларнинг муҳим таркибий қисми эканлиги таъкидланиб, ушбу йўналишдаги ҳамкорликни изчил давом эттириш ва кенгайтириш ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Мулоқот якунида томонлар икки мамлакатнинг нафақат парламентлараро, балки бошқа соҳа ва йўналишларининг ривожланиши борасида ўзаро фикр алмашинувлари орқали тегишли чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Алоқадор мақолалар

Сўнгги янгиликлар

spot_img